Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Президент совғаси" деб берилган уйи тортиб олинаëтган аëл ўз жонига қасд қилди (ВИДЕО)


Ўз жонига қасд қилган 42 яшар Дилором Маъмирова ҳаётини қўшнилари аранг қутқариб қолди.

Маъмирова Марғилон шаҳри маъмуриятининг хатти - ҳаракати ўзини бундай кескин қадамга мажбур қилганини айтди.

Мулозимлар Маъмирова ва унинг ўнлаб қўшнисидан “президент совғаси” дея текинга берилган уй учун ижара пули талаб қилишган.

"Қутқариб қолдик"

Суиқасд уриниши 12 февраль куни кечки соат олтиларда Дилором Маъмировага квартира ажратилган собиқ коллеж биносида содир бўлган. Озодлик билан суҳбатлашган Дилором Маъмированинг ён қўшниси воқеани шунда тасвирлайди.

“Коридорда қўшнилар билан карта ўйнаб ўтиргандик. Бу аёл сигарет сотади, сигарет олиш учун унинг эшигини қоқдим. Лекин жавоб бермади. Сал қаттиқроқ итаргандим, эшик очилиб кетди. Қарасам, Дилором опа трубага осилган ҳолда, типирчилаб турибди. Югуриб бориб, оёғини кўтардим ва бошқаларни ёрдамга чақирдим. Арқонни кесиб, қутқариб қолдик, кейин “Тез ёрдам” чақирдик. Кейин уни шифохонага олиб кетишди”, дейди исмини очиқламасликни сўраган йигит.

Марғилонлик аёл ўзини осди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00
Бевосита линк

"Кўчада қолганимдан кўра, ўлган яхши эмасми?"

13 февраль куни Озодлик Дилором Маъмированинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди. Дилоромнинг айтишича, Марғилондаги собиқ Иқтисодиёт коллежи биноси бир ой аввал 88 та кам таъминланган оилага “президент совғаси” сифатида бепул берилган. Бироқ¸ Дилоромга кўра, куни кеча Марғилон шаҳар ҳокимлигидан келиб, ижара ҳақи талаб қилиб, тўламаганларни уйдан ҳайдаш билан таҳдид қилишган ва у бунга норози бўлиб ўзини осган:

- Агар 3 ойлик пулни тўламасанг, уйни олиб қўяман, деди. Ишламайман, фарзандим йўқ, боқувчим йўқ, ҳалигини гаплари менга оғир ботди. Яна кўчада қоламанми, дедимда ўзимни осиб қўйдим. Ўзимни уйимда, менга берилган хонадонда, спальнийда паравой отоплениенинг трубаси тортилган. Ўша трубага арқонни тўрт қават қилиб, бойлаб осдим ўзимни. Кўчада қолганимдан кўра, ўлганим яхши эмасми? Кунда қийналиб яшаганимдан кўра, у дунёнинг азобини тортганим яхшида. Нимага бизни алдайди, бу “президент совғаси” деб. Шунча одамни алдади. Ҳамма кам таъминланган бечораларни,- дейди Дилором Маъмирова.

Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Дилором Маъмирова билан боғлиқ воқеа бўйича жиноят аломатлари йўқлиги боис ҳеч қандай иш очилмаган.

- Ҳамма шокка тушиб қолди. Тўғри қутқариб олдик. Участковой келиб, “Раҳмат сизларга, унақа-бунақа” деди. Шу ҳокимиятдан келиб, пул талаб қилди,- дейди Дилоромнинг қўшниси Ойдиной Собирова.

"Прокатга олинган телевизорлар"

“Президент совғаси” сифатида берилган собиқ Иқтисодиёт коллежи биносида 20 нафар ногиронлар оиласи ва 68та кам таъминланган оила яшайди.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, бинони “президент совғаси” сифатида топшириш тадбири 2017 йилнинг 26 декабрь куни бўлиб ўтган, ҳокимлик вакиллари иштирок этган тадбир пайти бинонинг биринчи қаватидаги хоналарнинг барчаси телевизор, диван-кресло, гилам, парда билан безатилиб, видео репортаж қилинган. Бироқ суҳбатдошларнинг айтишича, тадбир тугаши билан хоналардаги жиҳозлар олиб кетилган.

Ўша куни “президент совғаси” сифатида уй билан таъминланган иккинчи гуруҳ ногирони, 30 яшар Саидакбар Комиловга кўра, унинг хонаси тадбирдан сўнг бўм-бўш бўлган:

- 26 декабрь куни байрам қилиб берди. Вилоят ҳокимлари бор эди, Ғаниев. Битта аёл келган экан Тошкентдан. Видеога олди. 32 лик телевизор борку, янги чиққан ўша бор эди. Парда, гилам бор эди. Келганимизда ҳаммаёқ безатилган эди. Кейин келсак йўқ бўлган. То биз кўчиб, келгунимизча, ҳалиги нарсалар йўқ бўлган. Телевизор, гиламни олиб чиқиб кетишган. Президент томонидан сизларга бепул берилди, деган нарсалар йўқ бўлган. Пардалар бор эди, пардаларни олиб чиқиб кетишган. Хоналарни қуп-қуруқ қилиб қўйишган. Видеога олгунча, вақтинча қўйиб турган экан. Шу ярим соат, бир соатда олиб чиқиб кетишган. Сўрасак, прокатга олиб турганмиз дейишди,- дейди Саидакбар Комилов.

"Оч қоладиган кунларимиз бор"

4 фарзанднинг онаси 45 яшар Ойдиной Собировага кўра, ўзи ва унинг қўшнилари моддий жиҳатдан жуда қийналган оилалардир:

- Ҳаммасининг кичкина боласи бор, хотинлар иккиқат, эркакларимизга иш бор, иш йўқ. Ҳозир ниҳоятда қийналган. Бир-биримиздан нон олиб еяпмиз. Агар бирорта одам ҳам овқат қилмаса, оч қоламиз. Қайси бири овқат қилса, келинглар дейди. Ўшани кириб ичаяпмиз. Кечки пайт келинглар, битта квартирада ҳаммамиз бола-чақамиз билан ўтирган бўламиз. Нимага десангиз, ўша ерда овқат қилинган бўлади. Бизни “президент совғаси” деб бу ерга олиб келишди. Келсак, на свети бор, на гази бор, ҳеч нимаси йўқ уйни бериб, энди биз свет учун счётчик олдик, ҳамма кам-кўстини тўғрилагандан кейин кечаги куни келиб, ҳокимиятдан 300мингдан ижара ҳақи сўради, -дейди Ойдиной Собирова.

Бу уйда яшовчиларга кўра, бинодаги шароит санитария қоидаларига жавоб бермайди. Улар сўзларига илова қилиб, бино суратларини Озодликка йўллашди.

13 февраль куни Марғилон шаҳар ҳокимлигидан мазкур шикоят юзасидан бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ҳокимликнинг уй-жойлар бўлими бошлиғи Мухтор (Озодликка унинг фамилияси маълум эмас -таҳр.) исмли шахс Озодликдан эканлигимизни айтишимиз билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

XS
SM
MD
LG