Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Тошкентнинг "Малика" бозорида рейдлар: ДХХ четдан олиб келинган мобил телефонларни текширмоқда


Тошкентдаги халқ орасида "Малика" номи билан танилган бозорда хавфсизлик хизматларининг рейдлари тез-тез бўлиб туради
Тошкентдаги халқ орасида "Малика" номи билан танилган бозорда хавфсизлик хизматларининг рейдлари тез-тез бўлиб туради

Тошкентнинг Шайхонтохур туманидаги халқ орасида "Малика" номи билан танилган Малика (Техно-Олам) савдо мажмуасида четдан якка тартибда олиб келинган мобил телефонлар савдоси билан шуғулланувчиларни ДХХ ходимлари тафтиш қила бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган савдогарларга кўра¸ текширувлар давомида айрим дўкондорлар ДХХ Тергов изоляторига олиб кетилган.

Исми очиқланмаслигини сўраган савдогарлардан бири ДХХ четдан олиб келинган, аммо IMEI кодлари Ўзбекистонда расмийлаштирилмаган "Huawei" телефонлари билан қизиқаётганини айтди:

"Четдан келтирилган Huawei телефонларини сотиб олганлар сим-карта ўрнатганида блокка тушиб қолган. Шундан сўнг улар ички ишлар органларига арз қилган. Текширув жараёнида телефонлар UZIMEI тизими орқали рўйхатга олинмагани, Ўзбекистонга божхона назоратидан четлаб олиб кирилгани аниқланган. Ҳозир ДХХ уларни импорт қилганларни қидирмоқда. Бу ерда юзлаб телефон ҳақида гап бормоқда", - дейди тошкентлик савдогар.

Наманганда шахсий маълумотлари IMEI регистрацияси учун ўғирланганлар тўполон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:29 0:00

Ўзбекистонда бундан икки йил аввал хорижда сотиб олинган телефонларни мажбурий қайддан ўтказиш тартиби жорий қилинганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорига мувофиқ телефон қурилмаларининг IMEI ёки халқаро ўзига хос идентификация кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурийдир.

Контрабанданинг олдини олиш учун жорий қилинган ушбу тартиб бўйича Ўзбекистон ҳудудида хориждан кириб келган фуқаролар ва юридик шахслар белгиланган маблағни тўлаб, телефонларни рўйхатдан ўтказишлари мумкин.

Рўйхатдан ўтмаган телефонлар автоматик равишда бир ойдан сўнг ишлашдан тўхтайди.

"Четдан олиб кирилган телефонлар ўттиз кун ичида UZIMEIдан онлайн рўйхатдан ўтказилиши шарт. Телефоннинг IMEI ​ кодидан тортиб¸ уни олиб келган шахснинг паспорт серияси ва рақамлари киритилади. Рўйхатга олинмаган телефон контрабанда ҳисобланади. Ҳозир ДХХ шу телефонларни олиб келганларни қидирмоқда ”¸ - дейди Озодлик гаплашган тадбиркорлардан яна бири.

Ҳукумат расмийлари четдан олиб кирилган телефонларни мажбурий регистрациядан ўтказиш ва бунинг учун тўлов жорий қилишдан мақсад сифатсиз, инсон соғлиғи учун зарарли ва ноқонуний йўл билан олиб кирилган қурилмалар савдосининг олдини олиш эканини айтиб келади.

Бундан ташқари, расмийлар иддаосича, назорат тизими мобил қурилма йўқолиб қолган ёки ўғирланган ҳолатда унинг қидирув ишларини тезкор амалга оширишда, жиноятларни самарали ва тезкор фош этишда қўл келиши мумкин.

IMEI жанжали

Ҳар бир ўзбекистонлик¸ амалдаги чекловга кўра¸ узоқ хориждан ҳар 6 ойда четдан бир дона телефон олиб киришга ҳақли.

Айни пайтда Ўзбекистонга четдан олиб кирилган мобил телефонларнинг давлат томонидан пулли регистрация қилиниши турли қаллобликлар ортишига туртки бўлгани ҳам айтилади.

Озодлик гаплашган коммуникация технологиялари мутахассиси четдан келган фуқароларнинг паспортларига телефон расмийлаштирилиши энг кенг тарқалган қаллобликлардан бири эканини айтади.

"Четдан келган фуқароларнинг шахсий маълумотларини телефон контрабандаси билан шуғулланадиганларга сотиш кўпайди. Кўп ҳолларда четдан келганлар ўз номига телефон расмийлаштирилганини билишмайди. Паспорт маълумоти аэропортни ўзида уларга хабардор қилинмасдан, телефон бизнеси билан шуғулланувчиларга узатилади. Менимча, ДХХ ана шу ҳолатларни текширса бўларди", - дейди исми очиқланмаслигини сўраган коммуникация технологиялари мутахассиси.

Ўзбекистонга қайтган фуқаролар ўзлари билан олиб келган телефонларини рўйхатга олишда муаммоларга дуч келаётгани, ўзлари хабардор қилинмасдан паспортларига телефон расмийлаштирилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзишган.

Озодликнинг UZIMEI - "Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази" давлат унитар корхонаси расмийларидан бу иддаолар хусусида изоҳ олиш уринишлари натижа бермади.

Давлат хавфсизлик хизмати эса ҳануз жамоатчилик ва матбуот учун ëпиқ тизим бўлиб қолмоқда.

"Малика"даги рейдлар

Тошкентдаги халқ орасида "Малика" номи билан танилган бозорда хавфсизлик хизматларининг рейдлари тез-тез бўлиб туради.

2019 йилнинг август ойида ички ишлар ходимлари юздан ошиқ соқолли эркакни ушлаб, ички ишлар бўлимига олиб кетгани ва уларнинг соқоли мажбурлаб олинганидан сўнг юборилгани ижтимоий тармоқларини ларзага солганди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу каби амалиётини инсон ҳақларининг қўпол равишда бузилиши дея қоралаб чиққан.

Танқидларга жавобан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Малика” савдо комплексида ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилгани¸ гумонланувчилар аксариятининг "соқоллилар" эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG