Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Тез тиббий ёрдам врачини урган шахс ҳибсга олинди


Зафар Қаюмов
Зафар Қаюмов

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 36 яшар Абдумалик Каримов уйига келган Тез тиббий ёрдам шифокорини ургани учун ҳибсга олинди. Каримовдан калтак еган шифокор Зафар Қаюмов тўрт кундан бери шифохонада даволанмоқда.

Муштумзўр ҳибсда

Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув 4-мавзесида касал кўришга борган пайти калтакланган шифокор Қаюмовнинг аризасидан сўнг воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси яъни "Безорилик" моддаси бўйича иш қўзғатилди.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийсига кўра, жиноят ишини Мирзо Улуғбек туман ИИБси ходимлари олиб бормоқда:

“Скорый помощь” доктори Зафар Қаюмовни калтаклаган 1981 йилда туғилган Абдумалик Каримов ҳисбга олиниб, ҳозирда Мирзо Улуғбек РОВДсининг тергов изоляторида сақланмоқда. 277-модда бўйича очилган ишни ушбу бўлим ходимлари тергов қилаяпти”, деди бошқарманинг исмини очиқламаётганимиз расмийси.

Ижтимоий тармоқларни ларзага солган воқеа

10 сентябрь куни тонгги соат 5:20ларда Каримовнинг уйида содир бўлган ушбу воқеа Тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан мобил телефоннинг диктофонига ёзиб олиниб, маҳаллий матбуотга тарқатилган.

Ўша куни шифокор Зафар Қаюмов ва фельдшер Тимур Ҳикматовлар телефон чақируви орқали Каримовнинг бемор ўғлини кўриш учун уникига борган.

Шифокорлар тарқатган аудио ёзувда Каримов ўғлини текшираётган врач Зафар Қаюмовнинг ҳаракатларидан қониқмай, унга мушт тушириб, уни ҳақорат қилгани акс этган.

Воқеа тафсилотини ўрганган Kun.uz сайтига кўра, Қаюмов калтак егач, "гандираклаб ерга қулаган" ва "бориб тиббий қутига урилган".

Қаюмовнинг тармоқларда тарқалган суратида унинг ўнг кўзи қизарганини кўриш мумкин.

Аудио ёзувдан англашилишича, каримовлар оиласи бемор ўғлини касалхонага олиб кетишни талаб қилади.

Воқеа устига милиция ходими ҳам кириб борган. Унинг воқеадан қандай хабар топгани, ким чақиргани маълум эмас.

Калтакланган врач шифохонада

Шифокорларга кўра, ҳозирда Республика Нейрохирургия илмий марказида даволанаётган Зафар Қаюмовнинг аҳволи қониқарли:

“Қаюмов олтинчи этажда, нейротравматологияда, травма бўлимида ётибди. Унинг пешонасида юмшоқ тўқималари лат еган, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, кўз косаси гематомаси, субконюктивал ўнг томон кўзга қон қуйилиши ташхиси қўйилган", деди Нейрохирургия илмий маркази шифокори.

Зафар Қаюмов Озодлик билан суҳбатда аҳволи яхши эканлигини айтди, бироқ ҳодиса тафсилотига тўхталишни истамади.

"Каримов шифокорларни беш марта калтаклаган"

Мирзо Улуғбек тумани 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими ходимларидан олинган маълумотга кўра, бўлим шифокорлари жами 5 марта калтакланган ва бешала ҳолатда ҳам "муштумзўр Каримов бўлган":

"Бу биринчи марта эмас. Олдин ҳам 4 марта шифокорларни урган, бу бешинчи ҳолат. Каримовлар уйига ҳеч қайси ходимимиз боргиси келмайди. Бу жуда агрессив оила. Зафар Қаюмовни август ойида ҳам калтаклаган. Шунинг учун бу сафар ҳар эҳтимолга қарши диктофонни ёқиб киришган. Кейин яна Зафар Болтаев, Соат Мамасиддиқов, Ғайрат Боймаковлар ҳам шу уйга бориб, калтак еб келишган", деди Тез тиббий ёрдам бўлими ходимларидан бири.

Каримовнинг бемор ўғли тақдири Озодликка ҳозирча маълум эмас. Аудио ёзувда уни шифохонага олиб кетишаётгани акс этган.

Безориликда айбланаётган Абдумалик Каримов, агар айбдор деб топилса, уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG