Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Футболда жанжал: Европа клублари янги Суперлига тузди, UEFA уларни ўйинлардан четлатмоқчи


Душанба куни Англия, Испания ва Италиядаги 12 клуб янги Суперлига тузилганини эълон қилди. Клубларнинг бу қарорини футбол ишқибозлари, FIFA, ҳатто шаҳзода Уильям кескин танқид қилди.

UEFA президенти Александер Чеферин бу клублар етакчиларини "илонлар" ва "ёлғончилар" деб атади.

Чеферин Суперлига аъзолари Европа чемпионати ва кейинги йилга белгиланган Жаҳон чемпионатидан четлатилишини айтиб, таҳдид қилди.

“Real Madrid” президенти, Суперлига раиси Флорентино Перес UEFAнинг клуб футболчиларини жазолаш таҳдидига катта эътибор бермади.

Ўйинчилар "бундай бўлмаслигига амин бўлишлари мумкин", деди Перес Испания телевидениесига берган интервьюсида.

"Бундай бўлмайди. Масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталмаймиз, аммо бундай бўлмайди", - дея қўшимча қилди у.

Исёнчи 12 клубнинг учтаси – "Chelsea", "Manchester City" ва "Real Madrid" келаси ҳафта Чемпионлар лигаси ярим финалида майдонга тушиши керак. Яна икки клуб – "Manchester United" ва "Arsenal" Европа лигаси ярим финалига етган.

Чеферин клубларни "иложи борича тезроқ" UEFA мусобақаларидан чиқариб юбормоқчи эканини, аммо бунинг учун аввал масалага юридик баҳо берилишини айтди.

Перес янги мусобақа "футболни сақлаб қолиш" учун яратилаётганини айтиб, "имтиёздан маҳрум бўлганлар" Суперлигани ёмон отлиқ қилишга уринаётганидан шикоят қилди.

"Биз ҳаммага бу бой клублар учун лига эмаслигини тушунтиришимиз керак. Бу барча клубларни сақлаб қолиш учун лига. Акс ҳолда, футбол ўлади", деди Перес сешанба куни.

Унинг сўзларига кўра, агар Европа футболини назорат қилувчи идора билан келишувга эришилмаса, келаси мавсумда янги лига ўйинлари бошланмайди.

Душанба куни 12 клуб ўз қарорини эълон қилиши ортидан бир неча соат ўтиб, Чеферин UEFA ижроия қўмитаси йиғинини ўтказди.

Суперлига тузган 12 клуб FIFA ва UEFA етакчиларига эҳтимолий санкциялар сабабли улар устидан судга мурожаат қилганини билдирган.

"Associated Press" агентлигининг хабар беришича, бу мактуб Чеферин ҳамда FIFA президенти Жанни Инфантинога юборилган.

Ҳозирда жамоалар Чемпионлар лигасига йўлланма олишдан олдин ҳар йили маҳаллий лигаларда қатнашишлари керак. Суперлига эса ҳар мавсумда лигага асос солган 15 та клубга ўрин беради.

"Associated Press" агентлигига кўра, Суперлига қуриш қарори "Arsenal", "Liverpool" ва "Manchester United" клубларининг америкалик эгалари ташаббуси бўлган.

UEFA Суперлига клубларини, шу қаторда, "Barcelona" ва "Juventus" клубларини уларга қарши қонуний чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирди ва улар Испания чемпионати ва Премьер-лига каби мавжуд маҳаллий мусобақалардан четлатилиши мумкинлигини билдирди.

"Associated Press" агентлиги клубларнинг Инфантино ва Чеферинга ёзган мактуби нусхасини қўлга киритди.

Агентликнинг хабар беришича, Суперлига мактубида "FIFA ва UEFA бирор аъзо клуб ёки ўйинчини тегишли мусобақалардан четлатиш учун жазо чораларини кўриши мумкинлигидан ташвишдамиз", деб ёзилган.

Суперлигага аъзо бўлган жамоалар орасида Англиянинг "Tottenham", Испаниянинг "Atletico Madrid" ҳамда Италиянинг "AC Milan" ва "Inter Milan" клублари бор.

XS
SM
MD
LG