Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

"Яна одамларга қийин бўлади". Фармназорат кучаймоқда - "минглаб аптека ёпилиш хавфи остида"


Ўзбекистон дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп дорихонага эга мамлакатлардан  бири ҳисобланади. 
Ўзбекистон дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп дорихонага эга мамлакатлардан  бири ҳисобланади. 

Ўзбекистонда аксар дорихоналар кичик шохобча кўринишида.

Баъзи тадбиркорлар турар-жой биноларининг биринчи қаватида, автобус бекатлари, бозорларда киоск дорихоналар очиб, фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилади.

Дори савдоси устидан (GVP - good pharmacovigilance practice) зарур фармакологик назорат амалиёти кучга кирса, бу дорихоналар ёпилишга маҳкум ёки янги стандартга мослашиши керак бўлади.

Дори маҳсулотлари хавфсизлигини доимий мониторинг қилиш ва ножўя таъсирлари ҳақида назорат қилувчи ваколатли органларга мунтазам ҳисобот бериб боришни кўзда тутувчи GVP стандарти Ўзбекистон президентининг 23 январдаги фармонига кўра, шу йилнинг 1 июлидан жорий этилади.

Дори компанияларини бундай юқори стандартларга ўтказиш ўтган йили ўнлаб боланинг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан ўлиши билан боғлиқ жанжал ортидан амалга оширилмоқда.

Президент қарорига мувофиқ, 1 июлдан бошлаб дори воситаларини телевидение ва радио орқали реклама қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг олдиндан рухсатисиз тақиқланади.

Дори-дармон дўконлари ва компаниялари ўша кундан бошлаб дориларни яхши сақлаш амалиётини GVP талабларига мувофиқ олиб бориши керак.

2026 йил бошидан GVP сертификатисиз дори-дармонларни омборларда сақлаш ва сотиш ноқонуний бўлади.

Дори-дармон компаниялари, шунингдек, назорат қилувчи органларга йилига камида бир марта тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш лицензиялари шартларига риоя қилишларини тасдиқловчи далилларни тақдим этиши керак.

Фармонда айтилишича, хавотир уйғотадиган ҳолатларда янада қаттиқроқ сифат кафолатлари талаб қилинади.

Бу стандарт жаҳоннинг деярли барча ривожланган мамлакатларидаги дорихоналарида амал қилади.

2025 йил 1 январга қадар дорини чакана сотиш билан шуғулланадиган барча тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар эса бошқа барча дорихоналар GPP (Good Pharmacy Practice) - “Яхши дорихона амалиёти” стандартига ўтказилади.

Дорихона эгалари фарммаҳсулотларнинг муайян ҳароратда сақланишини таъминловчи қимматбаҳо ускуналарни сотиб олиш, ходимларни ўқитиш ва бошқа меъёрларни талаб этувчи GPP тизимига ўтишлари ҳақида ҳозирдан огоҳлантирилмоқда.

Янги стандартга ўтилса, дорихоналар майдони камида 54 квадрат метр бўлиши, ҳар бир хонада канализацияга уланган санузел ва дориларни махсус ҳароратда сақлаш имконини берувчи совиткич камералар бўлиши талаб этилади.

Дорихона ходимлари ҳар бир дорини сотганда харидорга уни қўллаш йўриқларини кўрсата оладиган даражада бирламчи малакага эга бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир дорихона ходимидан махсус тренингдан ўтгани ҳақидаги сертификат талаб этилади.

Ўзбекистоннинг фармназорат расмийлари бу тизимга ўтишдан мақсад фармацевтика хизматлари сифатини яхшилаш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш эканини айтишмоқда.

Лекин, мутахассисларга кўра, Ўзбекистондаги дорихоналарнинг жуда оз қисми GPP талабларига жавоб беради.

Шу сабаб Ўзбекистондаги фармацевтика тизимининг GVP стандартига ўтказилаётгани минглаб дорихона эгалари бизнесини йўқолиб кетиш хавфи остида қолдирган.

Ўзбекистонда болаларга яна дори берилмоқда. Бу сафар гижжага қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:16 0:00

"Электр йўқ қишлоқларда қанақа GPP стандарти?"

Фарғона вилояти Бағдод туманидаги “Бахти Фарм Бағдод” дорихонасининг эгаси Муқаддас Холбекованинг Озодликка айтишича, қишлоқ шароитида GPP стандартига мослашиш имконсиз.

“GPP бўйича ҳар бир аптекада канализация бўлиши керак, деяпти. Бизнинг қишлоқда канализация нима қилсин? Электр йўқ қишлоқларда қанақа GPP? Евростандартни олиб келишдан олдин қишлоқларда аҳвол шунга мос бўлиши керак-ку. GPPга ўтилгандан кейин ҳар йили қўшимча ҳар бир аптекага камида 40 миллион сўм юклама миняпти. Бу солиқ тўловларига яна қўшимча. Шу тизим учун олинадиган ҳақ экан бу. Кичкина дорихоналар ҳам, катта дорихоналар ҳам шу пулни тўлаши шарт экан. Бизга яқин ҳудудда яна учта дорихона бор, улар ҳам ёпилади. Одамлар дори-дармонсиз қолади, нархлар ошади”, дейди Холбекова.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бошқа дорихона эгалари ҳам шундай фикрда.

“Кимга тақалади бу нарса билмаймиз, лекин даромад уларнинг чўнтагига кетиши аниқ. Дорихонани стандартга мослаштираман десанг уларни, яъни ўша фармназорат ёллаган уста қилиши керак экан. Монополияни қаранг! GPP талаби бўйича фақат бизнинг усталар қилади, дейишяпти. Фақат уларнинг хусусий институтида ходимларимизни пулга ўқитар эканмиз. Каттаконлар ўзлари институт ташкил қилган. Ҳамма томондан кислородни беркитиб, фақат ўзларининг фойдасига ишлайдиган қилишяпти бутун фармбизнесни. Буёғига катта акулалар қолади, бизникига ўхшаган майда дорихоналарни йўқ қилиб, катталарини ўзининг йўриғига солмоқчи”, дейди исмини очиқлашни истамаган аптека эгаси.

Дорихоналар энг кўп давлат

Ўзбекистон дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп дорихонага эга мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 15 253 та дорихона мавжуд. Бу ўртача 2 400 кишига битта дорихона тўғри келади, деганидир.

Статистикага қаралса, Ўзбекистонда ўттиз йил ичида дорихоналар сони етти баравар ошган.

1995 йилда бутун Ўзбекистонда 2200та дорихона бўлган, холос.

Ўзбекистон дори-дармон воситалари сотувининг ҳажми бўйича МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.

Россиянинг IMS Health таҳлилий маркази ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда дори-дармон сотилиши ҳажми йилига ўртача 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Ўзбекистон ички бозоридаги фармацевтика маҳсулотларнинг учдан бир қисми маҳаллий корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Қолгани Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар орқали Ўзбекистонга экспорт қилинади. Ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга 60 миллион доллардан кўпроқ дори-дармон экспорт қилинган.

Мамлакатдаги дорихоналарнинг саксон фоизи тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилинмагани оқибатида, бу дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нархи қиммат, бунинг устига сифати ҳам кафолатланмаган.

“Болаларнинг заҳарланишида фармназоратдагилар айбдор аслида, лабораториядан ўтказмаган дорини, балога аптекалар қоляпти. Энди бизнинг ҳисобимиздан дори савдосини тартибга солишга ҳаракат қилиняпти. Фармсаноат коррупциянинг ини бўлса, энди уларга худо берди. Бутун дорихоналардан ўлпон йиғишга ўтишди булар.Тошкентда кўчани йўқотиб, булар қонуний кўча ясаволиб, ҳар битта аптекадан бир йилга 40 миллион сўмдан олса, 16 мингта аптекадан қанча тушум бўлади?”, дейди тошкентлик дорихона эгаси.

GPP нима?

Яхши дорихона амалиёти (GPP) – бу жаҳоннинг барча ривожланган мамлакатларидаги дорихоналар амал қиладиган халқаро стандартдир.

У фармацевтлар томонидан аҳолига кўрсатиладиган фармацевтика хизматларининг тегишли сифатини таъминлаш учун ишлаб чиқилган Қоидалар бўлиб, дорихоналар кундалик фаолиятининг барча масалалари ва жиҳатларини қамраб олиши керак.

«Яхши дорихона амалиёти» (GPP) атамаси биринчи бор 1991 йилда фармацевтика бозорининг чакана савдо тармоқлари ривожланган 10 та давлатнинг етакчи экспертлари йиғилишида киритилди.

1993 йилда (GPP) йўриқномаси Халқаро фармацевтика федерацияси (FIPP) томонидан қабул қилинган ва ЖССТ томонидан ҳар бир мамлакатнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда миллий стандартларини яратиш учун асос сифатида тасдиқланган.

Дорихона томонидан «Яхши дорихона амалиёти» (GPP) қоидаларининг жорий этилганлиги, ваколатли орган томонидан бериладиган «Яхши дорихона амалиёти»

Давлат стандарти талабларига мувофиқлик сертификати билан тасдиқланади.

Ўтган ой ўзбек расмийлари Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан ўлган болалар сони расман 69 нафарга етганини тасдиқлаган.

Тошкентда 5 январда ўтган судда, шу кунгача “Док-1 Макс” сиропидан яна камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани очиқланди.

Бунга қадар ўлган болалар сони 65 нафар дейилган, ногиронлик ҳақида айтилмаганди. Жамоатчилик асл рақам бундан кўп бўлиши мумкинлигини айтиб келади.

Ёш болаларнинг “Док-1 Макс”дан ойлар давомида заҳарланиб, ойлар давомида вафот этиши - Ўзбекистонда охирги йилларда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик инқирозга сабаб бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG