Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:50

Фаоллар Гулнора Каримова ўғирлаган пулни коррупция жабрдийдалари учун ишлатишни талаб қилмоқда


Гулнора Каримованинг иши, тақдири, Европанинг бир қатор мамлакатларида «музлатиб қўйилган» активларига жамоатчилик эътибори сусаймаяпти. Аксинча, вақти-вақти билан ўзининг баёнотлари, қизининг мурожаатлари, шунингдек, унга қарши Ўзбекистон ҳокимият идоралари ва бошқа мамлакатлар судлари қўзғаб, юритаётган ишлардаги янги бурилишлар қизиқишни тобора алангалатмоқда.

Гулнора Каримованинг навбатдаги ижтимоий акцияси ўзбек фуқаролик жамияти фаолларининг ҳам чиқишларига сабаб бўлди.

Уларни нима ташвишга солаяпти¸ дерсиз?

Европанинг бир қанча мамлакатларида «музлатиб қўйилган» ва Ўзбекистон бюджетининг каттагина қисмига билан таққосласа бўладиган (бир миллиард доллардан ортиқ!) миқдордаги ушбу улкан маблағнинг коррупциянинг асосий жабрдийдаси бўлган мамлакат аҳолиси манфаатлари йўлида ишлатиб бўлмаслиги билан боғлиқ хатарнинг юқорилиги.

Моҳиятан олиб қаралса, телекоммуникация компанияларидан юлғичлик йўли билан ундирилган миллиард доллар мамлакатнинг бутун аҳолисидан ўғирланган пулдир ва у айнан шу аҳолига қайтарилиши шарт.

Ўғирланган активларни қайтариш фақат Ўзбекистон учун бошоғриқ бўлаётган муаммо эмас. Бунга ўхшаш, яъни у ёки бу мамлакатнинг авторитар ҳукмдори ёки қариндошлари пора сифатида ва ёки бевосита давлат хазинасидан истаганча пул ўғирлаб, Ғарб банкларида яширишга уринган ҳолатлар кўп бўлган.

Нега улар ўғирланган бойлиги Ғарбга яширмоқчи бўлишади? Нега, дейлик, ўша пулни кўзага солиб, томорқасига кўмиб ташламайди? Сабаби, миллиардларни банкларда сақлашдан кўра ишончлироқ жой йўқ - бу банкларнинг кўп йиллик тарихи, салмоқли обрўси бор. Қолаверса¸ уларнинг Ўзбекистондагилардан фарқли¸ ëпилиб кетиш ëки синиб кетиш эҳтимоли паст. Ўз томорқангда нақд миллиардни яшириш ҳам қийин, ҳам хавфли.

Қизиғи шундаки, аксарият ҳолларда активлар Ўзбекистон, Нигерия, Тунис ва Ҳаити сингари кам ривожланган мамлакатларда ўғирланади, аммо Ғарб мамлакатларида банк депозитлари сифатида ёки кўчмас мулк сотиб олиш йўли билан яширилади. Умуман олганда, бу глобал Жануб билан Шимол ўртасидаги муносабатлар муаммосидир.

Глобал Шимол мамлакатларида активларнинг жиноий йўл билан орттирилгани аниқланиб, хатланиши билан глобал Жануб мамлакатларидан уларни тез орада орқага қайтаришни талаб қилган даъватлар янграй бошлайди. Бироқ иккита асосий сабабга кўра, бу пулни тез қайтариб бўлмайди.

Биринчидан, глобал Жануб мамлакатлари аксариятидан фарқли ўлароқ, ривожланган мамлакатларда қонун устуворлиги амал қилади, маҳаллий ҳокимият идоралари қонунчиликда кўзда тутилган барча талабларга риоя қилиши шарт. Бу инглизчада due process деб аталади. Ушбу ҳокимият идораларининг у ёки бу масала бўйича ўз ихтиёри билан қарорлар қабул қилиши ўта чекланган.

Активларни қайтариш жараёни жуда секин кечишининг иккинчи сабаби уларни хатлаб, ушлаб турган мамлакатлар ўша режимлар ёки ворислари (улар ўтмишдошларидан, масалан, мирзиёевлар каримовлардан деярли фарқ қилмайди) қайтариладиган активларни қайта ўғирлаш хавфи мавжудлигини билгани учун ҳам қайтаришга шошилмайди.

Ўғирланган активларни қайтариш муаммосига ёндашувдаги ушбу туб фарқ активларни ушлаб турган ва уларни қайтаришни талаб қилаётган мамлакатларнинг икки гуруҳи ўртасида жанжал сабабчиси бўлиб турибди.

Айнан шунинг учун активларни қайтариш (asset recovery) мавзуси БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, аниқроғи, Коррупцияга қарши конвенция масалалари бўйича котибият ҳар 2 йилда бир марта ўказадиган умумжаҳон форумларининг бош мавзуларидан бирига айланиб қолди.

2017 йил декабрида Вашингтонда ўғирланган активларни қоплаш бўйича умумжаҳон форуми ўтказилган, унда тегишли принциплар ишлаб чиқилган ва қабул қилинган эди. Улар орасида шаффофлик ва ҳисобдорлик талаби, активларни ўғирлашга кўмаклашган кишилар қўлига улар қайтарилишига йўл қўймаслик, активлар тақдирини ҳал этиш ва улардан фойдаланишни мониторинг қилишда мустақил фуқаролик жамияти иштироки сингари принциплар бор.

Мурожаатни имзолаган фаоллар гуруҳи айнан ўша принципларга амал қилинишига эришишга интилмоқда. Улар Швейцария ҳукумати ҳам ушбу принципларни ишлаб чиқиш ва қабул қилинишида иштирок этганини таъкидламоқда. Фаолларни ҳайрон қолдираётган нарса шуки, негадир жамиятга активларни Ўзбекистонга қайтариш жараёни, ким тергов олиб бораётгани ва уларни қайтариш ҳақида қарор қабул қилаётгани ҳақида айнан Гулнора Каримова хабар бермоқда, ваҳолонки у ушбу тергов бўйича даъвогар ҳисобланади. Каримова хабар қилишича, Швейцария ҳокимият идоралари музокаралар чоғида активларни Ўзбекистондаги таълим ва тиббиёт лойиҳаларига бериш ниятида.

Бир тарафдан, Швейцария ҳокимият идораларининг пулни мамлакат аҳолиси эҳтиёжига ишлатиш учун бериш нияти мақтовга сазовор. Бироқ фаолларда шу билан боғлиқ бир қанча саволлар пайдо бўлмоқда, хусусан: зикр этилган принципларнинг шаффофлик талаб қилишдан бошқа бандларига ҳам риоя қилинаяптими?

Маълумки, ҳозирги ҳукуматдаги баъзи юқори лавозимли шахслар ва Сенатнинг айрим аъзолари ўз вақтида телекоммуникация компанияларидан пора олишда ҳамтовоқ бўлган. Ўша компаниялар вақтида очиқ ва рақобатга асосланган тендерларда қатнашмай туриб, мўмай пора эвазига лицензия ва частоталар олган эди. Ушбу ёпиқлик тизимини Гулнора Каримова эмас, айнан давлатнинг ўша раҳбар шахслари яратган. Ёпиқлик тизими ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда ҳамда у пора ва турли-туман коррупция схемалари учун замин яратади.

Бунга энг янги мисол сифатида «Shodlik Palace” меҳмонхона мажмуасини олди-сотди келишувидан бир ой олдин давлат рўйхатидан ўтган фирмага бериш масаласи ҳақида ими-жимида қарор қабул қилинганини келтириш мумкин. Ушбу келишувдан бинонинг бир қисмини эгаллаб турган ва паттаси қўлига тутқазилган машҳур “Илҳом” театри жабр кўрди.

Фаоллар Швейцария ҳокимият идоралари мусодара қилинган 131 миллион долларни қандай қилиб гуманитар лойиҳаларга бермоқчи экани, ким ўша лойиҳаларни амалга ошириши, пудратчилар ким бўлиши, суиистеъмоллик ҳолатларига йўл қўймаслик ва ушбу лойиҳалар амалга оширилишини қай тарзда мустақил мониторинг қилиш ҳақида саволлар бермоқда. Саволларга қониқарли жавоб йўқ ва Ўзбекистонда ҳукм сураётган ҳозирги ҳолатда бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки ҳокимият Каримовдан сўнг коррупцияга қарши кураш механизмларини ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида ҳеч қандай олға силжишга эришгани йўқ, мамлакатда шу пайтгача давлатдан мустақил бўлган учинчи – нодавлат сектори шаклланмади. Бундай саволларга жавоб йўқлиги сабабли Швейцария ҳокимият идоралари ҳозирча жим туришни маъқул кўрмоқда ҳамда билвосита Гулнора Каримованинг “сайраши”га имкон бермоқда

Швейцарияда активларни қайтаришни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинганини адолат нуқтаи назаридан қайд этиш жоиз. Ушбу мавзуда яқинда тайёрлаган ҳисоботида швейцариялик ҳуқуқшунослар Франсуа Мембрез ва Мэтью Хосли қайд этганидек, гарчи мукаммал бўлмаса-да, бундай қонунлар мавжуд.

Масалан, Европра Иттифоқида (ЕИ) ўғирланган активларни қайтариш жараёнини тартибга соладиган ҳеч қандай ҳужжат қабул қилингани йўқ. Бунақа қонунларни ЕИга аъзо мамлакатлар ҳам ишлаб чиққан эмас. Айнан шунинг учун Гулнора Каримованинг юз миллионлаб долларлик пули “музлатиб қўйилган” Ирландия, Бельгия, Люксембург ва Буюк Британия сингари мамлакатлар ҳукуматлари ҳалига қадар ўша активларни нима қилишга ҳайрон, ҳамма ниманидир кутиб ўтирибди. Гулнора Каримованинг қўчмас мулки мусодара қилинган Франциядаги аҳвол бундан ҳам бешбаттар. Франция ҳокимият идоралари ушбу кўчмас мулкни сотишдан тушган пулни, фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашиб ҳам ўтирмай, бевосита Ўзбекистон ҳукуматига етказиб беришга шошилди. Швейцариядаги сингари уни гуманитар лойиҳаларга сарфлаш ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ. Расмий Парижнинг ушбу қарорини ўғирланган нарсани уни ўғирлаган ўғрининг ўзига тутқазишга тенглаштириш мумкин.

Глобал Шимол билан Жануб ўртасидаги ўзаро муносабатлар масаласига қайтиб шуни кўряпмизки, глобал Шимолнинг айрим вакиллари ўзини тегишли тартибда тутмаслиги оқибатида ўғирланган активларни олиб чиқиб кетилган мамлакатларга ислоҳотларни рағбатлантириш мақсадида қайтариш имконияти бой берилмоқда, ваҳолонки, бу уларда мавжуд бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиши мумкин эди. Ахир, қонун устуворлиги билан коррупцияга қарши механизмлари ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги муваффақиятининг энг асосий омилларидан ҳисобланади. Учинчи дунё мамлакатларидаги бундай ислоҳотларни рағбатлантириш имкониятини бой беришни постколониализм аломати сифатида таснифлаш мумкин, унинг моҳияти қуйидаги сўзларда ўз аксини топган:

Биз фақат юртимизда қонун устуворлигини ўрнатиб, ўз тараққиётимизни кўзладик. Сизларга эса бундай имконият бериш ва қонун устуворлигини ўрнатиш билан тараққиётга эришиш ўрнига фақат пул бериб қўя қоламиз. Ўша пул яна ўғирланиши ва яна банкларимиздан паноҳ топишининг аҳамияти йўқ. Биз уни ҳам сизга қайтарамиз ёки ўз эҳтиёжларимиз учун ишлатиб юборамиз”.

Афсуски, бу тўхтовсиз давом этаверади.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG