Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Энергетика вазири аҳоли учун электр нархининг оширилишини "узлуксиз таъминот"га боғлади


Ўзбекистон аҳолиси айниқса,куз-қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.
Ўзбекистон аҳолиси айниқса,куз-қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 11 сентябрь куни ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида электр энергиясига кейинги ой бошидан киритилаётган янги тарифлар фақат юридик шахсларга тегишли экани, аҳоли учун нархлар ҳозирча ўзгаришсиз қолишини таъкидлаган.

Вазирга кўра, аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин расмийлар аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлаши лозим.

“Узлуксиз электр етказиб беришни таъминлай олсаккина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа, холос”, деган энергетика вазири.

Мирзамаҳмудов “табақалаштирилган тариф” деган бирикмага изоҳ бераркан, бунда белгиланган ижтимоий нормадан кўп электр истеъмол қилаётган, нисбатан бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошириш назарда тутилаётганини билдирган.

“Ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. 75 фоиз аҳолининг истеъмоли эса 200 кВт/соатдан ошмайди”, дея қўшимча қилган энергетика вазири.

ZIMISTON-UZ. 24-qism: Серқуёш ва "серпанел" Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:12 0:00

Юридик шахслар учун электр энергияси тарифи камида 2 баравар оширилиши кутилмоқда

Аввалроқ Энергетика вазирлиги ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилган эди. Лойиҳага мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан юридик шахслар учун газ ва электр энергияси нархларини ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, ҳужжатда истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳлари, яъни Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати ва унинг таркибига кирувчи ишлаб чиқарувчи корхоналар, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари истеъмол қиладиган электр энергиясининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган қисми учун 1 кВт/соат электр энергияси нархини 450 сўмдан 1000 сўмга, қолган юридик шахслар (ширкатлар) учун эса 900 сўмга ошириш белгиланган.

Энергетика вазири: метан газ, свет ўчиши ва АЭС ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:48 0:00

Айни пайтда аҳоли учун электр энергиясининг 1 кВт/соати нархи 295 сўмдан, яъни ўзгаришсиз қолиши урғуланган. Аммо вазир Мирзамаҳмудов сўзларидан келиб чиқилса, кейинги йил баҳоридан аҳоли учун ҳам нархлар ошиши мумкин.

Таҳлилчилар: Советча тизимдан воз кечиш керак

Озодлик суҳбатлашган экспертлар ўзбек расмийлари энергетик инфратузилмани яхшилаш учун оммага ёқмаган бу қадамни қўйишга мажбур эканини айтишмоқда.

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевга кўра, айрим постсовет ўлкаларида, хусусан, Ўзбекистонда аҳоли ўртасида норозилик кучайиб кетмаслиги учун электр ва газ нархини паст даражада ушлаб туришдек эски усулдан фойдаланишга ҳаракат қилинган.

Аслида бу усул соҳа ходимлари, яъни энергетикларнинг ойлигини чеклаб қўйиш деган гап. Бунинг натижасида энергетика соҳасида ишлайдиган одамларда яхшироқ ишлаш, фойдани кўпроқ топиш, инвестиция олиб келиш иштиёқи чеклаб қўйилади. Агар давлат энергетика тарифларини арзонлигича ушлаб турса, улар фойда ҳам тополмайди, инвестиция ҳам олиб келолмайди, жиҳозларини янгилолмайди ҳам. Шунинг учун улар давлатдан ёрдам сўрашади. Бу эса бюджетга ортиқча юк бўлади. Бундан фақат бюджет пулларининг бир қисмини чўнтагига урадиган раҳбарлар, коррупционерлар ютади, холос”, деди Сапарбой Жубаев.

Таҳлилчига кўра, соҳани ривожлантириш учун бозор механизмларига ўтиш, талаб ва таклиф ўртасида балансга эришиш зарур. Жубаев бу ўринда энергетика соҳасидаги монополист ташкилотлар томонидан суиистеъмолга йўл қўйилмаслиги учун нархни шакллантиришда аксилмонополия қўмитаси каби ташкилотларнинг роли ҳам муҳим бўлишини урғулади.

Нархларни эркинлаштириш нима учун керак?

Энергия манбалари нархларини эркинлаштириш, соҳани хусусий секторга ўтказиб бериш каби масалалар кўп йиллардан бери халқаро молия институтларининг ҳам минтақа ҳукуматлари олдига қўйиб келаётган талаблардан бўлиб ҳисобланади. Мутахассисларга кўра, бу талаб энергетика муассасаларини давлат дотациясига қарамликдан халос қилиш, шу орқали коррупциянинг олдини олиш, нархларни эркинлаштириш билан даромадни кўпайтириш ва эскирган инфратузилмани янгилаш, пировардида тизим фаолиятидаги узилишларни минимумга тушириб, иқтисодиётнинг бир маромда ривожланишини таъминлаш истаги билан боғлиқдир. Ишонилишича, бу каби қадамлар энергетика корхоналарининг келажакда даромадли корхоналарга айланишига умид уйғотади ва бу ҳолат хорижлик инвесторларни ҳам жалб қилиши мумкин.

Минтақа мамлакатларидан Қозоғистон ва Қирғизистонда энергетика соҳасини ислоҳ қилишда 90-йиллар охирларидан бери анча ижобий ўзгаришлар кузатилди. Минг афсуски, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда эскича усулда ишлаш давом этаётгани учун бу соҳада муаммолар катта бўляпти”, дейди Сапарбой Жубаев.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов айтган “табақалаштирилган тариф” Қозоғистон ва Қирғизистонда камида 10-15 йилдан бери амалда. Аммо бу мамлакатлар ҳам ҳалигача энергетик инқироз, жумладан, электр энергияси дефицити муаммосидан тўлалигича халос бўлган эмаслар.

Қўшниларда вазият қандай?

Аввалроқ қирғизистонликларни келаётган куз-қиш мавсумида электр энергиясини тежаб ишлатишга чақирган Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров бу муаммо қурилаётган ГЭСлар ишга туширилиши билан ҳал бўлишини таъкидлаган.

30 йил чидадик, яна 3 йилгина чидаб турайлик. Электр энергиясини тежаб ишлатиб турайлик. Агар керак бўлса, қишда кўча чироқларини ҳам ўчириб турайлик. Буларнинг барчасига амалдаги расмийлар айбдор эмас. Агар аввалги ҳукуматлар ҳеч бўлмаганда йилига биттадан ГЭС қурганида, 30 йил ичида 30 та ГЭС пайдо бўлган бўларди”, деган Ақилбек Жапаров.

Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраевнинг 11 сентябрь куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, бу йилги куз-қиш мавсумида мамлакат 17,4 млрд кВт/соат электр энергиясига эҳтиёж сезади. Мулозим Қирғизистонда ишлаб чиқарилганидан ташқари 3 млрд 200 млн кВт/соат электр энергияси танқислиги мавжудлигини, шунинг учун хориждан 3 млрд 800 млн кВт/соат (яъни 600 млн кВт/соат захира билан) электр энергияси импорт қилинишини билдирган.

Ўзбек расмийлари энергетик инқироз манзарасини тўлиқ кўрсатувчи рақамларни очиқламаяпти

Шу ўринда кузатувчилар ўзбек расмийлари минтақадаги қўшнилардан фарқли равишда мамлакатдаги энергетик таъминот бўйича тўлиқ манзарани кўрсатиши мумкин бўлган рақамларни тақдим этмаётганига эътибор қаратишмоқда. Хусусан, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов кечаги баёнотларида бу йилги мавсумда Ўзбекистонга қанча миқдорда электр энергияси зарур бўлиши, бунинг қанчаси мамлакатда ишлаб чиқарилишию мавжуд дефицит нима ҳисобидан қопланишига тўхталган эмас.

Бунинг ўрнига мулозим маҳаллий матбуотга берган интервьюсида тизимда амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари, мамлакатда қурилаётган ИЭС, қуёш электр станциялари ва шамол станцияси ишга туширилиши режаланаётганидан баҳс этган.

Вазирга кўра, кейинги йил майидан аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 295 сўмдан 450-500 сўмгача кўтарилиши мумкин, “ижтимоий норма” ҳажми эса кейинроқ белгиланади.

Мирзамаҳмудов ҳозирда энергия манбалари бозор нархида сотиб олинаётгани, ички истеъмолчига эса нисбатан арзон нархда сотилаётгани, соҳа эҳтиёжлари учун давлат бюджетидан йилига 3,4 млрд доллар миқдорида субсидия ажратилаётгани, бироқ улар самара бермаётганини қайд этган. Шунинг учун ҳам, вазирнинг айтишича, расмийлар тизимни бозорга мослаштиришга, жумладан юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида тарифлар белгилашга қарор қилишган.

Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархлари сўнгги бор 2019 йил августида оширилган. Кейинроқ расмийлар пандемия туфайли тарифларни оширмай туришга қарор қилишган. 2022 йил ўрталарида ва жорий йил апрелида ширкатлар учун тарифлар оширилиши айтилган, бироқ бу иш шу кунгача амалга оширилган эмас.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Ўзбекистонда ҳар йили куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги узилишлар аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди, аммо ўтган 6,5 йилда вазият яхши томонга ўзгармади. Сўнгги вақтларда пойтахт Тошкентда ҳам чироқ ўчишлари одатий ҳолга айланди. Тармоқларда “Каримов даврида ҳеч қурса, Тошкентда свет ўчмасди”, деган ёзғиришлар пайдо бўлди.

Президент Мирзиёев шу йил 27 февралда ўтган ҳукумат йиғилишида 2023 йилда ҳудудларда 18 та қуёш электр станцияси қурилиши ва электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилга қараганда 50 фоизга оширилишини айтган эди.

Мирзиёевнинг қайд этишича, сўнгги уч йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган. Бундан ташқари 2023 йилда президентнинг 16 февралдаги қуёш панеллари тўғрисидаги қарорига асосан тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 Мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.

Сўнгги марта Ўзбекистон расмийлари ўтган йилнинг кузида куз-қиш мавсумида энергетик инқирозга йўл қўйилмаслиги тўғрисида ваъда берган эди. Жумладан, Энергетика вазирлиги октябрь ойида қишда аҳолига ўтган йилгидан кўпроқ электр беришни ваъда қилган.

Энергетика вазирлигининг расмий сайтида куз-қиш масумида ўзбекистонлик истеъмолчиларга 34 млрд 918 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши ва бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўплиги қайд этилганди. Вазирликка кўра, аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси миқдори 10 млрд 938 млн киловатт-соатни ташкил этади.

Озодликнинг шу йил февралида эълон қилинган суриштируви электр энергиясининг 80 фоизини газдан оладиган Ўзбекистоннинг йирик газ конлари ва энергетика иншоотлари махфий келишувлар орқали Кремлга яқин олигархларга берилганини ўртага чиқарган эди.

Жорий йилда Ўзбекистон расман газ экспорт қилувчи давлатдан газ импорт қилувчи давлатга айланди, келаси ой бошидан Россиядан газ импорти бошланиши эълон қилинган.

Ҳукумат Россия гази импорти билан бирга қуёш панеллари ўрнатиш кампаниясини бошлаган, ихтиёрий-мажбурий равишда амалга ошилираётган ушбу кампания бу йил қишда аҳолининг газ ва электр муаммосини енгиллатишига умид қилинмоқда.

Аммо Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, қуёш панеллари бу йил қишда энергия тақчиллиги учун масъулиятни аҳолининг ўзига юклаш мақсадида хўжакўрсинга кўрилаётган чоралар бўлиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG