Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:53

"Овозингизни ўғирлашди". Грузияда сайлов натижасидан норозилар кўчага чиқди


Грузия, сайлов, намойишлар.
Грузия, сайлов, намойишлар.

28 октябрь куни президент Саломе Зурабишвили мамлакат ҳукмрон партиясини парламент сайловларида русча тактикадан фойдаланишда айблагани ортидан ўн минглаб грузинлар кўчага чиқди.

Намойишчилар Тбилисининг марказий қисмидаги парламент биноси олдида овоз беришдаги қоидабузарликлар айтилгани сабабли тўпланишди. Кузатувчилар сайлов натижаларини ҳукмрон партия фойдасига ўзгартирган кенг кўламли фирибгарлик схемасини аниқлаганликларини даъво қилмоқда.

26 октябрдаги сайловлар расмий натижаларига кўра, ҳукмрон Грузия орзуси партияси 54 фоиздан ортиқ овоз олган, бу унга ҳукумат назоратини сақлаб қолиш учун етарли.

"Сиз сайловда ютқазмагансиз, - деди Зурабишвили намойишчиларга. - Улар сизнинг овозингни ўғирлашди, сизнинг келажагингизни ўғирлашга уриндилар, лекин бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, сиз ҳам бунга йўл қўймайсиз!

Зурабишвили сайловчиларга: "Сиз ютқазмадингиз, сизнинг овозингизни ўғирлашди!"
Зурабишвили сайловчиларга: "Сиз ютқазмадингиз, сизнинг овозингизни ўғирлашди!"

У Грузиянинг Европага юзланишини ҳимоя қилишга ваъда берди.

"Бизда муқобил йўл йўқ ва кейинги авлодлар учун бу мамлакатни тарк этишни хоҳламаймиз," деди у.

Зурабишвили 27 октябрь куни намойишларга чақирар экан, расмий натижа "Россиянинг махсус операцияси - халқимизга, мамлакатимизга қарши ўтказилган гибрид урушнинг янги шаклларидан бири"дан далолат беришини айтди.

Зурабишвили 28 октябрь куни Reuters агентлигига берган интервьюсида ўз гапларини изоҳлаб, Россияни овозларни сохталаштиришда тўғридан-тўғри айбламаётганини айтган. Аксинча, Зурабишвилининг таъкидлашича, у "фирибгарликнинг кўплаб шаклларидан" фойдаланишнинг "жуда мураккаб" усуллари Россия Федерал хавфсизлик хизмати қўллайдиган тактикаларга ўхшайди.

Унинг таъкидлашича, Грузия орзуси партияси Москва билан аниқ алоқаларга эга, Россия сайлов натижаларини қўллаб-қувватлаётгани ва ҳукуматнинг Россиянинг "чет эл агентлари тўғрисида"ги қонунига ўхшаш "Чет эл таъсири" қонунини қабул қилиши бунинг тасдиғидир.

Бу қонун Вашингтон ва Брюссел томонидан қаттиқ танқид қилинди. 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари Грузиянинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлидаги демократик ишончи синови сифатида кўрилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти 28 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари сайлов кузатувчиларининг сайлов билан боғлиқ қоидабузарликларни тўлиқ текширишга чорловига қўшилганини маълум қилди.

Тбилисида норозилар тунни Грузия парламенти биноси ёнида ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:20 0:00

Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер ҳам Грузия ҳукуматининг йўналиши ўзгармаса, муайян оқибатлари бўлишига ишора қилди.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Грузия орзуси партиясини қўллаб-қувватлаш учун Тбилисига келди.

Бош вазир Иракли Кобахидзе мухолифатни мамлакатдаги "конституциявий тузумни ларзага солишга" уринишда ва мағлубиятни қабул қилишдан бош тортишда айблади. У "Ташқи таъсир" қонунига ишора қилиб, мухолифатни ғарбпараст ННТлар ортида туришда айблади.

Аммо Кобахидзе унинг ҳукумати сайлов мамлакатнинг Ғарб билан муносабатларига зарар етказиб, Москвага бурилишини кўрсатиши мумкинлигидан хавотирларга қарамай, Европа интеграциясига содиқ эканлигини билдирган.

28 октябрь куни "Озодлик" радиоси билан суҳбатлашган одамлар кескин вазиятдан хавотирда эканликларини айтишди.

- Мен жуда қўрқяпман. Сиёсий кескинлик кучайиб бораётгани яққол кўриниб турибди," - деди Кетеван Кипиани. - Яқинда содир бўлган воқеаларни ҳисобга олсак, ҳар нарсани кутиш мумкин. Гап шундаки, ҳеч қайси томон ортга чекинмаяпти. Менимча, фуқаролар ўртасида жанжал чиқмайди.

Нино Гурешидзе "Озодлик" радиосига берган интервьюсида вазият умидсизлик ҳиссини уйғотганини айтди.

"Аммо мен халқаро ҳамкорларимиз ва грузиялик сиёсатчиларнинг оқилона қарорлари ёрдамида биз бу инқироздан чиқиб кетишимиз мумкинлигига ҳали ҳам ишонаман. Бироқ, салбий оқибатлар ҳам бўлиши мумкин," - деди Гурешидзе нотинчлик ва можаролар эҳтимолига ишора қилиб.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), Европа Кенгаши, Европа парламенти ва НАТОнинг қўшма кузатувчилар миссияси маълумотларига кўра, сайловлар "нотекис ўйин майдони, босим ва кескинлик" билан ўтди.

Сайлов кузатувчилари, шунингдек, овоз сотиб олиш, бир неча марта овоз бериш, жисмоний зўравонлик ва қўрқитиш каби қайд этилган ҳолатларни қаттиқ қоралади.

"My Voice" номи билан танилган мониторинг ташкилотлари коалицияси 28 октябрь куни ўтказилган брифингда, сайлов куни 1131 та сайлов участкасидаги кузатувчилари 900 дан ортиқ қоида бузиш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шундай деди: "Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар сайлов умуман олганда яхши ўтказилганини таъкидласалар-да, биз тартибсизликлар ва айрим зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларни эътиборга оламиз."

У яна қўшимча қилди: "Халқаро кузатувчилар сайлов натижасини эркин ва адолатли деб эълон қилишмади."

Грузия мухолифати ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

Сайлов натижалари эълон қилина бошлагач, мухолифат аъзолари расмий натижалар билан ўз кутилмалари ўртасидаги тафовутни пайқашди. Расмий натижалар "Грузин орзуси" партияси мухолифат башорат қилганидан анча яхшироқ натижа кўрсатганини акс эттирди.

Грузияни қутқариш учун бирдамлик коалициясига етакчилик қилаётган Бирлашган миллий ҳаракат раиси Тина Бокучава шундай деди: "Биз ушбу ўғирланган сайлов натижасини ҳеч қачон тан олмаймиз."

Форум

XS
SM
MD
LG