Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Журналистлар кунида ҳам Мирзиëев матбуот билан учрашмади (ВИДЕО)


Айрим ўзбек журналистлари¸ ҳамма соҳа вакиллари билан учрашаëтган президентнинг нега матбуот билан учрашмаëтганидан ҳайронликларини айтмоқда.
Айрим ўзбек журналистлари¸ ҳамма соҳа вакиллари билан учрашаëтган президентнинг нега матбуот билан учрашмаëтганидан ҳайронликларини айтмоқда.

10 ойдан бери президент сифатида фаолият кўрсатаëтган Шавкат Мирзиëев ҳозирга қадар журналистлар учун бирорта матбуот анжумани ўтказмади¸ улар билан бирор марта юзма-юз суҳбатлашмади. Ўзбек журналистларининг ўз касб байрамлари кунида президент билан учрашиш эҳтимоли ҳам рўëбга чиқмади - президент номидан ëзилган қисқа табрикни унинг давлат маслаҳатчиси ўқиб берди.

"Табрик қисқароқ¸ тадбир камтарроқ бўлди"

27 июнь – Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири Ҳамза номидаги миллий академик драма театрида бўлиб ўтди.

Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирган табрикда, асосан, Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда республикани ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, унда матбуотнинг ўрни ва аҳамияти урғуланди.

Одатдагидек, тадбирда "Йилнинг энг фаол журналисти", "Энг фаол спорт журналисти" танловлари ғолибларига совғалар берилди. Сўнгра пойтахтнинг Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида журналистлар ва уларнинг болалари учун сайил бўлиб ўтди.

Расмий байрам тадбирида иштирок этган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, Мирзиёевнинг табриги, мазмун жиҳатидан аввалги табриклардан фарқ қилмаган, аммо сезиларли даражада қисқа бўлган:

- Каримовнинг табриги узундан-узоқ бўларди. Аммо, Мирзиёевнинг табриги жуда қисқа бўлди. Биз энди байрам муносабати билан президент журналистлар билан учрашади, деб кутган эдик, афсуски, бўлмади. Аммо тез орада бўлади, деган гаплар бор, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон марказий телерадиокомпаниясида узоқ йиллар ишлаган журналистлардан бири ҳам президент билан учрашув айнан касб байрами арафасида ўтказилиши кутилаётгани ҳақида ёзди. Унинг фикрича, бу йил касб байрамида матбуот ва ОАВ ходимларига эътибор паст бўлган.

"Кеча президентнинг руҳий беморлар шифохонасига борганидан хабардорсиз. Журналистларга шу қадар ҳам эътибор кўрсатилмади. Кўпчилик президентнинг журналистлар билан ё 3 май, ё 27 июнда учрашишини кутган эди¸ лекин бу учрашув яна бўлмади", деб ёзди Озодликка ўзбекистонлик журналистлардан бири.

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан буён мажлис хоналаридан марказий телевидение экранларига кўчирган видеоселектор йиғилишларида мамлакат бошқарувидаги қатор соҳалар ходимлари билан учрашди. Суд, прокуратура, соғлиқни сақлаш, дин, таълим каби соҳаларда кўзлаётган ислоҳотларини баён қилди, аммо матбуот вакиллари билан учрашмади¸ ҳозиргача бирор марта матбуот анжумани ҳам ўтказмади.

"Матбуот ўзини энди Мирзиëв талабига мослашга уринмоқда"

Бунга қадар 30 март кунги видеоселекторда, бошқа масалалар қатори, Ўзбекистон телевидениесини ҳам бирров тилга олган президент ТВ фаолиятини танқид қилиб, бу тизимни ўзгартириш кераклигини таъкидлаган эди.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деган эди, жумладан, Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистондаги расмий нашрлардан бирида ишловчи журналистнинг айтишича, ана шу кўрсатувдан сўнг у ишлайдиган нашр муҳарири жамоани йиғиб, улардан танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишни сўраган.

- Мана президентимиз айтди, танқидий мақолалар ёзинг, деб, танқидий мақолалар ёзиб келинглар, деди. Ёзиб бордик, аммо чоп этмади. Менинг кузатишимча, Мирзиёев очиқ ёзинглар, дегани билан йиллар давомида ўтирган газета ва журнал муҳаррирларида бундай журъат йўқ. Босма нашрларда ҳали ҳеч қандай ўзгариш йўқ, - деди республика миқёсидаги расмий газеталаридан бирида ишлайдиган, исмини ошкор қилмаган яна бир журналист.

Айрим журналистларга кўра¸ президент номма-ном санаб, танқид қилган ва раҳбари алмаштирилган Ўзбекистон марказий телевидениеси кўрсатувларида айрим ўзгаришлар кузатилмоқда.

Хусусан улар 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан "Ўзбекистон" телеканалида берилган "Муносабат" кўрсатувини ана шу ўзгаришлар нишонаси сифатида тилга олдилар.

Бу баҳс жараёнида "Халқ сўзи" расмий газетасига "тазйиқлар остидаги мажбурий обуна", расмий матбуотнинг "ҳукумат сиёсати билан чекланиб қолгани"ю "сариқ матбуотнинг савиясизлиги", ўқитувчиларнинг таълим қолиб, "кўча супуриши", шифокорларнинг соғлиқни сақлаш қолиб "дарахт оқлаши" каби муаммолар тилга олинди.

"Эркин микрофон" vs "Эркин объектив"; OzodlikOnline vs Ўзбекистон онлайн?

Расмий телевидениедаги бу жонланиш, йиллар давомида кузатилгани каби, президент рухсат берган соҳа ва даражадагина қолмоқда¸ дейди журналист Ташанов:

- "Эркин объектив", "Ўзбекистон онлайн" деган кўрсатувларда болалар меҳнати, ўқитувчиларнинг мажбурий ишлатилиши, йўллар масалалари кўтариляпти. Ўткир чиқишлар бўлаяпти. Албатта, ҳукуматни айблаб, сиёсий урғу бериб, бу нарсалар гапирилаётгани йўқ. Аммо, ҳокимлар, вазирлар интервью бериб, муаммолардан гапира бошлаганининг ўзини ҳам ижобий баҳолаш мумкин. Авваллари бунақа гаплар умуман йўқ эди, - дейли Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон йиллардан бери халқаро ташкилотлар томонидан сўз эркинлиги бўғилган, мустақил матбуот сиқиб чиқарилган, расмий матбуот эса ҳукуматнинг тарғибот воситасига айланган давлат сифатида танқид қилиб келинaди.

Мирзиёев ўтган йилнинг декабрида президент бўлиб сайланганидан буён халқаро жамоатчилик кутаётган муҳим ўзгаришлардан бири айнан матбуот эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлардир.

Аммо ҳозирча на президент, на расмий матбуот бу борада жиддий ислоҳотлар, хусусан¸ мустақил ва хориж оммавий ахборот воситаларининг мамлакатда қайта иш бошлашига имкон берилганига оид баёнот берди.

XS
SM
MD
LG