Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Бангладешлик юзлаб ишчи Меҳнат вазирлиги рухсатисиз Ғузорда иш бошлади


Бангладешлик пайвандчилар Ғузорда
Бангладешлик пайвандчилар Ғузорда

“Uzbekistan GTL” заводини қураëтган Enter Engineering ширкати олиб келган бангладешлик 200 дан зиëд ишчи 11 ноябрь куни Ғузорда технологик линияни монтаж қилиш ишларини бошлади.

Озодлик билан ҳамкорлик қилаëтган маҳаллий мухбир бангладешликларнинг ишлаëтганини ўз кўзи билан кўрди ва суратларини Озодликка юборди. Суратда бангладешлик ишчиларнинг қувурларни пайванд қилаëтгани акс этган.

Бангладешлик пайвандчилар
Бангладешлик пайвандчилар

Enter Engineering ширкати Ходимлар бўлими вакилига кўра¸ Ғузорга президент ташриф буюриши кутилаётгани боис иш жадаллашган ва бангладешлик ишчиларнинг бир қисми монтаж ва ўрнатиш ишларига жалб қиинган. Ходимнинг айтишича¸ чет эллик ишчиларнинг "ҳужжатлари расмийлаштириш учун керакли идораларга юборилган".

Президент ташрифи муносабати билан заводга элтувчи йўллар асфальт қилинмоқда
Президент ташрифи муносабати билан заводга элтувчи йўллар асфальт қилинмоқда

Расман: Ишлашга рухсат йўқ

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Раҳимжон Маҳкамов Озодлик билан суҳбатда Uzbekistan GTL заводи ускуналарини монтаж қилиш ишида бангладешлик мутахассисларнинг ишлашига 12 ноябрь холатига рухсат йўқлигини айтди. Маҳкамовга кўра¸ “Ўзбекнефтегаз” АЖ, Uzbekistan GTL ёки лойиҳа бош пудратчиси, ENTER Engineering вакиллари четдан ишчи олиб келишдан олдин вазирликдан рухсат олишлари шарт бўлган, аммо рухсат олинмаган:

“ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида тегишли маълумотлар сўралган ва ўрганилмоқда. 12 ноябрь холатига Ғузор туманига олиб келинган бангладешлик ишчиларнинг ишга рухсатномаси расмийлаштирилмаган", - деди Маҳкамов.

"Ўзбек ишчиларини ҳам ўргатса бўларди"

Маҳкамовга кўра¸ ускуналарни монтаж қилиш ишлари бўйича маҳаллий мутахассисларни давлат ҳисобидан тайëрлаш марказлари мавжуд ва бу марказ ENTER Engineering учун қисқа муддат ичида маҳаллий ишчиларни ўқитиб бериши мумкин эди:

“Вазирлигимиз ENTER Engineerinдаги бўш иш ўринларига маҳаллий ишсиз аҳолини жалб этиш, уларнинг малака даражаси етарли бўлмаганда бепул касбий ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирган ва яна билдиради. Тизим тайëр. Монтаж бутлаш ишларини бажаришга лойиқ мутахассисларни ўзимиз етиштириб бера оламиз”, - деди вазирлик вакили.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 11 ноябрь куни баëнот чиқариб¸ “Ўзбекнефтегаз” АЖ, Uzbekistan GTL ёки лойиҳа бош пудратчиси, ENTER Engineering Pte. Ltd. компанияси Қашқадарёда қурилаётган Uzbekistan GTL заводи ускуналарини монтаж қилишга бангладешлик мутахассисларни жалб қилиш бўйича шу кунгача тасдиқнома олиш учун мурожаат қилган эмас", дея таъкидлаган эди.

Карантин тугамаган

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарë вилоят бошқармасининг исми ошкор этилишини истамаган мутахассисига кўра, “Бангладешлик ишчиларнинг COVID-19 га қарши бир ҳафталик карантин тугамасдан ишга чиқарилиши мавжуд тартибга зид ва 20 минг киши ишлайдиган жамоа учун хатарлидир.”

Хорижлик ишчиларга қанча маош тўланади?

239 нафар бангладешлик ишчи жорий йилнинг 8 ноябрь куни Enter Engineering ширкати махсус киралаган лайнерда Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Бу ҳақда ëзган Бангладешнинг Daily Star газетасига кўра¸ жами учта чартер рейс билан 888 нафар ишчи Ўзбекистонга етказилади. Аммо кейинги икки рейснинг амалга ошган ë ошмагани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Озодлик суҳбатлашган Enter Engineering ширкатининг исми сир қолишни истаган мулозимига кўра, бангладешлик ишчиларга "500 доллардан 1000 долларгача ойлик белгиланган".

Аммо бу рақамни Озодлик суҳбатлашган ходимлар бўлими тасдиқламади, аммо инкор ҳам қилгани йўқ. “Тижорий сир бўлгани учун очиқланмайди”, - деди четдан юзлаб ишчи жалб қилган ширкат вакили.

Четга арзон ишчи кучи экспорт қиладиган Ўзбекистон ўзининг яқин тарихида автомобил саноати учун ўнлаб мутахассисларни Кореядан таклиф қилган бўлса ҳам, ёппасига хориждан ишчилар ёллаш кузатилмаган.

Ғузордаги ўзбек ишчилари
Ғузордаги ўзбек ишчилари

Enter Engineering ширкатининг минглаб ишчилари жорий йил 21 октябрида стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

Озодлик 3 ноябрь куни тартибсизликларда айбланган 20га яқин ишчилар устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эди.

Норозиликда қатнашган ишчилар Жиноят кодексининг 173 моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва 277 моддаси (Безорилик) да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG