Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:59

"Газли" бошқарувчилари "вазиятни аниқлаштирди": Бахтиёр Фозилов - асосий бенефициар


Озодлик суриштирувини тилга олмасдан уни "асоссиз ва туҳмат" деб иддао қилган расмий баëнот аслида суриштирувга асос бўлган махфий маълумот - "Газли" газ омбори Путин олигархларининг Ўзбекистондаги эмиссари сифатида кўрилган Бахтиëр Фозиловга ўтганини расман тасдиқлаб берди.
Озодлик суриштирувини тилга олмасдан уни "асоссиз ва туҳмат" деб иддао қилган расмий баëнот аслида суриштирувга асос бўлган махфий маълумот - "Газли" газ омбори Путин олигархларининг Ўзбекистондаги эмиссари сифатида кўрилган Бахтиëр Фозиловга ўтганини расман тасдиқлаб берди.

8 март куни Gazli Gas Storage компанияси расмий сайтининг “Компания ҳақида” деган саҳифасида баëнот эълон қилинди.

Баëнот русумдагидек Gazli Gas Storage МЧЖ матбуот хизмати эмас¸ балки унинг уч бошқарувчиси - бош директор Жабриев Отабек Акбаралиевич¸ Бош директор биринчи ўринбосари Саидазимов Махаматходжа Хабибуллаевич ва Бош директорнинг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Братухина Ирина Анатольевна номидан ëзилган.

Бу учала бошқарувчи ëзилганининг аниқ санаси кўрсатилмаган ( (март 2024 й.) баëнот “Gazli Gas Storage” МЧЖ нинг таҳмин қилинган мавҳум иштирокчилари ҳақида ОАВ да асоссиз ва туҳмат маъносидаги чиқишларга жавобан” эълон қилинганини билдирган.

Ўз баëнотининг “вазиятни аниқлаштириш мақсадида” чиқарилганини таъкидлаган компания бошқарувчилари унинг “Газли” Путиннинг бир қўлидан иккинчисига ўтди” деб номланган Озодлик суриштирувига жавоб эканини очиқ ëзмаган.

Биринчи жумлада номи келтирилмаган ОАВни “асоссиз ва туҳмат”да айблаган баëнот муаллифлари¸ суриштирувдаги айнан қайси маълумотнинг асоссиз ëки туҳмат эканига ҳам тўхталмаган.

Бунинг ўрнига расмий баёнот Озодлик суриштирувига асос бўлган янги маълумот - Ўзбекистон газ транспорт тизими юрагининг Бахтиëр Фозиловга ўтганини мутлақ тасдиқлаб берган.

“2023 йил октябрь ойида корпоратив реструктуризация натижасида ташкилотнинг илгари Россиянинг “Форус” АЖ га тегишли бўлган улуши Гонконгда рўйхатдан ўтган Daxon Holdings Limited компаниясига ўтди. Бахтиёр Фазылов реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам асосий бенефициар сифатида қолмоқда.”

Расмий баëнотдаги бу жумла Озодликнинг нафақат сўнгги¸ балки олдинги суриштирувларида ҳам фош қилинган схема – Бахтиëр Фозилов ва унинг Путинга яқин олигарх шериклари Ўзбекистон энергетика секторини сохта шахсларга расмийлаштирилган компаниялар орқали қўлга олганини расман тасдиқлади.

2018 йил октябрида – Путиннинг Ўзбекистонга сафари олдида тузилган Gazli Gas Storage МЧЖ акцияларининг 60 фоизи Россиянинг "Форус"¸ қолган 40 фоизи давлатга қарашли "Ўзтрансгаз" АЖга тегишли эди.

2018 йилдан 2021 йилга қадар "Форус"нинг яккаю ягона таъсисчиси Аида Чачхалия бўлган.

Чачхалия Озодликнинг олдинги суриштирувида очиқлангани каби Путиннинг яқин дўсти ва "чўнтаги" деб таърифланган Геннадий Тимченкога адвокатлик қилиб келаëтган "Иванян и Партнеры" конторасида котиба бўлиб ишлайди. Чачхалия "Форус"дан аввал Тимченконинг виночиликка ихтисослашган узумзорларига ҳам қоғозда эгалик қилиб келган.

Агар, баёнотда таъкидланганидек, “Бахтиёр Фазылов реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам Gazli Gas Storage МЧЖнинг асосий бенефициари” бўлган бўлса¸ нега бу МЧЖ таъсис қилинган 2018-2021 йилларда унинг ягона таъсисчиси Санкт- Петербургдаги адвокатлик конторасидаги котиба Аида Чачхалия бўлган?

Нега у Озодлик суриштируви эълон қилингунга қадар ўзининг Gazli Gas Storage МЧЖнинг асосий бенефициари эканини сохта таъсисчи ва қобиқ компаниялар ортига яшириб келди?

Расмий баëнотда бу каби саволларга жавоб йўқ.

Gazli Gas Storage МЧЖнинг бир эмас¸ учта бошқарувчиси номи келтирилган баëнотдаги навбатдаги иддао “Gazli Gas Storage” МЧЖ санкциялар остида бўлган шахсларга ҳеч қачон тегишли бўлмаган”идир.

Озодлик ва "Досье" журналистик суриштирувларида Gazli Gas Storage МЧЖнинг 2014 йилдан бери Ғарб ва ЕИ санкциялари рўйхатида қолаëтган Геннадий Тимченко¸ қолаверса¸ Украина томонидан қора рўйхатга қўшилган Иван Егоровга қандай қилиб боғланиши корпоратив ҳужжатларга таянган ҳолда келтирилган.

Хусусан¸ суриштирувларда Gazli Gas Storage МЧЖдаги пул ҳаракатининг бевосита Тимченко компанияларига бориб тақалиши айтилган.

Жамоатчиликни Gazli Gas Storage МЧЖнинг санкция қилинган Тимченко¸ қолаверса Егоровга алоқаси йўқлигига ишонтиришнинг энг оддий йўли – компания молиявий ҳисоботларини очиқлаш¸ пулнинг қайдан келиб¸ қайга кетаëтганини кўрсатишдир.

Зотан¸ газ транспорт тизими юраги саналган "Газли" газ омбори ва унга туташ тизимларнинг мамлакат энергетик ҳаëтидаги ўта муҳим стратегик аҳамиятидан келиб чиқилса¸ Ўзбекистон жамоатчилиги бундай маълумотни билишга ҳақли.

Ўзбекистон конституциясининг 68-моддасига кўра:

“Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”.

Шунга кўра¸ Газли ер остида газ сақлаш омбори ва унга туташ газ конлари Ўзбекистон халқига оид “умумиллий бойликдир”.

Gazli Gas Storage МЧЖ бошқаруви номидан ëзилган баëнотда Озодлик суриштирувида келтирилган яна бир муҳим жиҳат ҳам тасдиқлаб берилган.

Бу Путин ва унинг олигархлари "Газли" газ омборини аввал- бошдан туркман газини Хитойга ре-экспорт қилиш учун қўлга олгани ва бу омбор айнан Россиянинг Хитойга йўналтирилган энергетик лойиҳаларида муҳим ўрин тутиши ҳақидаги маълумотдир.

“Гонконгга релокация бўлиш тўғрисидаги қарор Хитой компаниялари билан катта ҳажмдаги бизнес алоқалари ўрнатилгани туфайли қабул қилинди. Гонконгда қонуний рўйхатдан ўтиш ҳисоб-китобларни ва қўшимча молиялаштиришни жалб қилишни, бизнесни янада ривожлантириш учун ускуналар сотиб олишни осонлаштиради”¸ дейилади баëнотда.

Gazli Gas Storage МЧЖ Хитойнинг қайси компаниялари билан “қандай катта ҳажмдаги бизнес алоқалари” ўрнатди¸ бундан Ўзбекистон энергетик секторига қандай манфаат келмоқда - баëнотда бу ҳақда лом-мим дейилмайди.

Ва ниҳоят¸ уч бошқарувчи чиқарган баëнотдаги яна бир иддао.

Gazli Gas Storage МЧЖ бош таъсисчисининг Россиядаги "Форус"дан Гонгконгдаги Daxon Holdings Limitedга ўтказилгани¸ баëнотга кўра¸ “бошқарув шаклини соддалаштиради ва уни халқаро инвесторлар ва контрагентлар учун янада шаффоф ва мақбул қилади”.

Бу “қайта ташкил қилиш” Gazli Gas Storage МЧЖ бошқарувини қанчалик шаффоф қилганини ўзбек матбуотининг бу ўзгариш ҳақида ëзган мақолаларидан ҳам тушунса бўлади.

“Ўзбекистондаги энг йирик газ омборининг мажоритар ҳуқуққа эга таъсисчиси қачон ўзгаргани, Россия компанияси ўз улушини қай тарзда бегоналаштиргани ва бу қарорини “Ўзтрансгаз” билан келишгани ёки йўқлиги маълум эмас. Бу ўзгариш ҳақида ҳозиргача расман хабар берилмаган.

Daxon ҳолдинги ҳақида интернетда маълумот жуда кам. Хусусан, унинг энергетика лойиҳаларидаги иштироки ва тажрибаси бор-йўқлиги маълум эмас. Компания 2019 йил 23 июлда Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган”, деб ëзди бу “шаффофлик ва мақбулликка” элтиши иддао қилинган ўзгариш ҳақида Ўзбекистоннинг энг йирик нашрларидан бўлган Кун.уз.

60 фоиз назорат пакетига (40 фоизи «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзтрансгаз»га тегишли) эгалик қилган «Форус» ўз улушини Гонконгнинг Daxon Holdings Limited компаниясига топширди, бироқ 2019 йил июль ойида рўйхатдан ўтган бу компания ҳақида интернетда деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Хусусан, компаниянинг профили, таъсисчилари ва нефть-газ соҳасидаги тажрибаси бўйича маълумот мавжуд эмас. Шу каби номларга эга бўлган компанияларни Кипр ва Буюк Британиядан ҳам топиш мумкин”¸ деб ëзди Ўзбекистоннинг яна бир етакчи нашри - Газета.уз.

Gazli Gas Storage МЧЖ менежерлари “ўз бошқарувини шаффоф ва содда қилиш”га қаратилган қайта ташкил қилиш нега айнан асл бенефициарларни яширишга имкон берувчи Гонгконгдаги қобиқ ширкатлар воситасида амалга оширилганига изоҳ бермаган.

Озодлик 5 март кунги суриштирув эълон қилинишидан бир неча кун олдин Бахтиëр Фозилов¸ Геннадий Тимченко ва Ўзтрансгаз АЖ матбуот хизматига унда келтирилган маълумотлар юзасидан расмий изоҳ беришни сўраб мурожаат қилган эди.

Аммо бу сўровларнинг бирортасига ҳозирга қадар бевосита жавоб берилгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG