Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди


Эрон президенти Иброҳим Раисий.
Эрон президенти Иброҳим Раисий.

Эроннинг Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеий президент Иброҳим Раисий ва Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиённинг ўлими муносабати билан мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилди.

Эрон президенти, ташқи ишлар вазири ва яна бир қатор расмийларнинг жасадлари мамлакат шимоли ғарбидаги вертолёт қулаган жойдан топилган.

20 май куни Эрон давлат телеканали вертолёт қулашига ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлганини билдирди. Вертолёт қулаган пайт унинг бортида қанча одам бўлгани маълум эмас.

Хоманеий биринчи вице-президент Муҳаммад Мохберни муваққат президент деб эълон қилди. Эрон қонунчилигига мувофиқ президент вафот этгани тақдирда унинг ваколатлари биринчи вице-президентга ўтади.

Амалдаги тартибга кўра, парламент спикери, адлия раҳбари ҳамда биринчи вице-президент эллик кун ичида янги президент сайланишини таъминлашлари керак.

Эрон давлат матбуотининг хабар беришича, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Бағери Кани вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Муҳаммад Мохбер.
Муҳаммад Мохбер.

Ҳалокат хроникаси

Бортида президент Раисий ва бошқа расмийлар бўлган вертолёт 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбойжон вилоятида ҳалокатга учраган.

Бу ҳақда Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд маълум қилди дея хабар қилди IRIB ҳамда Mehr агентликлари.

Афсуски, қулаган вертолёт жойи аниқланганидан кейин вертолёт йўловчилари тирик қолганига оид ҳозирча ҳеч қанақа белги йўқ”, деган Коливанд.

Бундан ташқари, исми ошкор қилинмаган эронлик мулозим Reuters агентлигига вертолёт қулаш натижасида тўлалигича ёниб кетганини маълум қилган.

“Президент Раисий, ташқи ишлар вазири ва вертолётнинг барча йўловчилари авиаҳалокат натижасида нобуд бўлишди”, деган юқори лавозимли мулозим агентликка.

Вертолёт бортида Иброҳим Раисийдан ташқари ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Табриз шаҳар масжиди имоми Саййид Муҳаммад Али Ҳошим, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ва бошқа бир неча киши бўлган.

Эроннинг авиаҳалокат содир бўлган айтилаётган Шарқий Озарбайжон вилояти Теҳрондан тахминан 600 километр шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, Арманистон ва Озарбайжон билан чегарадош.

Эроннинг давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги вертолёт қулаши натижасида ҳалок бўлганларнинг жасади Қизил ярим ой жамияти қутқарувчилари ва Эрон армиясининг пиёда қўшинлари жангчилари томонидан “қуйига индирилаётгани” акс этган кадрларни ёйинлади.

Агентлик Раисий ва ҳамроҳлари АҚШда ишлаб чиқарилган Bell 212 вертолёти бортида бўлишганини хабар қилган. Авиаҳалокат эронлик расмийлар якшанба куни Озарбайжон чегарасидаги Қиз қалъаси тўғони қўшма лойиҳаси очилишидан қайтаётган пайтда содир бўлган. 19 май куни Раисий билан учрашган ва “дўстона хайрлашган” Илҳом Алиев вертолёт “қаттиқ қўниш”ни амалга оширганига оид хабарлар пайдо бўлгани ортидан Эрон томонига ўз ёрдамини таклиф қилган.

Вертолётни қидириш ишлари 20 май тонгигача давом этган.

Аввалроқ исми ошкор қилинмаган эронлик мулозим Reuters агентлигига, юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, президентнинг ҳаёти “хавф остида” бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Мамлакат расмийлари аҳолини президент учун дуода бўлишга чақиришган.

2021 йили мамлакат президенти этиб сайланган 63 ёшли Иброҳим Раисий норозилик чиқишларини аёвсиз бостирган қаттиққўл раҳбарлардан бири бўлиб ҳисобланган. У лавозимга келганидан буён мусулмон ахлоқига оид қонунларни кескинлаштирган ва Эрон ядровий дастури бўйича қудратли давлатлар билан музокараларни фаол олға суриб келган.

Расмий Теҳрон вертолёт об-ҳаво шароити туфайли қулаганини айтмоқда

Эрон давлат телевидениеси 20 май куни ичида Раисий ва бошқа мулозимлар бўлган вертолёт об-ҳаво шароитини ёмонлиги туфайли қулаганини хабар қилди.

Давлат нашрларига кўра, айни пайтда Теҳронда ҳукуматнинг ошиғич мажлиси ўтказилмоқда.

Эрон қонунчилигида, мамлакат президенти вафот этган тақдирда, унинг ваколатлари президентнинг биринчи ўринбосарига ўтиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Мухбир бўлиб ҳисобланади.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, парламент спикери, суд ҳокимияти раҳбари ва президентнинг биринчи ўринбосаридан иборат кенгаш 50 кун ичида янги президент сайловини ташкил этиши лозим.

Mehr агентлиги хабарига кўра, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва саккиз нафар ҳамроҳининг жаноза ва дафн маросимлари 21 май куни бўлиб ўтади.

Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий президент Раисий ва бошқа мулозимлар ўлими муносабати билан мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилди.

Исроил Раисийнинг ўлимига алоқаси йўқлигини айтмоқда

Исроилнинг Эрон президенти Иброҳим Раисий ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ҳақда Reuters агентлиги исроиллик мулозимлардан бири сўзларига таянган ҳолда хабар қилди. “Буни биз қилганимиз йўқ”, дея иқтибос келтирган агентлик исми ошкор қилинмаган мулозимдан.

Раисий Исроилга нисбатан кескин муносабат тарафдори ўлароқ танилган сиёсатчи эди. Эрон Исроилга душман бўлган радикал гуруҳларни дастаклаб келади.

Жорий йил апрелида Эрон Исроил ҳудудига юзлаб дрон ва ракеталар учирган эди. Теҳрон бу ҳужум Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига берилган зарбасига жавобан амалга оширилганини билдирган. Исроил тарафидан 1 апрель куни уюштирилган ҳужум оқибатида Дамашқда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ўлдирилган эди.

Теҳрон дунёнинг турли бурчакларидан таъзияларни қабул қилмоқда

Исроил билан жанг қилаётган Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган), Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи, Яман пойтахтини назорат қилаётган ҳусийлар ҳамда Яқин Шарқдаги бошқа эронпараст гуруҳлар президент Раисий ва ТИВ раҳбари Абдуллоҳиён ўлими муносабати билан таъзия изҳор қилишди. “Ҳизбуллоҳ” позицияси кучли бўлган Ливанда уч кунлик мотам эълон қилинди. Покистонда ҳам бир кунлик мотам эълон қилинган.

Раисийнинг ўлими муносабати билан Россия президенти Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам таъзия билдирган. Путин Раисий ҳақида кўнглида “энг ёрқин хотира бир умр сақланиб қолиши”ни билдириб, уни “Россиянинг ҳақиқий дўсти” деб атаган.

Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко ҳам Эроннинг марҳум президентини “Беларусь дўсти” деб атаган.

Шу каби таъзия изҳорлари халқаро майдонда Эронга яқин позиция тутган Сурия ва Венесуэла каби мамлакатлар лидерларидан ҳам келган. Пекин ХХР ТИВ раҳбари Ван И орқали “чуқур қайғуда” эканини билдирган.

Эронга қўшни бўлган Туркия, Озарбайжон, Арманистон ва Ироқдан ҳам таъзияномалар келган.

Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ЕИ номидан Эрон президенти ва вертолётда бўлган бошқа 8 киши ўлими муносабати билан “чуқур ҳамдардлик” изҳор қилган.

Эрон билан дипломатик алоқаларга эга бўлмаган АҚШдан эса Раисийнинг ўлими юзасидан ҳали бирор изоҳ келганича йўқ.

Вертолёт қулаган жойда об-ҳаво шароитининг ўта ёмон бўлгани қидирув ишларини қийинлаштирган
Вертолёт қулаган жойда об-ҳаво шароитининг ўта ёмон бўлгани қидирув ишларини қийинлаштирган

Мирзиёев Раисий ўлими муносабати билан Хоманаийга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти ҳудудида вертолёт қулаши оқибатида президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан Эрон Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади”, дейилган хабарномада ўз таъзияномасида Мирзиёев “дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия” изҳор этгани қўшимча қилинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 19 май оқшомида "Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг фавқулодда қўндирилиши тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилгани ва барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қилаётганликлари"ни билдирган эди.


"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вертолёт йўловчилари, жумладан Эроннинг юқори мартабали вакиллари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бормоқда.

Ўзбекистон томони зарурат бўлиши билан Эронлик дўстларимизга барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдиради", дейилган баёнотда.

Форум

XS
SM
MD
LG