Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Эрдўғоннинг Ғарбга яқинлашиши Путин учун нимани англатади?


Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Сочи, 2018 йил
Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон. Сочи, 2018 йил

Ражаб Тоййиб Эрдўғон янги беш йиллик муддатга сайланганидан сўнг Ғарб билан йиллар давомида таранглашган муносабатларини яхшилашга уринмоқда. Унинг бу ҳаракати Туркиянинг Россия ва Украина билан муносабатлари ҳамда Украинадаги урушга қандай таъсир қилиши борасида қатор саволлар пайдо қилади.

11-12 июль кунлари Литвада бўлиб ўтган НАТО саммити арафасида Туркия раҳбари Швециянинг трансатлантик альянсга қўшилишини маъқуллаб, Туркиянинг EИга аъзо бўлиш истагини қўллаб-қувватлашга чақирди.

У 7 июль куни Истанбулда Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашди.

Эрдўғон Украина НАТО аъзолигига лойиқ эканини таъкидлади. Россия буни қизил чизиқ деб ҳисоблайди. Шунингдек, Анқара беш украиналик ҳарбий қўмондонни Путинга ваъда қилган муддатдан олдинроқ Киевга жўнатиб юбориб, Кремлни ранжитди.

Эрдўғон АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиб F-16 қирувчи учоқларини сотиб олиш борасида келишувга эришди. Шунингдек, Швецияни Туркия-Европа Иттифоқи божхона иттифоқини модернизация қилиш ва терроризмга қарши ҳамкорлик қилишга ҳам кўндирди.

Экспертлар фикрича, бу яқинлашув Эрдўғоннинг Ғарб билан ҳамжиҳатлигига ёки Путин билан муносабатларини хавф остига қўйишга тайёрлигидан далолат қилмайди. Туркия раҳбари ҳам Путин сингари Ғарбнинг дунёда ҳукмронлик қилиш уринишларига қарши. Ғарб етакчилари Эрдўғоннинг мағлубиятига кўз тикиб турган бир пайтда Путин сайлов кампанияси чоғида Эрдўғонни очиқ қўллаб-қувватлади.

Эрдўғоннинг Ғарбга яқинлашуви асосан Туркия иқтисодиётини жонлантириш учун кўпроқ хорижий сармояга муҳтожлиги билан боғлиқ.

Туркия-Россия муносабатлари асосан икки авторитар етакчининг шахсий муносабатларига асосланади, бироқ заифлашган Путин унчалик ҳам ишончли ҳамкор бўлолмайди, дейди экспертлар.

Вашингтондаги Брукингс институти ходими Асли Ойдинтошбошнинг фикрича, Эрдўғон сайловлар тугаганидан кейин “Ғарб билан алоқаларни илиқлаштиришга ҳаракат қилаётгани”, бироқ бу яқинлашув “маълум шартлар асосида” бўлишини хоҳлайди.

Туркия бўйича эксперт Николас Данфортнинг таъкидлашича, Эрдўғоннинг ҳаракатларини Ғарб томон “катта яқинлашув” сифатида кўрсатиш Туркия раҳбарига “инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги борасида ўзгариш қилмасдан ҳам ўзи хоҳлаётган иқтисодий ва сиёсий манфаатларни” қозониш имконини беради.

Бокудаги Ривожланиш ва дипломатия институти ходими Руслан Сулаймонов Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси томонидан чоп этилган ҳисоботида ёзишича, Эрдўғоннинг Европа билан интеграция ҳақидаги гаплари келаси йилги муниципал сайловлар олдидан ғарбпараст шаҳар аҳолиси орасида ўз партияси тарафдорларини оширишга уринишдир.

Туркия ва Ғарб муносабатлари 2003 йилдан бери ёмонлашиб келмоқда. Эрдўғон даврида демократиянинг ортга кетиши, мухолифатнинг қамоққа ташланиши, Евроиттифоқ давлатлари билан келишмовчиликлар ва Путин билан яқин алоқалар Ғарб билан муносабатларни кескинлаштирди.

Туркия Россиядан S-400 ракета тизимини олишга келишгандан сўнг, 2019 йилда АҚШ Туркияни F-35 қирувчи учоқлари дастуридан чиқариб юборди.

Россиянинг Украинага босқини

Россия 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши билан вазият ўзгарди. Эндиликда Эрдўғон НАТО ва Вашингтон учун энг муҳим ҳамкор сифатида майдонга чиқиши учун имконият пайдо бўлди.

Эрдўғон уруш бошидан бери нозик мувозанатни сақлаб келмоқда. У бир томондан, Кремлни қоралаб, Украинага ёрдам беради, бошқа томондан, Россия билан савдони кучайтириб, унинг санкцияларни четлаб ўтишига кўз юмиб келади.

Эрдўғон Москва ва Киев ўртасида имзоланган ғалла келишувига ҳам воситачилик қилди. Туркия Украина ва Россия ғалласининг асосий импортчиси бўлиб, дон келишувидан бевосита фойда кўрди.

Эрдўғон, шунингдек, маҳбусларни алмашиш бўйича музокараларда ҳам воситачилик қилди. 2022 йил сентябрида Туркия Азов полкининг бир неча қўмондонини уруш охиригача Туркияда бўлишини таклиф қилди. Литвадаги НАТО саммити олдидан эса у Азов ҳимоячиларини Украинага топширди.

Россия эса Эрдўғоннинг бу ишини Москвага нисбатан “нодўстона” деб атади.

Эрдўғоннинг айтишича, Москва Азов қўмондонлари озод қилиниши сабабларини тушунган. Кремль бунга изоҳ бермади.

"Агар Россия Украинани урушда мағлуб этса, бу Туркия учун "стратегик ва геосиёсий фожиа" бўлади, чунки Москва Қора денгиз қирғоқларининг каттароқ қисмини назорат қила бошлайди ҳамда Туркияга кучли таъсир ўтказиш имконига эга бўлади", - дейди АҚШ давлат департаментиниг собиқ расмийси.

Қрим яриморолидаги мусулмон озчилик туркийзабон қрим-татарларни Россия томонидан таъқиб қилиниши ҳам Туркия ва Россия ўртасида ўзаро келишмовчилик келтириб чиқармоқда.

Путиннинг Туркияга ташрифи

Путин августда Анқарага бориши кутилмоқда. Кремль ҳозирча бу ташрифни тасдиқламади.

Ташриф амалга ошса, Украинадаги уруш, ғалла бўйича келишувни чўзиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши мумкин, демоқда экспертлар.

Эрдўғон 21 июль куни ОАВга берган интервьюсида Россия раҳбари билан учрашувидан сўнг ғалла бўйича келишув қайта тикланишига умид билдирди.

Таҳлилчилар музокараларда Эрдўғоннинг заиф томони Туркиянинг Россия энергетикасига қаттиқ боғланганлиги ва Туркиянинг заиф иқтисодиёти эканлигини айтади.

Ана шу омиллар сабабли Эрдўғон Украинага асоссиз бостириб кирган Россияга қарши санкциялар масаласида Ғарбга қўшилишдан бош тортди.

Туркия Ғарб юз ўгирган Россия нефти, гази ва кўмирини чегирма билан сотиб олди. Шу ҳисобига ўтган йили Россия Хитойни ортда қолдириб, Туркияга энг кўп экспорт қилган мамлакат бўлди.

Шунга қарамай, Эрдўғоннинг Ғарбга мойиллиги ва Яқин Шарқдаги қўшнилари билан алоқалари яхшиланиши Эрдўғонда иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун Путин ва Россиядан бошқа вариантлар ҳам борлигини кўрсатади, дейди экспертлар.

Путиннинг кутилаётган ташрифи олдидан Эрдўғон Яқин Шарқ давлатларига келиб, йирик сармоя ваъдаларини олди.

"Туркия ҳамон арзон рус энергетикасига муҳтож бўлса, бошқа томондан, Путин ва рус элитаси Туркияга янада кўпроқ муҳтож", - дейди АҚШдаги Жорж Мейсон университетининг сиёсатшунослик профессори Марк Катз.

Туркия Россия учун санкцияга киритилган товарларни олишда муҳим каналдир.

"Россияликлар Туркия билан муносабатлар ёмонлашишини хоҳламайди. Путин эса Эрдўғоннинг Ғарбга яқинлашишини истамайди", - дея хулоса қилади таҳлилчи.

Форум

XS
SM
MD
LG