Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Жанжал марказига тушган ўзбекистонлик футболчи Илëс Зейтуллаев Озодлик орқали ҳақиқий ëшини очиқлади


Ҳафта бошида ўзбекистонлик таниқли футболчилар Илёс Зейтуллаев ва Аббос Махситалиевларнинг паспортдаги ëши атайлаб ëшартирилгани боис Ўзбекистон Футбол федерациясида текширув бошлангани тўғрисида хабар тарқади.

Айни пайтда¸ мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати Интернет нашрида пайдо бўлган мақолада Илёс Зейтуллаевнинг Италия футбол клубларида ўйнаши тақиқлангани ҳамда Италия элчихонаси сайëҳ сифатида унга виза бермайдиган бўлгани тўғрисида ëзилди.

Илёс Зейтуллаев оммавий ахборот воситаларида ўзи ҳақида тарқаб бораётган бу каби турли гап-сўзларга Озодлик орқали жавоб берди.

18 июль куни Ўзбекистон халқ ҳаракати Интернет сайтида пайдо бўлган мақолада ўзбекистонлик футболчи Илёс Зейтуллаевнинг паспортдаги ëши 5 йилга камайтирилгани боис¸ унинг ўзи яшаб келган Италияда ҳатто қуйи босқич дивизионидаги футбол клубларида ўйнаши ҳам тақиқлангани хабар қилинди. Мақолада Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси унга ҳатто сайёҳлик визасини бермайдиган бўлгани тўғрисида ҳам ëзилди.

Бу хабар ортидан Озодликнинг Ўзбекистон Футбол федерациясидаги манбаси ташкилотда икки нафар ўзбек футболчиси - Илëс Зейтуллаев ва Аббос Махситалиевларнинг паспортдаги ëши атайлаб камайтирилгани устидан текширув бошланганини билдирган эди.

Матбуотда тарқаган маълумотларда 2001 йилдан бери Италиядаги турли футбол клубларида ўйнаб келган Илëс Зейтуллаевнинг туғилган санаси паспортида кўрсатилган каби 1984 йилнинг 13 августи эмас¸ балки 1979 йилнинг 13 августи экани айтилди.

“Мен ҳақимда ёлғон гаплар тарқатилмоқда”

И.Зейтуллаев "Ювентусда" тўп сурган
И.Зейтуллаев "Ювентусда" тўп сурган

Бундай чиқишлар ортидан Илёс Зейтуллаев ҳақиқий туғилган йилини Озодлик орқали очиқлади:

- Мен ҳозир Тошкентдаги уйимдаман. Италиядан учишдан олдин менга шу мақола линкини кўрсатишди. У ерда мен гўё 1979 йилда туғилганим, Италия менга киришни тақиқлагани ва қидирувга бергани, Ўзбекистонда менга таҳдидлар бўлаётгани тўғрисида кир гаплар, дезинформация тарқатилибди. Менинг Италияда хотиним, болам борлиги учун хавотирга тушиб қолдим. Мен сиздан – журналистдан ҳақиқатни ёзиб чиқишингизни илтимос қиламан. Мен, Илёс Зейтуллаев, 1982 йилнинг 13 июлида туғилганман. Бу менинг ҳақиқий туғилган санам! Ёшлигимда туғилган кунимни 1984 йилнинг 13 августи, деб ўзгартиришган. Олдин ҳам 1979 йилда туғилганлигим тўғрисида гаплар юрарди, лекин бунга бепарво эдим. Карьерам бошланганида эса бу майда ёлғон жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида ўйламаганман, ҳатто. Бу ишни мен қилмаган бўлсам-да, мен бу айбни тан оламан, деди ўзбекистонлик футболчи.

“Нега мен ҳақиқатни гапирмоқчи бўлдим”

Суҳбатдошга кўра, Европадаги муҳит ва унинг шахсий кечинмалари ўзига қарши бошланган бу кампанияга жавоб беришга ундаганини айтади:

- Европада яшаб юрганимда мен ўз хатоларимни англаб етдим. Менинг мақсадим, истагим – ўзбек футболчиларимиз, ёшларимиз мен қилган хатоларни такрорламасликлари, чунки бу мамлакат тараққиёти, футбол ривожига жиддий тўсқинлик қилади. Мен Ўзбекистонни севаман, ота-онам, қариндош-уруғларим шу ерда. Неча маротаба Италия фуқаролигини олишни таклиф қилишганда рад жавобини бергандим. Хотиним, болам италиялик бўлишига қарамасдан, мен Ўзбекистон ватандоши бўлиб қолмоқчиман. Бунинг учун эса мени қабул қилган давлат олдида ёлғончи бўлишни истамадим, қонунан яшамоқчи бўлдим. Энг аввало, мен ўзбек давлатим олдида “тоза” бўлишни хоҳладим. Бунинг учун мен Ангрендаги туғилганлигим тўғрисидаги гувоҳномани олиб, ҳақиқий паспортимни беришларини сўрадим. Мен 2013-2014 йилларда бўлган гапни гапираяпман. Ҳақиқий паспортимни олганимдан кейин, Италия элчихонасига бордим ва вазиятни тушунтирдим. Улар “Бизга ҳақни гапирганинг маъқул тушди, буни биз маъқуллаймиз”, дейишди, деди Илёс.

Дин тўғрисида

Илёс диний масалаларда журналистларга эҳтиёт бўлиб ёзишни тавсия қилди.

Илёс оила аъзолари билан
Илёс оила аъзолари билан

- Бу мақолада мен гўё христианликни қабул қилганим тўғрисида ёзишибди. Одамнинг қайси динга сиғиниши – бу унинг шахсий иши! Бундай гап-сўзларни тарқатишнинг ўзи мутлақо ахлоқсизлик. Бундай иқрорга келиш учун ички кечинмаларим сабаб бўлди. Мен ўз хатоларимни тушундим. Ўзбек футболчиларимизга бирор маслаҳат беришдан олдин ўзим тозаланишим керак бўлди. “Заряжённий” сифатида виждоним қийналди. Ҳар бир инсон ўз ҳатти-ҳаракатлари учун ўзи жавоб беради. Ҳозир эса мен эркин одам сифатида ҳис қилаяпман ўзимни, деди футболчи.

Ўзбек футболи тўғрисида

Илёс ўзбек футболида мавжуд муаммолар ечимига ҳисса қўша олиши мумкинлиги ҳақида гапира туриб¸ бошқа ўзбекистонлик ўйинчиларнинг ёши ўзгартирилгани борасида бирор изоҳ бера олмаслиги ва фақат ўзи учун жавоб бера олишини таъкидлади :

Илёс Зейтуллаев паспорти
Илёс Зейтуллаев паспорти

- Нима учун биз айрим ҳолларда юқори натижаларга эриша олмаётганимизни Европада туриб англаб етдим. Чунки бизда пойдевор бироз нотўғри қўйилган! Бу танқид эмас, бу таклиф. Мен Италияда 15 йил ўйнадим, УЕФА-“В” га тренерликка ўқидим, Италияда ёшларни футбол ўйнашга ўргатмоқдаман, ўрганган нарсаларимни Ўзбекистонда жорий этмоқчиман.Лекин юрагим Ўзбекистонда. Бу ердаги кўплаб маҳоратли йигитларимизни италян услуб бўйича тарбиялашни истардим! Уларни футболга ўргатишдан олдин эса аввало ўз ҳаётимни бир эпақага келтиришим керак эди. Мен бу ҳаётни ўзгартира олмайман, аммо бир томчига бўлса ҳам уни яхшилашга интилдим. Мен оз бўлсада футболга реаллик, гўзаллик ва тозаликни киритишни хоҳлайман, холос. Бизда ёшлигимиздан ғалаба биринчи ўринга қўйиларди. Мен эса аввал футбол ўйнашни ўргатмоқчиман, ғалаба эса ўзи келади. Италия-Испанияда алдашга эмас, футбол ўйнашга ўргатишади! Нима учун улар юқори босқичга кўтарилганда биз ўсмасдан қолаяпмиз? Бу саволлар мени жуда ўйлантиради. Йиллар ўтиши билан футболчида жисмоний қуввати кетиб боради, унда шу йиллар давомида йиғилган ақлу малакаси биринчи ўринга чиқади. Мана нима учун биз ҳозирча европаликлар билан учрашувларда мағлубмиз, деди у.

Ким айбдор?

Илёсга кўра, футболчиларга ёш қўшиб бериш ва бошқа шу каби муаммоларда бир-икки кишини айблаш ноўрин:

Футболчининг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси
Футболчининг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси

- Айбдор қидириш, бир-икки-уч кишини жазолаш биринчи ўринда нотўғри, иккинчидан эса менинг ваколатим эмас. Биз СССРдан чиқаётиб, ўзимиз билан кўплаб ножўя нарсаларни олиб чиқдик. Энг аввало ўзимиз айбдормиз! Масалан, мен хатоларимга иқрор бўлмасам¸ бутун умр ўзимни юртим олдида айбдор ҳис этаверардим. Ким буни жорий этган, нима учун бундай бўлди, “шу тизимни жорий қилсак яхшироқ бўлади” деган фикр кимнинг калласига биринчи келганига мен, афсус, жавоб топа олмайман. Ҳар ҳолда бу бирор яхшиликка олиб келмади¸ дейди Илёс.

Илёс Зейтуллаев билан Озодлик суҳбати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:43 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG