Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

"Навбатдаги кўзбўямачилик". "Эрк" партияси президент сайловини бойкот қилишга чақирмоқда


Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ.
Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Ўзбекистонда 24 октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловини бойкот қилишга чақирди.

9 август куни партиянинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда
президент сайлови “Ш.Мирзиёев бошчилигидаги сиёсий гуруҳнинг навбатдаги кўзбўямачилиги” экани айтилади.

Партия раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, “Каримов даврида бўлганидек, давлат бошқарувининг бу олий мақомига қўғирчоқ партиялардан номзодлар кўрсатилган ва бу қўғирчоқ номзодлар ҳам, бир пайтлар диктатор Каримовнинг сохта рақиби Каримовга овоз бергани каби, Мирзиёевга овоз беришади”.

Муҳаммад Солиҳнинг сўзларига кўра, "Ш.Мирзиёев ислоҳотлар ўтказишга лаёқатсизлигини кўрсатган ва “ўзбек халқи бугун ҳам Каримов давридагидай “фавқулодда ҳолат”да яшашда давом этмоқда”.

Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабридаги илк президент сайловларида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган ва расман 12,7 фоиз овоз олгани эълон қилинган. “Эрк” партияси сайлов натижалари сохталаштирилганини айтади.

"Эрк" партияси президент сайловини бойкот қилишга чақирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00

“Эрк” партиясининг 2019 йилги парламент сайловлари ҳамда келаётган президент сайловида қатнашиш ҳаракатлари амалдаги ҳокимиятнинг қаршилигига учраган.

Шу йил июнида “Эрк” партиясидан номзоди илгари сурилган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов ўтган ой ўзи ва яқинларига босимлар ортидан сиёсий фаолиятини тўхтатиб туришини эълон қилган эди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказилган учрашувда хорижаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак".

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ. Мавжуд сайлов қонунчилиги сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

“Янги Ўзбекистон” - эски авторитар тизим. Марказий Осиё яккаҳокимлиги сиртмоғидан чиқа олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга ҳақиқий мухолифат кирадими, йўқми, аниқлик киритмаганлар.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 7 август куни, кутилганидек, сайловларда иқтидордаги Ўзбекистон Либерал демократик партияси (ЎзЛиДеП) номзоди бўлиши эълон қилинди.

Қолган тўрт номзоднинг икки нафари - Экологик партия етакчиси Нарзулла Обломуродов ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси раиси Баҳром Абдуҳалимов Президент Администрациясининг собиқ мулозимларидир.

Расмий Тошкент "Эрк" партиясининг мамлакатдаги сиёсий вазиятга доир баёнотларига муносабат билдирмайди. Партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон маҳкамаси томонидан 1999 йил февраль портлашларида айбланиб, 15,5 йилга сиртдан ҳукм этилган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мухолифат ва унинг раҳбарига қарши айблар ортида сиёсий сабаблар турганини айтишган.

Озодлик таҳририяти Ўзбекистон сайлов мулозимларининг "Эрк" партиясининг баёноти юзасидан расмий муносабатига очиқ.

XS
SM
MD
LG