Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Постсовет қамоқхоналар тизими "ГУЛАГнинг ёвуз анъаналарини мерос қилиб олган"


Gulagu.net лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин.
Gulagu.net лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин.

Россиядаги Gulagu.net ҳуқуқбонлик лойиҳаси Красноярск вилоятидаги 1-сонли сил касалликлари шифохонаси “пресс-хата”сида (маҳкумлар қийноққа солинадиган махсус жой) олинган янги кадрларни эълон қилди. Бу Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ҳамда Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) махфий архивларидан чиққан биринчи ёзувлардир.

Россия қамоқхоналаридаги қийноқлар акс этган видеоларни эълон қилаётган Gulagu.net лойиҳаси муаллифи Владимир Осечкин Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида маҳкумларни қийнаш амалиёти барча постсовет мамлакатларда мавжудлигини айтади.

Озодлик: Айтинг-чи, Россиянинг барча минтақаларидаги қамоқхоналар бўйича маълумот тўплаганмисиз? ФЖИЭХ тизимида қийноқлар кўп учрайдими?

Владимир Осечкин: Айни пайтда ихтиёримизда Сергей Савельев (собиқ маҳкум, қамоқхонадаги видеорегистраторлар тасвирларини ўғирлаб, Gulagu.net фондига топширган, ҳозир Францияда яшамоқда – таҳр.) берган видеоархив мавжуд. Бу Саратов ва яна бир неча минтақадаги қамоқхоналарга оид тасвирлардир. Яна бир видеоархивни биз ФЖИЭХ Красноярск ўлкаси бош бошқармаси ходимидан олдик, у бизга Красноярскдаги жазони ижро этиш муассасаларидаги ҳақиқий аҳволни кўрсатди. Булар бари қийноқхоналар. Ўша ходим ёрдами билан Россиянинг 15 дан ортиқ минтақасидаги қамоқхоналар видеокузатув камералари тасвирларини онлайн режимда кузатдик. Шунингдек, Омск колонияларидаги карантин отрядида маҳкумлар қандай хўрланишини кўрдик.

Уларни эрталаб 6 дан кечаси соат 23 гача тумбочка устида қимирламай ўтиришга мажбур қилишар экан. Орада овқатланиб олиш учун 15 дақиқа танаффус берилади холос. Маҳкумларнинг бир-бири билан гаплашишга ҳақи йўқ. Бир неча ҳафталаб шу зайлда таҳқирлашади. Омск ва Владимир вилоятларидаги қатор колонияларда маҳкумлар шанба ва якшанба кунлари ҳам уч сменадан ишлатилади. Gulagu.net 11 йилдан бери фаолият юритмоқда. Биз коррупция ва қийноқларга қарши ташкилотмиз. Лойиҳамиз моҳиятан қийноқлар билан ростакам кураш олиб бораётган инсонларнинг кўнгилли бирлашмасидир. Бизнинг архивимизда Россиянинг деярли барча минтақаларига доир маълумотлар бор.

Озодлик: Октябрда видеоларни эълон қилганингиздан сўнг Россия Тергов қўмитаси жинсий зўравонлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича 12 та жиноят иши қўзғатди. Кейинроқ эса президент Путин ФЖИЭХ бошлиғи Александр Калашниковни истеъфога чиқарди. Буни “биз интилган натижа ва мақсад”, дея оласизми?

Владимир Осечкин: Россия қамоқхоналарида маҳкумлар қийноққа солинишини билардик. Аммо Сергей Савельев олиб чиққан архивини бизга бергунича қийноқлар бу қадар кенг кўламда, тизимли йўлга қўйилганини тасаввур ҳам этмагандик. Воқеа бутун дунёга овоза бўлган, машҳур ОАВларда лавҳалар, мақола ва суриштирувлар чиққан, айрим телеширкатлар ҳужжатли фильмлар суратга олаётган экан ва ушбу манзарада ФХХдан ФЖИЭХга “командировка” қилинган генерал Калашников курсисидан учиб кетган экан – ҳа, бизнинг тилакларимиз, муродимиз ҳосил бўла бошлади. Аммо буни ғалаба деб бўлмайди. Ғалаба қозониш ва қаҳрамон бўлиш имкониятини бой бердик: 8-9 йил муқаддам бу қийноқ конвейерини тўхтатишга фаросатимиз ҳам, кучимиз ҳам етмаган. Ва ўтган мана шу йилларда минглаб одамлар қийноқларга гирифтор бўлди, жинсий таҳқирланишга чидай олмаган қанчаси бошини сиртмоққа солди...

Умид қиламанки, халқаро тергов ва трибунал хавфи қийноқ машиналарини тўхташга мажбур этажак.

Озодлик: Видеоларда маҳкумларни калтаклаш, таҳқирлаш ва жинсий зўрлаш ҳақида гапиришади. Хўрлашнинг бу турлари Россия қамоқхоналарида қанчалик кенг ёйилган?

Владимир Осечкин: Ўйлайманки, бу нафақат Россия, балки бутун постсовет маконга хос воқелик. Собиқ СССР таркибида бўлган аксар мамлакатларнинг пенитенциар қамоқхоналар тизими ГУЛАГнинг қора анъаналарини мерос қилиб олган. Ҳанузгача ҳамма жойда – энг юқорисида криминал раҳнамолар, “смотряший” ва “положенец”лар ўтирган иерархия сақланмоқда. Маҳкумлар қатъий табақалашган.

Озодлик: Маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан 10 йилдан буён шуғулланасиз. Айтинг-чи, уларни қандай ҳимоя қилиш мумкин? Муаммонинг ечими борми?

Владимир Осечкин: Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, вазиятга унинг жамоатчиликка ошкор бўлиши, маҳкумларнинг матонати, халқаро ҳуқуқбонлар ва журналистлар назоратигина жиддий таъсир этиши мумкин. Лекин аввало маҳкумларнинг ўзлари кураша олишлари керак. Агар маҳкум ўз ҳуқуқларини талаб қилса ва тоталитар давлат анъаналари меросхўри бўлмиш жазолаш тизимига қарши тура олса, ҳуқуқбонлар ва журналистлар унга албатта ёрдам беради.

XS
SM
MD
LG