Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Вазирлар Маҳкамаси баённомасидаги 18-банд қаерга йўқолди?


Буғдой етиштириш учун олинадиган имтиёзли кредит олишда фермерлар муаммоларга удч келмоқда.
Буғдой етиштириш учун олинадиган имтиёзли кредит олишда фермерлар муаммоларга удч келмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг 1 август куни ўтказган йиғилиши 189-баённомасининг 18-бандида фермерлар анча вақтдан бери кутган янгиликни кўрди.

Бу бандга биноан энди фермерлар ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун кредитни банклардан тўғридан-тўғри ўзлари олишлари мумкин бўлган эди.

Фермерлар "дўппини осмонга отди" ва ниҳоят ўртадаги кластер деган воситачи йўқ бўлишидан, ғалла парваришини бемалол ўзлари мустақил молиялаштира олишидан хурсанд бўлдилар.

Аммо бу хурсандлик узоққа чўзилмади. Айнан ўша йиғилишнинг янги баённомаси эълон қилинди ва унда 18-бандда ёзилган битиклар ўз-ўзидан йўқолиб қолди.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳаитов Озодликнинг бу борадаги саволига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислик қилган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида унинг ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров, Шуҳрат Ғаниев ва президент Администрацияси шўъба мудири Ш.Исмоилов ҳам қатнашган.

Йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотлари узлуксизлигини ва нархлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.

Йиғилишда фермерларни қизиқтирган масала, уларнинг ғалла парвариши учун оладиган кредитлари ўртада воситачисиз, тўғридан-тўғри ўзлари банклардан олиши мумкинлиги ҳақида эди.

Йиғилиш баённомасининг 18-бандида фермерларни қийнаб келаётган муаммо ечими берилди:

“18. Молия вазирлиги (Ишметов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Тешаев), Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Исроилов), Марказий банк (Ҳамраев) 2023 йил ҳосилидан бошлаб, ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб қувватлаш жамгармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига йўналтирилсин”.

Ўзбекистондаги фермерларининг қарийб 30 мингга яқин аъзоси бўлган Телеграм каналида бу хабар хурсандлик билан кутиб олинди.

Фермерлар ва ниҳоят ўртадаги воситачидан қутулиб, ўзлари маблағларини эркин тасарруф этиш имкони бўлгани ҳақида ёздилар.

Аммо орадан бир ҳафта ўтганидан сўнг ўша мажлис баённомасининг бошқа варианти чиқарилди. Бу янги баённомада айнан 18- банддаги сўзлар бутунлай ўчирилиб, унинг ўрнига мана бу ёзув пайдо бўлди:

Баённома нусхалари.
Баённома нусхалари.

“18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Тешаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Хаитов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда 2023 йил ҳосили учун 2022 йилнинг авryст-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш ишлари ташкил этсин”.

Хоразмлик фермер Неъмат Ишчановнинг айтишича, фермерга берилган эркинлик яна олиб қўйилди:

“Бу янгилик ҳақиқий эркинлик эди, лекин бўлмади. Энг ёмони, кластер ғалла етиштиришга бериладиган пулни шундай олиб берса ҳам гап йўқ эди, лекин у пулни ўзларига олиб минерал ўғит ва ёнилғини қиммат нархда фермерга беради. Фермерда арзон ресурс қидириш имкони қолмади. У кластерга ипсиз боғлаб қўйилган. Кластер айтган нархда сотиб олишга мажбур, танлов йўқ. Биз илгари ҳам ўртада воситачи нимага керак, деб талаб қилган эдик. Шу 18-модда билан масала ҳал бўлган эди. Лекин нима сабабдан олиб ташлангани бизга номаълум бўлиб қолди”.

Ишчановнинг айтишича, улар фермерларнинг Телеграм канали орқали бунинг сабабини сўраб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фермерлар кенгашига мурожаат қилишган, аммо улардан жавоб бўлмаган.

Исми сир қолишини сўраган андижонлик фермернинг айтишича, 18-банднинг ўзгартирилиши заминида кластерлар ва улар ҳомийларининг моддий манфаати ётади:

“Бу билан фермерларнинг имтиёзли кредит олиш тартибида айрим идоралар, айрим табақаларнинг манфаатларини яширишяпти. Мана пахта мисолида оладиган бўлсак, 2021 йилда пахтанинг имтиёзли кредити фермерларнинг ўзларига берилган эди. 2022 йилда уни кластер орқали қилиб қўйди. Кластерлар эса буни суиистеъмол қилиб, пулни белига боғлаб олди. Фермер оёғига йиқилиб илтимос қилса, ялинса, кластер шартларига кўнса бериб қолган пайтда бермасдан турли хил ҳунар кўрсатишди. Фермер яна баттар кластерга қарам бўлди.”

Фермернинг айтишича, уларнинг норозилиги ошиб борса-да, лекин раҳбарлар бунга муносабат билдирмади:

“Мана шу 18-банд ўзгартирилганига Телеграм каналида юзлаб фермер норозилик билдирди. Раҳбарларнинг ҳаммасини бундан хабари бор, лекин миқ этган жавоб бўлмади. Энди гапнинг индаллосини айтсам, буларнинг ҳаммасини бошида Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев турибди. Шу бандни ҳам ўша ўзгартирган бўлиши табиий. Бу инсон қишлоқ хўжалигини умуман тушунмайди, буйруқбозлик, мажбурлаш унинг иш услуби. Кўплаб норозиликларнинг келиб чиқишига ана шу одам сабаб бўляпти. Бу ишнинг ортида қинғир ният бор, катта коррупция бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас”.

Фермерларнинг Телеграм каналларида бу масала қизғин муҳокама қилинмоқда. Айрим фермерларнинг ёзишича, 18-модда Бош вазирнинг кўзини шамғалат қилиб ўзгартириб қўйилган бўлиши ҳам мумкин:

Фермерлар телеграм канали.
Фермерлар телеграм канали.

“Агар ҳақиқатда Бош вазир қўл қўйганидан кейин 6-7 бетлари ўзгартирилган бўлса, ўзгартирган одам Бош вазирга, ҳукуматга хиёнат қилган бўлади”.

“Фермерлар фойдаси учун ёзилган 18-банди бекор бўлган. Бир дуо билан, куф-суф қилишиб. Юқорида валломатлар эмас, валийлар ўтиришибди”.

“18 -банди жуда тош босадиган экан...121 Чи Карорни 1.15% га ухшаб...Яна техник "хато" дейишса... Карорларини тайерлайдиганларни компетентлиги хам ....билмадим Нима дейиш мумкин. 20 август.22 августда..шу каби "техник хатоларни"..купайиб бораетгани Президентга етказиш мумкиндур...еки йукми?Бу Республика Кенгаши м'асул ходимларига хавола.. Менимча Чорихон ака..хабардорлар..вазиятдан". (ёзишмалар орфографияси сақлаб қолинди - таҳр.)

Фермерлар телеграм канали.
Фермерлар телеграм канали.

Озодлик Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, сенатор Актам Ҳаитов билан бир неча марта боғланди. Аммо сенатор гоҳ мажлисдаман, гоҳ йўлдаман деб, саволдан ўзини олиб қочди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Резида Эрдман, саволни ёзма равишда йўллашимизни ва беш кун ичида жавоб беришларини айтди. Вазирликка савол ёзма ҳам юборилди.

Форум

XS
SM
MD
LG