Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

“Фуқаролик олмоқчи эди...” Украина урушида қатнашгани учун ватанида қамалган йигит


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Балиқчи шаҳридаги камтарона хонадонни манти ва палов ҳиди тутган. Хонадон соҳиби Асилбек Қодирбеков (исм ўзгартирилган) ўғли учун овқат пиширмоқда.

Қодирбеков ёлғиз яшайди, ўғли эса Бишкекдаги тергов ҳибсхонасида – у Россия армиясига қўшилиб Украина ҳудудида урушда қатнашгани учун 10 йилга қамалган.

Паспорт олиш дардида

Қодирбековнинг ўғли 10 йилдан бери Россияда тинчгина ишлаб юрган экан. Шу боис ота унинг бир куни қўлига қурол олиб, ўзга юртга урушга жўнашини хаёлига ҳам келтирмаган.

“Ҳеч гапдан хабарим йўқ эди. Ўғлим аҳён-аҳёнда қўнғироқ қилар, шунда ҳам камгап эди. “Ишлаяпман, ҳаммаси яхши”, дерди холос. Паспорт олмоқчи эди, фуқароликка кириб тузукроқ ишга жойлашишни истарди”, дейди Қодирбеков.

Асилбек узр сўраб, суҳбатни бўлади – қон босимини ўлчайдиган вақт бўлганди. Бир неча йил бурун у юрак хуружини кечирган: ўшандан бери бир кўзи ғира-шира кўради, тез-тез қон босими кўтарилади. Дардманд эканига қарамай ҳар шанба ўғлини кўргани боради, унга ош-овқат, кийим-кечак элтади.

“Суд қарори эълон қилинганидан кейин аҳволим бадтар бўлди... Ўғлим менга қарагани Москвадан учиб келганди, лекин уйгача етиб келолмади, Бишкекдаёқ қўлга олишди уни. Қон босимим баъзан 200 гача кўтарилиб кетади. Илиниб юрибман...”, арзи ҳол қилади Асилбек Қодирбеков.

Суҳбатдошимизнинг ўғли К.у.А. 2023 йил 11 январ куни Бишкекда ушланган. Ўшанда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) у чет давлат ҳудудида қуролли можарода иштирок этганликка доир жиноят иши доирасида ҳибс этилганини маълум қилган. Махсус хизматлар ёйинлаган фотосуратдан, гарчи унда одамларнинг кўзлари қора чизиқ билан тўсилган бўлса-да, К.у.А. Россия армиясидаги хизматдошлари билан бирга суратга тушганини англаш мумкин эди.

Кейинроқ, биринчи инстанция суди ҳукмидан судланувчи 2022 йил июнда Москвада Украинага қарши урушда иштирок этиш мақсадида “Луганск халқ республикаси” (ЛХР) қуролли тузилмалари сафига қўшилишга қарор қилгани маълум бўлди. Июлда у Брянск шаҳрига етиб келган ва ойига 180 минг рубл иш ҳақи билан ҳарбий хизматга олинган. Хизматга киргач, разведка амалиётларида қатнашган, жанговар тайёргарликдан ўтган, миномёт қурилмалари ҳамда ўқ-дори таъминоти билан шуғулланган. Тергов қайдларига кўра, қирғизистонлик 2022 йил ноябрда ҳарбий хизматдан бўшаб, дастлаб Москвага борган, у ердан Бишкекка келганида эса қўлга олинган.

“Тирик қайтганига шукр”

Асилбек Қодирбековнинг хотини ва бошқа фарзандлари меҳнат миграциясида. Соғлиғини йўқотганидан сўнг ўғли унга қараб тургани қайтаётганди. Лекин ҳатто Балиқчига етиб келишга улгурмади.

30 яшар К.у.А.нинг онаси 5 йилдирки Италияда ишлайди. У Озодлик билан суҳбатда ўғлининг қилмишидан қаттиқ куюнганини, айни чоғда унинг тўрт мучаси соғ ва ўз ватанида эканини ўйлаб кўнгли таскин топаётганини сўзлаб берди. Аёл қирғизистонликлар Украина урушида ҳалок бўлаётгани ҳақида интернетда ўқиб тураркан.

“Менга ҳеч ким ҳеч нима демаган. Ўғлим билан қизим билишаркан. Янги йилга Қирғизистонга борувдим, барчамиз йиғилиб байрам қилувдик. Болалар билан Бишкекда ҳам бўлдик. 11 январь куни тўсатдан МХДҚ ходимлари бостириб кириб, ўғлимни қўлга олишди. Ўғлим урушда бўлганини улардан эшитдим. Бунгача бехабар эдим. Бир тарафдан, соғ-саломат қайтгани учун тангрига шукр қиламан. Бошқа томондан, энди у Қирғизистон қонунларига биноан жазо олишини ўйлайман. Майли, ҳар қалай болам Қирғизистонда, ўз юртида-ку, дея ўзимни юпатаман. Россияда қамалганида аҳволи не кечарди? Мен ўзим оиламни боқиш учун шу ерларда ишлаб юрибман”, дейди она.

Озодликда мавжуд маълумотларга кўра, Украинада Россия қўшинлари сафида камида 10 қирғизистонлик ҳалок бўлган.

Аёл ўғли жанг қилмаганини, фақат гуманитар ёрдам тарқатиш билан шуғулланганини айтгани ҳақида сўзлаб берди: “У билан гаплашганимда Украинага ўз хоҳиши билан борганини айтди. Она, менга пул керак эмасди, паспорт олиш учун бордим, деди. Қўлига қурол ушламаган, фақат гуманитар юкларни тарқатиш билан шуғулланган эмиш. Шунинг учун бус-бутун қайтдим, мен жанг қилмадим, ҳеч кимга ўқ узмадим, деди”.

“У ёқларга боришмасин”

Асилбек Қодирбеков соат 14:00 дан 16:00 гача ўғлига нарсаларни етказиб улгуриши керак, йўл эса 180 чақиримдан зиёд. Одатда у оғир сумкаларни кўтарганча автовокзалга ошиқар экан. Бироқ бу сафар уни Озодлик мухбири машинада элтиб қўяди.

Ота Бишкек йўлида анчага довур жим кетади. Қайсидир лаҳзада сукутни бузиб, йўлда ҳамиша ўғли ҳақида ўй суришини айтади. Ўзининг қисқа монологларидан бирида яна ўғлидан ҳасрат қилди:

“Ҳали ёш, бўйдоқ. Бошқалар каби оила қурмоқчи, ишламоқчи, уй солмоқчи эди. Шунақа қонун борлигини билмаган-да. Мен ҳам билмасдим. Ўзингиз таниган-билган йигитларга айтинг, у ерларга боришмасин. Хато қилишмасин. Ғофиллик туфайли доғда қолмасинлар. Паспорт берамиз деб, алдаб, урушга жўнатишяпти ахир”.

МХДҚнинг Бишкекдаги ҳибсхонаси шанба кунлари гавжум бўлади. Қамоқдаги қариндоши учун сумкаларда озиқ-овқат, дори ва кийим-кечак келтирган ўнлаб одам эшик тагида кутиб турибди. МХДҚ ҳибсхонаси ёпиқ муассаса бўлиб, турли моддалар бўйича гумонланувчилар ва судланганлар сақланади. Қодирбековнинг ўғли эса – Украинада урушда қатнашгани учун қамалган биринчи маҳкум.

Украинада яна нечта қирғиз фуқароси жанг қилаётган бўлиши мумкинлигини аниқлаш имкони ҳозирча йўқ. МХДҚ жанглар иштирокчиларига қарши камида иккита жиноят иши очган. К.у.А. ватанида жавобгарликка тортилган бўлса, иккинчи фуқаро Қирғизистонга қайтмади.

Форум

XS
SM
MD
LG