Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Фермернинг бурнини синдирган ИИБ бошлиғига нисбатан жиноят иши очилди


Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 19 июль куни хабар беришича¸ Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов устидан Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси(Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдиргани ҳақида Озодлик 18 июль куни хабар берган эди.

Бош прокуратура билдиришномасида бу воқеа тафсилотлари ҳам очиқланган.

"2018 йил 9 июль куни Янгиобод тумани, Зиёкор кўчасида яшовчи фуқаро Н.Турсунбоев Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, фарзанди С.Қурбонбоевни туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов “Нима сабабдан комбайнни тузатмадинг” деб уриб тан жароҳати етказганлиги сабабли И.Сулаймоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаат юзасидан Янгиобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда сўралган фуқаро С.Қурбонбоев 2018 йил 7 июль куни соат 14.30 ларда Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов туман ҳокими И.Матиев билан бирга “Мустақилликнинг 22 йиллиги” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Пасткичақир булоғи” фермер хўжалиги даласига келган вақтда комбайнлар ғалла ўрмасдан турганлиги боис, туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов уни мушти билан бурун қисмига уриб, оёғи билан орқасига тепганлигини билдирган.

Зомин тумани суд тиббий экспертиза бюросининг хулосасида фуқаро С.Қурбонбоевга бурун суягининг ёпиқ синиши, бурун соҳаси лат ейиши, қонталаши каби соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиобод туман прокурори томонидан 18.07.2018 йилда туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймоновга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларини бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди", дейилади Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка юборган билдиришномасида.

Янгиобод туманидаги "Пасткичақир булоғи" фермер хўжалигидаги ғалла ўримига бириктирилган туман деҳқон бозорининг паттачиси, фермер Сардор Қурбонбоев 18 июль куни Озодлик билан суҳбатда туман ички ишлар бошлиғи Илҳом Сулаймонов томонидан калтаклангани тафсилотларини гапириб берган эди.

"Прокурор машинадан тушмади, ҳоким билан милиция бошлиғи келди. Аввал ҳоким савол-жавоб қилиб, ҳақорат қилди. Кейин орқасидан милиция бошлиғи Илҳом Сулаймонов ўша ердаги ўзининг Музаффар деган ходимини бир-икки тепди. Кейин ўша ердаги қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Ўткир Омоновни сен ифлос нега қарамаяпсан, деб бир шапалоқ урди-да, ортига бир - икки тепди. Кейин мени олдимга келди-да, мен сени огоҳлантириб кетган эдимку, нега к..т бозоркомингни чақирмадинг, деб қўққисдан бурнимга бир мушт урди. Оғриқнинг зарбидан бурнимни ушлаб ёнбош бўлиб қолгандим, яна ортимга икки марта тепди. Бурнимдан шариллаб қон оқиб кетганини кўрганидан сўнг, тўхтади. Кейин, чақир бозоркомингни, аҳволингни кўриб қўйсин, деди-да, комбайн томонга қараб кетди. Милиция бошлиғи маст эди, оғзидан ароқнинг ҳиди бурқсиб турарди", деган эди Сардор Қурбонбоев.

Ўзбекистон ЖКнинг 206 моддаси 1-қисми билан айбланаётган Янгиобод тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Илҳом Сулаймоновнинг айби судда тасдиқланса, у энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Очилган жиноят иши доирасида Янгиобод туман ИИБ бошлиғи хизмат лавозимидан четлатилган.

XS
SM
MD
LG