Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:55

Ҳиллари Клинтон қандай президент бўлиши мумкин?


Президентликка сайланган тақдирда Ҳиллари Клинтон қандай тасвирланади? Собиқ сенатор, собиқ давлат котиби ёки собиқ президентнинг рафиқаси? Ҳаммаси, дейди сиёсатдонлар. Клинтон профессионал сиёсатчи. Сиёсатда пишган, сиёсатда яшайди ва президентлик учун у етарли тажрибага эга эканини ҳатто рақиблари ҳам рад этмайди.

Президент рафиқаси, 1993-2001

Ҳиллари Клинтон эри Билл Клинтон президентликка сайланиб, Оқ уйга кўчиб келганида Америка оммасига шуни баён қилганки, хоним уйда ўтирмайди ёки одатий вазифаларни бажармайди, яъни асосан маданий тадбирлар ва ошхона билан банд бўлмайди.

Клинтон хоним ўзини сиёсий масалаларга уриб, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга бел боғлаган. 1993-йилда у 1000 бетлик дастурини таклиф қилган. Конгресс унинг таклифларини рад этган. Президентнинг хотини сиёсатга бош суқмасин, деган нолалар янграган. Клинтонннинг рейтинги тушиб кетган.

1998-йилда Билл Клинтон Оқ уйда практикант Моника Левински билан дон алмашгани фош этилиб, президентликдан кетишига сал қолганида рафиқасининг нуфузи жуда баланд эди. Эрини ташлаб кетмагани америкаликларни ва дунёни лол қолдирган.

Клинтон хоним фақат ўзига ишонган шахс, дейди унинг фаолятини узоқ йиллардан бери ёритиб келаётган журналист Майкл Исикофф.

“Жуда эҳтиёткор, ҳар бир масалага ниҳоятда нозик мавзу деб қарайди ва ахборот воситалари билан минг ўйлаб кейин гаплашади",- дейди Исикофф.

Айнан мана шу жиҳати сабаб Клинтонга нисбатан шубҳа кучли.

Клинтонни ишда кузатган журналист Индира Лакшманан:

"Жонини жабборга бериб ишлайдиган инсон. Ходимлари билан алоқаси жуда яхши. Босиқ ва одамлар кўнглига йўл топишга уринади".

Сенатор Клинтон, 2001-2009; Давлат котиби, 2009-2013

Реалист демократ. Клинтон фикрича ташқи сиёсатда инсонпарварлик биринчи ўринда туриши керак.

Президент Барак Обамадан фарқли равишда Клинтон Конгресс билан муроса қилишга кўпроқ мойилроқ. Сиёсий ўйинлар ва парда ортидаги ҳаракатларни яхшироқ тушунади, дейди шарҳловчилар.

Обамадан қолган ишларни Клинтон якунлаши мумкин. Республикачилар Конгрессда ҳукмронликни сақлаб қолган тақдирда прагматик Клинтон улар билан тил топишишга ҳаракат қилади.

Ёшлигидан сиёсатга берилган шахс сифатида Клинтон бу соҳада қоқилиш нима эканини яхши тушунади ва ўзи ҳам кўп марта хатолар қилиб пишган.

“2008-йилдаги мағлубият, Давлат департаметидаги хатолари...",- дея санаб ўтади Рон Форниер, кекса журналист. “Клинтон омма орасида унга нисбатан ишонч паст эканини ҳам билади".

Сиёсатчилардан чарчаган халқнинг кўнглини олиш осон эмас, лекин Клинтон ҳаракатдан тўхтамайди, чунки у ишонадики, халқ ҳаётини сиёсат билангина ўзгартириш мумкин.

Форниер Клинтоннинг фаолиятини 1980-йиллардан бери таҳлил қилиб келади.

“Клинтон хоним ҳақиқий ҳуқуқшунос. Адвокатдек фикрлайди. Асос ва ечим топишга уста. Қарор қилиш унинг учун қийин эмас. Иккиланиб ўтирадиган одам эмас. Изла, ўйла, топ ва чора кўр, дейди".

XS
SM
MD
LG