Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:50

Чириган картошка учун 685 миллион тўлаган фермерлар “Ўзбекозиқовқатзахира”дан пули қайтарилишини сўраяпти


Чириган уруғлик картошка.
Чириган уруғлик картошка.

Андижон вилоятидаги 31 нафар фермер ўтган йили уруғлик картошка олиш учун “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси тизимидаги “Gold Atlas Global” МЧЖга ўтказган жами 685 миллион сўм пулини қайтариб ололмаяпти.

2018 йилнинг июль ойида “Gold Atlas Global” МЧЖ Андижон вилоятига етказиб берган уруғлик картошка чириб кетгани учун фермерлар уни олишдан бош тортган ва бу ҳақда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакиллари иштирокида далолатнома тузилган.

Бу воқеадан қарийб бир йил ўтишига қарамай¸ кредит ҳисобидан қилинган тўлов фермерларга қайтариб берилмади.

Андижон вилояти ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозими Озодликка 2018 йилда вилоят бўйича уруғлик картошка олиш учун 16,5 миллиард сўм “Gold Atlas Global” МЧЖ ҳисобига ўтказилганини билдирди.

“Шу пулнинг 10,5 миллиард сўми кредит маблағлари ҳисобидан “Агробанк”дан чиқарилди. Бу ишни қилишдан мақсад, Ўзбекистонда 2018 йилнинг бошида кескин кўтарилиб кетган картошка нархини барқарор қилиб ушлаб туриш эди. Шунинг олдини олиш мақсадида 21 февралда президент қарори ҳам чиққан эди. “Gold Atlas Global” МЧЖ Россия ва Қозоғистондан уруғлик олиб келган. Лекин уруғлик йўлда кўп туриб қолганми ёки холодильник яхши ишламаганми, хуллас вагондан тушириб туманларга олиб борганда, унинг аксар қисми чириб, экишга яроқсиз бўлиб қолгани маълум бўлди. Фермерлар бу уруғликни олишдан бош тортди”.

Чириган уруғлик картошка
Чириган уруғлик картошка

​Мулозимнинг айтишича, туман бўйича 31 фермер хўжалигининг ҳар бири ҳисобидан уруғлик картошкага деб 16,5 миллион сўмдан пул олиб қолинган.

“Бунга қўшимча равишда фермерлардан суғурта учун 500 минг сўмдан ҳам олиб қолинган. Лекин, суғурта системаси бизда ишламаслиги учун бу пулдан улар аллақачон воз кечиб юборишган”

Булоқбоши туманидаги “Фозилжон Абдуллаев” фермер хўжалиги вакили Моиджон Абдуллаевнинг айтишича, бу хўжалик уруғлик картошканинг на соғини¸ на чиригини кўрган.

- Агробанкдан” 17 миллион сўм пулни ўтган йилнинг ёзида ўтказганмиз. Ҳар бир фермер 3 тоннага, килоси 5,5 минг сўм турадиган уруғлик картошкага пул берган. Лекин бир кило ҳам картошка келмади. Айрим фермерларнинг олган уруғлиги тамоман сасиб, чириб кетган экан. Қишлоқ хўжалиги бошқармасидан вакил бўлган Сардор деган йигит, Тошкентга ҳам бориб келди. Лекин, на пул бор, на картошка”.

Булоқбоши туман Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси Сардор Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда ўтган йили ўзининг картошка уруғлиги тарқатишга масъул қилиб қўйилганини тасдиқлар экан, фермерлар ўтказган пулни ортга қайтаришга ҳаракат қилганини айтади:

- Бизнинг туманда 40 фермер хўжалиги суғуртаси билан 17 миллион сўмдан пул ўтказиб берган. Аввалига яхши картошка келди, охирида етти фермерга вагонда келди. Етиб келгунча у картошка чириб оқиб кетган. Ўша картошкани фермерлар олишдан бош тортганидан кейин, мен бошқа картошкани қабул қилмадим. Далолатнома тузилган. Кейин беш фермерга картошка олмадик, лекин пули ўша “Gold Atlas Global”да қолиб кетди, жами 12 нафар. Шу йил март ойида Тошкентга бориб, “Gold Atlas Global” раҳбари Пўлат Бобоёров билан учрашиб, фермерлар пулини қайтаришини талаб қилдим. У эса, сизларнинг муаммоларингизни вилоят агрофирма раҳбари Хушнуд ҳал қилади, сиз билан гаплашмайман, деди”.

Чириган картошка учун тузилган далолатнома
Чириган картошка учун тузилган далолатнома

​“Андижон мева-узумлари” вилоят агрофирмалар уюшмаси раиси Хушнудбек Шаҳобиддинов Озодлик саволини эшитар-эшитмас алоқани узиб қўйди.

“Gold Atlas Global” МЧЖ бош директори Пўлат Бобоёровники деб берилган мобил телефонлари ўчирилгани учун Озодлик бу мутасаддидан вазиятга оид муносабат ола олмади.

“Gold Atlas Global” “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибига кирувчи МЧЖ бўлгани аниқлангач¸ Озодлик мазкур уюшма раиси Зафар Файзиев билан боғланишга ҳаракат қилди.

Уюшманинг ўзини таништирмаган мулозими муаммо мазмунини батафсил ёзиб олгач, бу ҳақдаги маълумотни раисга етказиши ва ўзлари Озодлик билан боғланишини билдирди.

5 апрель куни “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раҳбариятидан Озодликка андижонлик фермерлар билан бораëтган можаро юзасидан бирор жавоб келмади.

XS
SM
MD
LG