Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:46

Наманганда фермернинг 23 яшар ўғли осилган ҳолда топилди


Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит 9 январь куни ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилди.

Ҳамқишлоқларининг айтишича, йигит осилган ҳолда топилган куни фермер отасининг ўрнига туман ҳокимлигида ўтказилган мажлисда қатнашган.

Туман ички ишлар бўлими мулозими унинг ўлимига мажлиснинг алоқаси йўқлигини айтар экан, бу воқеа юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини айтди.

Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида яшаган, 23 яшар Ш.А. 9 январь куни туш пайти ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилгани ҳақида косонсойликлардан бири Озодликка хабар берди:

“Бу боланинг бобоси милиция полковниги бўлган. Дадаси фермер. Ўзи ҳам лицейни тугатганидан кейин дадасининг ёнида ишлаб юрарди. Лекин сўнгги пайтда дадасининг фермерлик ишлари юришмай, ҳокимият ундан ерини топширишини талаб қилаётган эди. Ўша куни дадасининг ўрнига ҳокимиятга мажлисга борган экан. Мажлисда унга ва отасига нисбатан баъзи аччиқ гаплар айтилибди, у тушга яқин уйига қайтиб, ўзини осиб қўйибди, деб эшитдик”.

Туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Ш.А.нинг мажлисда қатнашганини билвосита тасдиқлади:

"Мажлисда унга нисбатан босим ёки унга тааллуқли ҳеч бир гап бўлмаган".

Мулозимга кўра, йигитнинг "ўз жонига қасд қилиш сабаби ҳозирча номаълум, бу билан прокуратура шуғулланяпти”.

Косонсой туман прокуратурасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қўқимбой Шошилинч тиббий ёрдам марказининг исми сир қолишини сўраган шифокорига кўра, уларга чақирув 9 январь куни соат 15.00да тушган:

“Бизга хабар келганидан сўнг шифкорларимиз 20 минут ичида етиб борган. Текшириб кўришиб, ўлим ҳолатини қайд қилишган”.

Озодликнинг марҳумнинг яқинлари билан боғланишга қилган ҳаракати натижа бермади.

Озодлик бу воқеани ўрганишда давом этади.

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида Озодлик сўнгги кунларда бир неча марта хабар қилди.

Масалан, Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG