Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:41

Хорижда яшашга мажбур бўлган олигарх Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилди


10 июлда Ўзбекистон Бош прокуратураси йирик тадбиркор ва меценат Ғафур Раҳимовни қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, Халқаро бокс ассосиацияси (IBA ) вақтинчалик президенти Ғафур Раҳимовга нисбатан беш йил муқаддам эҳтиёт чораси сифатида белгиланган қамоқ ҳам бекор қилинди.

66 яшар тадбиркор Ўзбекистонни 2010 йилда тарк этганидан буён¸ асосан Дубайда истиқомат қилиб келади.

Эҳтиёт чораси

Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Р. Муҳаммаджонов имзолаган қарор нусхаси 11 июль куни Озодликка бу жараëнга бевосита алоқадор шахс томонидан йўлланди.

Бу ҳужжатнинг ҳақиқийлигини 12 июль куни ҳуқуқ тартибот идораларида ишловчи расмийлар тасдиқлади.

2013 йилнинг 6 февралида Ғафур Раҳимовга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165 (товламачилик), 243 (жиноий фаолиятда олинган даромадларни легаллаштириш) ва 228 (ҳужжатларни қалбакилаштириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этиш айбловлари қўйилган эди.

Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Р. Муҳаммаджонов имзолаган қарордан маълум бўлишича, ўшанда Ғафур Раҳимовнинг "қаердалиги ноаниқ бўлгани сабабли унга сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган".

10 июлги янги қарорда жумладан шундай дейилади:

"Ҳозирги вақтда айбланувчи Г.А. Раҳимовнинг қаердалигини маълум бўлгани, унинг доимий яшаш жойи ва иш жойи бор бўлгани, Осиё Олимпия кенгашининг вице-президенти ва Халқаро ҳаваскор бокс федерациясининг вақтинчалик президенти сифатида фаолият юратаётгани, оилали, аввал судланмаган бўлгани, тергов ва суддан яширинишини кўрсатувчи асос бўлмагани учун унга нисбатан аввал танланган қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини муносиб ҳулқ атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга алмаштириш​ ​мақбул чора деб ҳисоблайман."

Ғафур Раҳимовга очилган тергов ишидан яқиндан хабардор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мулозими эҳтиёт чорасини ўзгартириш ташаббуси тадбиркорнинг ўзидан чиққанини билдирди:​

"Мазкур шахс унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини ўзгартириш ташаббуси билан чиққан бўлиб, ... тергов билан ҳамкорлик қилиши ва ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмагани нуқтаи назаридан эҳтиёт чораси муносиб хулқ атвор тўғрисидаги тилхатга алмаштирилган," деди шахси очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Раҳимов бизнесига қарши рейдлар

Ғафур Раҳимовга нисабатан қидирув 5 йил муқаддам эълон қилинганди
Ғафур Раҳимовга нисабатан қидирув 5 йил муқаддам эълон қилинганди

Ҳозирда ҳаваскор бокс бўйича дунёдаги энг йирик ташкилотнинг вақтинчалик президенти бўлган Ғафур Раҳимов ва унинг бизнес тизимларига қарши ҳаракатлар Ўзбекистонда 2012 йилда бошланди.

Дастлаб, ишбилармон Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раис ўринбосари ва Ўзбекистон Миллий Бокс федерацияси президенти лавозимларидан четлатилди.

Айни йилда Ғафур Раҳимовга оидлиги иддао қилинган Ўзбекистондаги бизнес тизимларида жиддий тафтиш ва рейдлар ўтказилгани ортидан тадбиркор ватанини тарк этди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2012 йилнинг 28 июнь куни эълон қилган хабарномада айтилишича, Sezam ва Lessor Plyus ширкатларидан мамлакатга ноқонуний тарзда олиб кирилган 362,5 миллион сўмга тенг маиший техника ва аудио-видео аппаратура мусодара қилинган.

"Тергов давомида мазкур ширкатлар раҳбарлари 2010-2011 йиллар давомида 6,4 миллиард сўмлик молни ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кириб, сотгани, 6,7 миллиард сўмлик молни сотишда қонунларни бузгани ва давлатга 2,4 миллиард сўм миқдорида солиқ ва бошқа тўловларни тўлмагани ҳам фош этилди", дея ёзган Бош прокуратура хабарномасида Раҳимовнинг бу ширкатларга алоқадорлиги аниқ айтилмаган эди.

Ўзбекистон бизнес доираларига яқин манбанинг айтишича, "прокуратура келтирган хабарлардаги бизнес тизимлар Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олинган Ғафур Раҳимовга дахлдор".

Ғафур Раҳимовни яқиндан танувчи бир-биридан мустақил икки йирик тадбиркорнинг иддао қилишича, Ғафур Раҳимовга қарши кампания бошида шахсан ўшандаги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова турган.

Ғафур Раҳимов Ўзбекистонга қайта оладими?

Ғафур Раҳимов 2018 йил февралида AIBA вақтинчалик президенти этиб сайланди
Ғафур Раҳимов 2018 йил февралида AIBA вақтинчалик президенти этиб сайланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мулозимининг изоҳ беришича, Бош прокуратура қарори амалда Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистонга қайтишига ҳеч қандай чекловнинг қолмаганини англатади.

"Ҳозирда давлат жиноят ишлари юритуви сиёсати шундай йўналишдаки, агар жиноят содир этган шахс тергов бн ҳамкорлик қилса, унга нисбатан кўлланиладиган процессуал мажбурлов чораларининг оптимал шакллари кўлланилади," деди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мулозими.

Унинг қўшимча қилишича, тадбиркорнинг ватанига қайтишидан тергов органлари ҳам манфаатдор:

"Унинг қайтишига ҳеч бир чеклов йўқ, аксинча, биз ҳам манфаатдормиз, чунки тергов жараёни янада оптималлашади," деди мулозим.

Ўзбекистон ватандоши Ғафур Раҳимов исми Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий ваколатхонаси қидирув лентасидан 2016 йилнинг 15 сентябрь куни олиб ташланди.

Раҳимов АҚШ Молия вазирлиги "қора рўйхати"дан чиқиш ҳаракатини ҳам бошлади

Жорий йил май ойида Раҳимов бошқараëтган Халқаро бокс ассоциацияси расмий сайтида тадбиркорнинг Вашингтон ва Лондондаги адвокатларидан ўзига қўйилган санкцияни қайта кўриб чиқиш талаби билан АҚШ Молия вазирлигига мурожаат қилишни сўрагани хабари пайдо бўлди.

Бу баёнотда Ғaфур Раҳимовнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

“Мен ҳеч қачон уюшган жиноий гуруҳ билан алоқадор бўлмаганман ҳамда мен ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятларда айбланмаганман. АҚШ Молия вазирлиги босими давом этаётган бўлсада, мен АIBA бошқаруви ва молиявий барқарорлигини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларимни давом эттираман. Мен боксни яхши кўраман. АIBA ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтади ва менга қарши асоссиз айбловларга қарамай, ҳаётимни спортга бағишлашда давом этаман”.

Ғафур Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига илк бор 2012 йилнинг 23 февраль куни "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.

Айни шу санада АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовга алоқадор деб кўрилган яна олти шахс ва тўрт ширкатга нисбатан жазо чоралари жорий қилган эди.

Бу рўйхатга номлари киритилган шахс ва ширкатларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатилган ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлиги тақиқланган.

XS
SM
MD
LG