Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

Мирзиёев дори-дармон нархини тартибга солувчи қарор чиқарди


Ўзбекистонда янги йилдан бошлаб дори-дармоннинг нархи бир хил бўлади ва давлат белгилагандан ортиқ нархда дори сотган аптекачилар жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда айтилади. Дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар фикрича, нарх-наволарни мажбурий чеклаш хорижда ишлаб чиқарилган сифатли дориларни олиб келишни ҳам чеклаб қўяди.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида асосий эътибор дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз равишда ошириб борилаётганига қаратилди:

“Дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги кузатилмоқда. Бу дорихоналарда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир шошилинч чоралар кўриш заруратини юзага келтирмоқда”, дейилади қарорда.

Қарорга кўра, янги йилдан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатдаги ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланади.

Ўзбекистон "Дори-дармон" акциядорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозими, айни пайтда, мазкур қарор бўйича чора ва тадбирлар ишлаб чиқилаётганини Озодликка айтди:

"Бу қарорда дори-дармон билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиш назарда тутилган. Энг асосийси бу ерда аҳолининг манфаати ҳисобга олинган, нарх навоси ҳам, сифат масаласи ҳам, маҳаллий дори-дармонни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳам", деди мулозим.

Тошкентдаги дорихоналардан бири мудирининг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий шароитида дорилар учун бир хил нарх белгилаш жуда қийин:

"Биринчидан, шу кунгача нарх-наво ошгани сари дори-дармон ҳам шунга қараб қиммат бўлиб келаётган эди. Биз Тошкентдаги бир неча оптовий фирмалардан улгуржи дори сотиб оламиз. Улар ҳам сўнгги пайтгача доллар ошди деб, дорининг нархини мунтазам ошириб келаётган эдилар. Иккинчидан, доллар курси тинмай ошиб бораётган пайтда, дориларнинг нархини бир хил қилиб ушлаб туришнинг имкони йўқ. Янги йилдан буни қандай амалга оширмоқчилар, буниси бизга ҳозирча қоронғу", деди дорихона мудири.

Самарқандлик пенсионерлардан бири, айни пайтда дори-дармоннинг нархи дорихоналарда ҳар хил эканлигини айтади:

"Шу бугун Сиёб бозори атрофидаги аптекалардан битта дорини қидирдим. Биттасида 1200, биттасида 1800, биттасида эса айнан шу дорини 3000 сўм деяпти. Ҳар ким хоҳлаган нархини қўйиб сотяпти. Дорилар оддий пенсионерлар учун жуда қиммат", деди пенсионер.

Қарорда шунингдек маҳаллий дори ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантиришга катта эътибор қаратилган.

Исми сир қолишини сўраган бухоролик шифокорнинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамма дориларни ҳам сифатли деб бўлмайди:

"Дори дармонни маҳалийлашганини кўпи сифатсиз. Нечтасини олдик, таъсири йўқ. Чақалоқ учун "биботик" деган порошокни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганини олдик, чақалоқ ичмади хам. Дориларнинг нархини назорат килишса бу яхши, лекин бутунлай маҳалийлаштириш яхши эмас", деди шифокор.

Кузатувчилар дори-дармон нархини бир хил қилиб ушлаб туришга уринишни Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди тадбирларидан бири сифатида кўраётганини айтадилар.

Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қурултойида бу ҳақда шундай деган эди:

“Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди. Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз” деган эди Бош вазир.

Шавкат Мирзиёевнинг бу айтганидан бир ҳафта ўтиб матбуотда унинг дори-дармон нархи ошишини чеклаш ҳақидаги қарори эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG