Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

Туркиядан қайтарилган Ўзбекистон фуқароси 15 йилга қамалди


21 декабрда Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши туман суди 38 яшар Эркин Авазовни 15 йилга озодликдан маҳрум этди. Қарши туман суди ходимининг Озодликка билдиришича, ҳаммаси бўлиб уч кун давом этган суд сўнгида Эркин Авазов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш), 159-модда (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 155-модда (Терроризмни молиялаштириш) ва 246-моддада (Контрабанда) айбдор деб топилган.

Суд жараёнини яқиндан кузатаётган яқинларига кўра, прокурор Эркин Авазовни Туркияда яшаëтган пайтда Суриядаги жангариларга маблағ етказиб турганликда айблаган.

Адвокат Менглижон Холмирзаев Озодлик билан суҳбатда у ҳимоя қилган Эркин Авазов суд жараёнида ўзига қўйилган қўйилган айбловларга иқрор бўлганини билдирди:

- Эркин Авазов ўзига қўйилган айбловларни тан олди. Ўзининг онаси олдида, ўзининг уруғлари олдида, ўзининг авлодлари олдида, маҳалласининг олдида очиқ судда ўзининг берган кўрсатмасида, баёнотида тан олди. Телефонида аниқланган нарсалар бўйича, ўзи сақлаган адабиёт бўйича экстремизм ғоялари мавжудлигини ўзи тан олган. Бу ҳолатлар бўйича экпертиза хулосаси бор, - деди адвокат Менглижон Холмирзаев.

Адвокат тергов жараëнида ўз мижозига нисбатан қийноқ қўлланилмаганини қўшимча қилди.

Эркин Авазовнинг яқин дўсти Озодлик билан суҳбатда чиқарилган ҳукмдан таажжубга тушганини айтди.

"Унга хориждаги жангариларга молиявий ёрдам берган¸ деган айблов қўйилибди. Таажжубга тушдим. Чунки, мен жуда яхши биламан, унинг молиявий аҳволи жуда оғир эди. Ўзимдан бир неча марта қарз олганди. Кўплардан қарзи бор эди. Ҳатто, квартира пулини тўлашга ҳам қийналарди," - деди исми сир қолишини истаган Эркин Авазовнинг дўсти.

"Махфий" депортация

Эркин Авазов 22 июнда Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинганди
Эркин Авазов 22 июнда Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинганди

Эркин Авазов шу йилнинг 22 июнида Туркиядан Ўзбекистонга “махфий тарзда” бериб юборилиши ортидан Тошкент аэропортида ҳибсга олинган эди.

Яқинларига кўра, Эркин Авазов 2017 йилнинг апрель ойида Истанбулнинг Пендик мавзесида турк поллицияси ўтказган аксилтеррор рейдлари пайтида ҳибсга олинган.

Аксилтеррор рейдлари янги йил оқшомида Истанбулдаги “Рейна” тунги клубига уюштирилган ҳужум ортидан бошланган эди.

Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳужумга алоқадорликда гумонланган 780 киши, жумладан 350 нафар хориж ватандоши ҳибсхоналарда сақланаётгани ҳақида маълум қилганди.

Рейдларда ушланган ўнлаб ўзбекнинг аксари кейинчалик ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилган.

Озодлик асли Қашқадарёдан бўлган Эркин Авазовнинг ҳозирда Туркияда қолган рафиқаси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди:

- Икки болам билан Туркияда қолдик. Хўжайним шу ерда савдогарчилик қиларди. Икки ой аввал бизнинг районимиздаги рейдлар пайти полиция ушлаб, ҳужжати йўқлиги учун олиб кетганди. Энди Ўзбекистонга махфий тарзда бериб юборибди, - деб айтган эди Эркин Авазовнинг исми сир қолишини истаган рафиқаси.

Эркин Авазов Туркияга 2014 йилда рафиқаси ва икки фарзанди билан Россиядан кўчиб келган.

Турмуш ўртоғига кўра, "тирикчилик учун" улар Ўзбекистондан Россияга, кейин Туркияга келишга мажбур бўлганлар.

Туркияда экан Авазовлар оиласи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "бошпана изловчи" мақомини олганди.

Ака-ука Авазовлар 2013 йилдан буён қидирувда бўлган
Ака-ука Авазовлар 2013 йилдан буён қидирувда бўлган

Озодликка тақдим этилган расмий ҳужжатлардан Эркин Авазов ва акаси Умид Авазовнинг диний экстремизм айблови билан 2013 йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда бўлгани кўрилади.

41 яшар Умид Авазов¸ Озодликка маълум бўлишича¸ ҳозирда Россиянинг Красноярск вилояти Березовка шаҳарчасидаги махсус жамлоқда сақланмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолди.

Шу кунгача Ўзбекистонда деярли ҳар йили Мустақиллик куни ёки Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиб келинган.

Бу амнистияларга мувофиқ, одатда, ёши 60дан ошган маҳкумлар, жамият учун ўта хавфли бўлмаган жиноятларга қўл урганлар озод қилинган.

XS
SM
MD
LG