Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:50

Дубайдаги Қозоғистон: Назарбоев хотинлари ва қариндошларининг БААдаги кўчмас мулклари


Бирлашган Араб Амирликларида Нурсултон Назарбоевнинг ғайрирасмий хотинлари ва қариндошлари номида шоҳона уй ва апартаментлар бор. Қозоқ сиёсий элитасининг Дубайдаги кўчмас мулклари ҳақидаги суриштирувнинг якуний қисми собиқ президент яқинларига бағишланди.

НАЗАРБОЕВ ВА АЙМОҒИ

Камида 238 киши ўлган Январ воқеаларидан сўнг собиқ президентнинг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram'да барчани босиқроқ бўлишга чорлади. Фойдаланувчилар геолокацияга эътибор беришди – пост Бирлашган Араб Амирликларида эълон қилинган эди. Танқидлар бошланиб кетгач, пост Instagram'дан ғойиб бўлди.

Бу орада Британиянинг Telegraph газетаси Алия Назарбоева Қозоғистондан 300 млн доллар олиб чиқиб кетгани ҳақида ёзди. Маблағлар хусусий учоқ, Лондон ва Дубайда кошоналар сотиб олишга сарфланган. Журналистлар суриштируви бу суммадан 14 млн долларга Дубайда вилла ва бир нечта уй харид қилинганини кўрсатди.

Беш йил бурун OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) медиаҳамкори бўлмиш Hetq.am сайтида чиққан мақолада Назарбоевнинг набираси Нурали Алиев Дубайда тўртта кўчмас мулк соҳиби экани айтилади. Мазкур суриштирув ҳам C4ADS ташкилотидан олинган ҳужжатлар асосида тайёрланган эди.

Бироқ 2020 йилдан 2022 йилгача бўлган даврни қамраб оладиган янги кўчмас мулк реестрида на Алиев фамилияси, на Алия Назарбоеванинг харидларига доир маълумотлар бор. Биз билан гаплашган экспертларга кўра, машҳур шахслар кўпинча мулкларини яширишади, яъни уларни офшор ширкатлар ёки ишончли кишилар номига расмийлаштиришади.

Назарбоев қариндошлари уйларининг кўриниши қандай? Озодлик қозоқ хизмати тайёрлаган видеосуриштирув:

Эслатма: Мулкларнинг қозоқ валютасидаги қиймати 1 АҚШ долларининг тенгега нисбатан 2023 ва 2024-йиллардаги ўртача курсида ҳисобланган.

C4ADS реестрига кирган Дубайдаги кўчмас мулклар соҳиблари орасидан Назарбоевнинг бошқа қариндошларини топдик. Улардан бири – Назарбоевнинг ғайрирасмий хотини Асел Қурманбаева.

Асел Қурманбаева

Назарбоев “Менинг ҳайтим. Тобеликдан мустақилликка қадар” номли хотира китобида шаръий хотини эканини тан олган Асел Қурманбаева Palm Jumeirah оролидаги AQUAMARINE RESIDENCE-3 комплексининг иккинчи қаватида жойлашган уч хонали апартамент соҳибидир. Объект майдони – 210 квадрат метр, бозор баҳоси 2 млн доллардан бошланади. Уй ёнида ҳовуз бор, ҳудуд инфратузилмаси юқори даражада.

Нурсултон Назарбоевнинг норасмий хотини бўлган Асел Қурманбаева номига Дубайнинг TIARA RESIDENCE мажмуасидаги кўчмас мулк расмийлаштирилган.
Нурсултон Назарбоевнинг норасмий хотини бўлган Асел Қурманбаева номига Дубайнинг TIARA RESIDENCE мажмуасидаги кўчмас мулк расмийлаштирилган.

Асел Қурманбаева – “Астана балет” театрининг арт-менежери (у ҳужжатларда Қурманбаева бўлса-да, ҳозирда театр сайтида Исабаева дея қайд қилинган). Аввалроқ журналистлар олиб борган халқаро суриштирувда унинг исми ҳам ўртага чиққан эди: маълумотларга кўра, Қурманбаева офшор ширкатлар орқали 30 млн доллар олган.

Гулнора Ракишева

Гулнора Ракишевани Нурсултон Назарбоев мемуарларида эсга олмаган, лекин бу аёл собиқ президентнинг норасмий хотинларидан бири ҳисобланади ва Назарбоевдан икки қиз кўрган. Гулнора Ракишева ҳам Дубайдаги кўчмас мулкларга сармоя тиккан.

У инвестиция киритган DUBAI PEARL лойиҳаси 2002 йилда бошланган эди. 2009 йилда қурилиш негадир тўхтаб қолган ва қурилиши битмаган иморатни ўтган йили бузиб ташлаганлар. Айрим хабарларга қараганда, бошқа инвесторлар унинг ўрнида Остонадаги ЕХРО биносига ўхшаш шарсимон комплекс қуришмоқда.

Ракишева тиккан пулларини қайтариб олдими, йўқми ёки у янги лойиҳадан мулк сотиб олмоқчими – буниси ҳозирча номаълум. Биз ижтимоий тармоқдаги “Гулнора Ракишева” аккаунти орқали у билан боғланишга уриндик, аммо саҳифа муаллифи саволларимизга жавоб бермади, бунинг ўрнига: “Бизнес қил, ишла, даромад топ, ким сенга халал беряпти? Ёки ақлинг етмайдими?!” деб ёзди.

Сотиболди оиласининг еттита квартираси

SHAMS-4 турар-жой комплексида Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди оиласига қарашли бир нечта хонадон мавжуд. Бино шундоққина денгиз бўйида жойлашган.

2022 йилнинг кузида Сотиболди олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ушбу ҳукмга ва бошқа жиноят ишлари бўйича тергов давом этаётганига қарамай, 2024 йил сентябрда у муддатидан олдин озодликка чиқди: қамоқ жазоси озодликни чеклашга ўзгартирилди.

Озодлик мухбири Сотиболди оиласига тегишли икки апартамент эшигини қоқди, лекин ҳеч ким очмади.

C4ADS маълумотлар базасига кўра, бинода Қайрат Сотиболди номига расмийлаштирилган битта ва унинг норасмий хотини Асел Бахтиёрқизи номига олинган учта квартира бор. Асел Бахтиёрқизи 9-қаватда жойлашган бу учта хонадонга Алжан Қайратқизи, Исмоил Қайратули ва Нурхон Қайратули билан бирга эгалик қилади.

Бинодаги яна иккита квартира Саида Қанатбекқизига тегишли. Чет мамлакатлар реестрлари асосида Қозоғистон ҳукуматига алоқадор кишиларнинг чет элдаги активларига доир маълумотларни эълон қилувчи “Денгиз бўйи” Telegram-канали Саида Қанатбекқизини Сотиболдининг хотинларидан бири деб ҳисоблайди. Қанатбекқизи Қозоғистондаги бир неча ширкатга Асел Бахтиёрқизи билан шерикчиликда эгалик қилади. Дубайдаги кўчмас мулкларни ўрганган Қозоғистоннинг “Власть” нашри ҳам бу фактга эътибор қаратган эди.

Қайрат Сотиболди оиласи SHAMS IV мажмуасидаги хонадонларга эгалик қилади.
Қайрат Сотиболди оиласи SHAMS IV мажмуасидаги хонадонларга эгалик қилади.

Саида Қанатбекқизи квартиралардан бирига нисбатан эгалик ҳуқуқини Амира Қайратқизи, Фарида Қайратқизи ва Собир Қайратули билан бўлишган.

Қайратули ва Қайратқизи фамилияли квартира эгаларидан олти нафарининг ёши 17 дан 20 гача.

Қайрат Сотиболди, унинг норасмий хотинлари ва муҳтамал фарзандларига қарашли апартаментлар билан қўшни хонадонларнинг бири Сотиболдининг онаси, 75 ёшли Светлана Назарбоева номига расмийлаштирилган. Ушбу квартира иккинчи қаватда.

Сотиболди оиласига қарашли жами еттита кўчмас мулкнинг бозор баҳоси салкам икки млрд тангани ташкил қилади.

Сотиболди қамоқдан бўшатилаётганида: “Хатоларимни тан оламан. Менга қарши қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишда давлат органларига кўмаклашаман, ноқонуний йўл билан топилган барча маблағларни қайтараман”, дея ваъда берган эди.

Қозоғистон Бош прокуратураси Сотиболдининг 783 млрд танга (1,6 млрд доллар)лик активлари давлат ҳисобига ўтганини эълон қилган. Активларни қайтариш қўмитаси эса унинг БААдаги умумий қиймати 20 млрд танга бўлган иккита вилласи давлатга қайтарилганини билдирган.

C4ADS базасида Сотиболдининг икки вилласига доир маълумот йўқ. Биз юқорида санаб ўтилган еттита квартирани топдик, холос. Августда Қозоғистон суди Сотиболдига белгиланган жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо чораси билан алмаштириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантирди. Аммо судда унга қарши яна бир жиноят иши бор, яна бир жиноят иши эса ҳали тергов босқичида.

ҚУЛИБАЕВЛАР

Алтай Қулибаев

Динара ва Алтай Қулибаевлар, яъни собиқ президентнинг қизи ва куёви Forbes талқинича Қозоғистоннинг энг бой оиласи саналади. Уларнинг умумий бойликлари 10 млрд долларга баҳоланган. Дубайнинг Palm Jumeirah оролидаги MARINA RESIDENCES турар-жой комплексида ушбу бадавлат оиланинг меросхўри бўлмиш Алтай Қулибаевга тегишли шоҳона апартамент бор.

Динара ва Тимур Қулибаевларнинг ўғли Алтай Қулибаев, шунингдек Тимур Қулибаевнинг укаси Талгат Қулибаев ҳам Дубайдаги кўчмас мулкка сармоя киритишган.
Динара ва Тимур Қулибаевларнинг ўғли Алтай Қулибаев, шунингдек Тимур Қулибаевнинг укаси Талгат Қулибаев ҳам Дубайдаги кўчмас мулкка сармоя киритишган.

Квартира 14-қаватда жойлашган. Унинг майдони 633 квадрат метрга тенг, бозор баҳоси эса 2 млрд тангадан зиёд.

Раиса Қулибаева, Аманбек Қулибаев

C4ADS кўчмас мол-мулк реестри маълумотлари 2020-2022 йилларни қамраб олади, шу боис ҳужжатларда аллақачон вафот этган мулкдорларнинг исмлари ҳам бор. Масалан, Palm Jumeirah оролида қурилган AL-SULTANA комплексидаги квартиралардан бири Тимур Қулибаевнинг онаси, ҳозирда марҳума Раиса Қулибаева номига расмийлаштирилган экан. ABU KEIBAL комплексидаги битта апартамент эгаси бўлган Аманбек Қулибаев (Тимур Қулибаевнинг амакиси) ҳам ўлган. Ушбу квартираларнинг қиймати 2,4 млн доллардан зиёд. Мулкдорлар вафотидан сўнг мулкка эгалик ҳуқуқи меросхўрларга ўтиши керак. Аммо Раиса ва Аманбек Қулибаевларнинг кўчмас мулклари ҳозирда кимга қолганини аниқ билмаймиз.

Бексултон Қулибаев

Январь воқеаларидан сўнг 40 ёшли Бексултон Қулибаев Instagram'да видео ёйинлаб, унда: “Сизларда нима гап? Отишма йўқми? Энди бизда, Абу-Дабида отишмалар бўляпти”, деган эди. Видеони эълон қилганидан кейин у танқид остида қолиб кетди.

Бексултон – Талгат Қулибаевнинг ўғли ва Тимур Қулибаевнинг жияни. Бексултонга қарашли квартиралардан бири Palm Jumeirah оролида, AL-SAROOD номли комплексда жойлашган. Унинг қиймати 500 миллион тангани ташкил қилади.

Талгат Қулибаев

Мулкдорлар реестрида Бексултоннинг отаси Талгат Қулибаев номи ҳам учрайди. У, Гулнора Ракишева каби, қурилмай қолган DUBAI PEARL комплексига сармоя тиккан. Қулибаев 30-қаватдан 681 квадрат метрли апартамент олиш учун пул тўлаган экан. Лойиҳа тўхтатилганидан сўнг бу мулк билан боғлиқ вазият нима бўлгани маълум эмас.

Талгат Қулибаев – Тимур Қулибаевнинг тўнғич акаси. У бир умр ички ишлар органларида ишлаган, 2010-2018 йилларда Олмаота ва Жамбил вилоятлари полиция департаментлари бошлиғи бўлган, ИИВ академиясига раҳарлик қилган.

Жанар Сейдвалиева, Корлан Шарипбаева

Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева январь воқеаларидан бери жамоатчиликка деярли кўриниш бергани йўқ. Тартибсизликлардан сўнг у парламентдан кетди, унинг “эри” дейиладиган Қайрат Шарипбаев эса QazaqGaz миллий ширкати раҳбари лавозимидан бўшатилди. Назарбоева билан Шарипбаев расмий никоҳдан ўтишганми, йўқми – номаълум, лекин интернетда мавжуд бир неча видеога қараганда, улар зиёфат ва ўтиришларга бирга боришади.

Шарипбаевнинг собиқ хотини Жанар Сейдвалиевага доир очиқ маълумотлар жуда кам. У Дубайдаги кўчмас мулклар реестрида Palm Jumeirah оролида жойлашган THE RESIDENCE SOUTH комплексидаги квартира эгаси ўлароқ қайд этилган. Квартира майони 328 квадрат метрни, бозор баҳоси эса 3,5 млн долларни ташкил қилади.

Дариға Назарбоеванинг эри экани айтиладиган Қайрат Шарипбаевнинг қизи Корлан Шарипбаева Дубайнинг THE RESIDENCE SOUTH мажмуасидаги хонадонга эгалик қилади.
Дариға Назарбоеванинг эри экани айтиладиган Қайрат Шарипбаевнинг қизи Корлан Шарипбаева Дубайнинг THE RESIDENCE SOUTH мажмуасидаги хонадонга эгалик қилади.

2015 йилги расмий ҳужжатда Қайрат Шарипбаев ва Жанар Сейдвалиева эр-хотин деб кўрсатилган. Бироқ 2017 йилги ҳужжатда Шарипбаевнинг никоҳига оид маълумот йўқ.

Қайрат Шарипбаевнинг қизи Корлан THE RESIDENCE SOUTH комплексидан 195 квадрат метрли хонадон сотиб олган. Апартамент иккинчи қаватда, онасининг квартираси билан ёнма-ён жойлашган. Корланга тегишли ушбу мулкнинг тахминий қиймати 1,25 млн долларга тенг.

Қайрат Шарипбаев раҳбарликдан кетганидан сўнг QazaqGaz ширкати 937 млрд танга миқдордаги қонунбузарликлар аниқланганини маълум қилган эди. Аммо Шарипбаевга нисбатан тергов ёки текширув бўлгани ҳақида бирон ахборот берилмаган.

Берик Имашев оиласи

Кўчмас мулк реестрига кўра, Дариға Назарбоеванинг қудаси ҳам Дубайдан уй сотиб олган. Дариғанинг тўнғич ўғли Нурали Алиев Марказий сайлов комиссияси собиқ раиси Берик Имашевнинг қизи Аида Имашевага уйланган. Алиевнинг қайнонаси бўлмиш Лейла Адайбекова THE RESIDENCE SOUTH комплексидаги 1,1 млн доллар турадиган 160 квадрат метрли хонадон эгаси ҳисобланади.

C4ADS маълумотлар базасига қараганда, ушбу комплексда Берик Имашевнинг ўғли Алжан Имашевнинг ҳам квартираси бор. Апартамент майдони 483 квадрат метр, бунақа кўчмас мулк бозорда бир млрд тангадан юқори баҳоланади.

Алжан Имашев Январ воқеаларидан сўнг “ҚТЙ – Юк ташувлари” ширкати директори ўринбосари лавозимидан кетган.

Дариға Назарбоеванинг қудаси Берик Имашевнинг ўғли ва қизи ҳам THE RESIDENCE SOUTH мажмуасидан уй олишган.
Дариға Назарбоеванинг қудаси Берик Имашевнинг ўғли ва қизи ҳам THE RESIDENCE SOUTH мажмуасидан уй олишган.

Берик Имашев фаолиятини юристликдан бошлаган, кўп йиллар давлат хизматида ишлаган. 2003 йилда, оиласи Алиев-Назарбоевлар билан қариндош бўлганидан сўнг Имашевга ҳукуматдан лавозим берилган, аниқроғи у адлия вазири этиб тайинланган. Январ воқеалари бўлган пайтда у МСК раҳбари эди ва табиийки, истеъфога чиқди ёки чиқарилди.

Озодлик Лейла Адайбековага унинг Дубайдаги мол-мулкига оид саволлар билан мурожаат қилди. Аёл квартирага эгалик қилаётганига 10 йил бўлиб қолганини айтди.

“Биласизми, турмуш ўртоғим давлат хизматчиси, шу боис мен бир умр декларация тўлдирганман. Ҳар бир қадамим декларацияларимда акс этган. Ҳар бири”, дея жавоб берди у.

Қозоғистон бизнес-реестри маълумотларига кўра, Лейла Адайбекова – тўртта, унинг ўғли Алжан Имашев эса бешта ширкат муассиси ҳисобланади.

***

Собиқ президент оиласи ва қариндошларининг Дубайдаги активларига доир билгиларни C4ADS маълумотлар базасидан олдик. Тимур Қулибаев ширкатлари ва Нурсултон Назарбоев фондининг электрон манзилларига юборган хатларимиз ҳамда суриштирувда тилга олинган аксар шахсларнинг шахсий телефон рақамларига йўллаган хабарларимиз жавобсиз қолди.

Суриштирувнинг аввалги қисмида биз ҳокимият вакиллари ва уларнинг қариндошлари кўчмас мулк сотиб олиш учун айнан Дубайни танлашининг иқтисодий сабабларига тўхталган эдик. Буюк Британиянинг Exeter университети профессори ва Марказий Осиё бўйича эксперт Жон Ҳизершоу юқори мартабали мулозимлар Дубайдан уй харид қилишининг сиёсий хавфсизлик билан боғлиқ сабаблари ҳам мавжудлигини айтади.

“Бу мулозимлар Буюк Британияда, Қўшма Штатларда ёки Европа Иттифоқида улар устидан суд даъволари қўзғатилишидан хавфсирашади. Ғарбда шунақа бўлиши эҳтимоли юқори, Дубай эса уларга бу маънода анча хавфсиз туюлади, – дейди Ҳизершоу. – Дубайда уларга оид активлар мусодара бўлиши ёки санкцияларга учраши эҳтимолдан йироқ. Улар бошқа мамлакатлар хавфлироқ бўлгани учун ҳам Дубайда қолишмоқда. Европада, Буюк Британияда ва АҚШда иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ кўплаб ишлар очилганини биламиз, улардан айримлари Назарбоевлар оиласи активларига нисбатан қўзғатилган. Ушбу мамлакатлар парламентларида бойликларнинг келиб чиқиши масаласи кўтариляпти, тафтиш ўтказиш талаб қилинмоқда. Дубайда эса бунақа хатар йўқ, улар бу ерда моллари ва жонларини хавфсиз ҳис қилишади”.

Дубайдаги уйлар.
Дубайдаги уйлар.

Яқинда Қозоғистон аксилкоррупция хизмати давлатга қайтарилган активларга доир маълумотларни янгилади, шунингдек ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилган активларни мамлакатга қайтариш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилди. 10 сентябр куни бир неча идора биргалкда ўтказган матбуот анжуманида расмийлар 1,5 трлн танга қийматидаги мол-мулклар давлатга қайтарилгани айтилди.

Журналистлар олиб борган суриштирувлар Қозоғистон сиёсий элитасининг Европа ва АҚШдаги активларини ўртага чиқарди. Озодликнинг қозоқ хизмати аввалроқ Нурсултон Назарбоев қариндошларининг Франция, Испания, Англия, Швейцария ва Чехиядаги данғиллама уйлари ва апартаментлари ҳақида материаллар чоп этганди. Айни пайтда ушбу объектлардан айримлари учинчи шахслар номига ўтказилган, бироқ уларни сотиб олишда қўлланган маблағларнинг келиб чиқишига доир маълумотлар ҳануз мавжуд эмас.

“Қозоғистон мухолифатининг чет эл шуъбаси” раҳбари Серик Медетбеков Бош прокуратура Қозоғистондан ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш учун кўп ҳам жон койитаётгани йўқ. Унинг фикрича, бу – активларнинг каттагина қисми собиқ президент теварагидаги одамларга тегишли экани билан боғлиқ.

Медетбеков, шунингдек, Назарбоев қариндошларининг мол-мулклари Германияда ҳам аниқланганини таъкидлайди. “Мен Қозоғистон Бош прокуратурасига ариза бердим. Чунки Остона билан Берлин ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзолаган. Германияга келишсин, фактларни текширишсин, реестрдан маълумотларни олиб, қайд этилган манзилларга боришсин. Агар улар бу мулкларни Қозоистонга қайтарамиз, дейишса ҳеч ким эътироз билдирмайди. Лекин бундай қилишмаяпти”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Бош прокуратура вакили Серик Медетбековдан ариза олинганини тасдиқлади ва “маълумот далилларни текшириш ва процессуал қарор қабул қлиш учун Молиявий мониторинг агентлигига йўлланган”ини билдирди.

Озодлик “Дубайдаги Қозоғистон” суриштирувида тилга олинган барча шахслар ўз мулкларини ноқонуний пулларга сотиб олган, дея иддао қилмайди. Бироқ биз бу одамларнинг таниқли шахслар эканини ҳисобга олиб, улар хориждаги уй-жойларини қандай сотиб олишганини ва мазкур мулклар Қозоғистонда легаллаштирилган ёки йўқлигини аниқлашга уриндик. Уларга сўровлар юбордик ва телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик.

Биз мақолани тайёрлаш жараёнида жавоб қайтаришга рози бўлган барчанинг фикрларини эълон қилдик. Бироқ кўпчилик изоҳ беришдан бош тортди. Шунга қарамай, Озодлик Дубайдаги кўчмас мулклари ҳақида жамоатчиликка сўз айтишни истаган амалдаги ва собиқ мулозимларга минбар беришга тайёр.

Дубайдаги кўчмас мулкларга доир Dubai Unlocked суриштируви муаллифларидан бири, журналист Вячеслав Абрамовга кўра, маданий жамиятларда жамоатчилик таниқли шахслар ва уларнинг қариндошлари, айниқса бюджетдан ойлик оладиган ва сиёсий лавозимларни эгаллаган кишиларнинг бойликлари ҳақида билишга ҳақли.

“Бу одамлар ўз активларини ҳалол йўл билан топган бўлса, балли деймиз, ҳавас қиламиз. Дубайга бориб, кўнгил хушлаш имкониятлари борлигига хурсанд бўламиз. Меҳнат қилиб топган пулларига Ню-Йоркда квартира сотиб олган бўлсалар, буюрсин. Агар Қозоғистоннинг ўзида уй қуришга сармоя тиксалар, нур устига нур, чунки у ҳолда пул мамлакат учун ишлайди, ҳаммаси қонуний ва жойида. Бироқ муаммо шундаки, улар бойикларини уч қаватлаб парда ортига бекитишга уринишмоқда: офшор ширкат очишяпти, сўнгра бу офшорлар қанақадир активларга соҳиб бўлиб қолмоқда ёки улар орқали аллақайси қариндошларга ўтказиб берилмоқда. Бу нормал ҳолат эмас. Биз буни биламиз, чунки бирга ўрганган ҳужжатларимизда ҳеч ким танимайдиган ўнлаб, юзлаб исмларни кўрдик. Бу одамларни топишимиз ҳам амри маҳол, чунки улар ҳайдовчилар, қўриқчилар ёки бирон идораларнинг оддий ходимлари бўлиб, мол-мулк шунчаки улар номига олинган, холос. Катта мулозимлар ўз номига қимматбаҳо уй сотиб олишга қўрқишади. Биз билан сўзлашган мутахассислар, кўчмас мулк харид қилишга кўмаклашувчи риэлторлар ҳам бизга худди шу гапларни айтишди. Аввалдан шу фикрда эдик, суриштирувдан сўнг эса буткул амин бўлдик. Бироқ бу сирлар бари қачондир албатта очилади, бунга шубҳам йўқ”, дейди Абрамов.

Озодлик “Қозоғистондаги Дубай” лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Қозоғистон Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Давлат даромадлари қўмитаси ва бошқа идораларга сўровлар йўллади. Улар амалдаги қонунчиликни рўкач қилиб, қозоғистонликларнинг Дубайдаги мол-мулкларига доир маълумотлар сизиб чиққани муносабати билан суриштирув ёки текширув бўладими, деган саволга тайинли жавоб бермади.

Масалан, Активларни қайтариш бўйича агентлик ўз жавобида ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этиладиган шахслар, яъни бойлиги қиймати 100 миллион доллардан ошадиганларгина текширилишини билдирди.

Давлат даромадлари қўмитаси эса ўнлаб одам БААдаги мол-мулкларини декларация қилганини, аммо уларнинг исм-фамилиясини ошкор эта олмаслигини маълум қилди. Коррупцияга қарши кураш агентлиги долзарб маълумотларни ўз сайтида эълон қилишини айтиш билан чекланди.

Бу Озодлик қозоқ хизматининг “Дубайдаги Қозоғистон” номли кенг қамровли суриштирувининг якуний қисмидир. Материалнинг олдинги беш қисмини Озодлик радиоси қозоқ хизмати сайти (Azattyq.org) ва YouTube-каналидан топишингиз мумкин. Биринчи қисмда – Қозоғистон нефт ширкатлари топ-менежерларининг кўчмас мулклари, иккинчи қисмда – юқори мартабали кучишлатар мулозимлар ва судяларга тегишли апартаментлар, учинчи қисмда – депутатларнинг мулклари, тўртинчисида – акимларга қарашли кошоналар, бешинчисида эса ҳукумат аъзоларининг қимматбаҳо мулклари ҳақида ҳикоя қилинади. Суриштирув АҚШнинг C4ADS ташкилоти томонидан тўпланган Дубай кўчмас мулк реестри асосида олиб борилган.

XS
SM
MD
LG