Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Фарғонада 6000 дан ошиқ бемор ҳаёти инсулин тақчиллиги туфайли хавф остида қолди


Қандли диабетга чалинганлар учун инсулин тирик қолиш учун асосий восита саналади ва шу боис бу дори таъминоти Ўзбекистон каби давлатларда давлат назоратига олинган.
Қандли диабетга чалинганлар учун инсулин тирик қолиш учун асосий восита саналади ва шу боис бу дори таъминоти Ўзбекистон каби давлатларда давлат назоратига олинган.

Жойлардан келаётган шикоятлар ва Озодликка келиб тушган ҳужжатга қараганда, Ўзбекистоннинг аксар вилоятлари¸ хусусан¸ Фарғонада жорий йил июлидан инсулин тақчиллиги бошланган. Қандли диабетнинг инсулинга қарам шаклидан азият чекаётган беморлар учун бу дори тирик қолиш шарти бўлгани боис, унинг таъминотини давлат тўлиғича ўз зиммасига олган. Озодликка маълум бўлишича¸ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат бўйлаб кузатилаëтган бу тақчилликка барҳам бериш йўлини излаш ўрнига¸ уни хаспўшлашга уринмоқда.

Қандли диабет касаллиги Ўзбекистонда ижтимоий касалликлар тоифасига киради ва бундай беморлар ҳаëт-мамотини белгиловчи инсулин каби дори воситалари уларга давлат томонидан бепул тақдим этилиши лозим.

Аммо Озодликка бир-биридан мустақил ҳолда айри-айри шаҳар ва туманлардан келаëтган хабарларга қараганда¸ июль ойидан мамлакат бўйлаб инсулин тақчиллиги бошланган ва ҳозирда аксар поликлиникалар инсулин йўқлигини айтиб¸ беморларни қуруқ қўл билан қайтармоқда.

Яқинларидан бирининг ҳаëти тўлиғича инсулинга қарам бўлган фарғоналиклардан бири Озодликка инсулин воситасини бу вилоятда дорихоналардан ҳам топиб бўлмай қолганини ëзди.

“Фарғона вилоятида қандли диабет касаллиги билан "Д" (диабет - таҳр.) назоратда турувчи беморларга бир ярим ойдан ортиқ вақтдан буëн инсулин дори воситаси етказиб берилмаяпти. Ҳозирда беморлар инсулинни ҳеч бир дорихонадан топишолмаяпти. Аптека ва поликлиникалар 1 октябрдан кейин хабар олинг¸ деяпти. Лекин унгача ҳаëт-мамоти инсулинга боғлиқ одамлар тақдири нима бўлиши ҳеч кимни қизиқтирмаяпти”.

Озодлик билан суҳбатда бу хабар муаллифи¸ поликлиника текин берилиши лозим инсулин йўқ¸ деб эшикни ëпгач¸ пулга сотиладиган инсулин қидириб ўз тумани¸ сўнгра Фарғона шаҳрида бормаган аптекаси қолмагани¸ бироқ уларда ҳам бу дорини топа олмаганини айтади:

- Отам 4 йилдан бери инсулин олади. Туман поликлиникасидагилар бир амаллаб туринглар¸ биз нима қилайлик беришмаганидан кейин¸ дейишди. Амаллаб туринг¸ дегани¸ дорихонадан пулга сотиб олинг¸ дегани. Туманда ҳам¸ шаҳарда ҳам бормаган аптекамиз қолмади¸ ҳаммаси бизда йўқ¸ деяпти. Энди дори қидириб Тошкентга боришимиз қолди¸ дейди Озодлик суҳбатлашган фарғоналик манба.

Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига яқин манба¸ ўз хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар боис¸ исми очиқланмаслиги шарти билан вазиятга изоҳ берди.

Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига бош эндокринолог врач ëзган мактуб нусхаси.
Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига бош эндокринолог врач ëзган мактуб нусхаси.

“Биргина Фарғона вилоятида 20 мингга яқин диабетга чалинган бемор бор.Улардан 6000 дан кўпроғи инсулинга тўлиқ қарам – улар инсулин олмаса¸ ë ўлади¸ ëки буйрак¸ кўз ва бошқа органлари қисқа вақт ичида ишдан чиқа бошлайди. Бизга Тошкент бераëтган инсулин вилоятдаги эҳтиëжнинг 22 фоизигагина етади¸ қолганини ҳокимликларга ялиниб-ëлвориб¸ қоплашга уриниб келаëтгандик. Ҳозир вилоят заҳирасида инсулин бор¸ лекин вазирлик уни ишлатмайсан¸ деб туриб олган. Запасдаги инсулин тўртинчи кварталда берилиши керак¸ деяпти. Шу инсулинни 1 сентябрдан ишлатишга рухсат беринг¸ деб вазирликка мурожаат қилдик. Вазирлик бу хатимизни ҳатто қабул ҳам қилмади – қабул қилса¸ нимадир чора кўриши керакда! Аҳволни ҳамма билиб турибди¸ лекин ҳеч ким ҳеч нарса қилишни хоҳламаяпти”¸ деди Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига яқин мулозим ўз шахси сир қолиш шарти билан.

Бу манба ўз айтганларининг тасдиғи ўлароқ¸ Озодликка Фарғонада юзага келган инсулин тақчиллиги борасида бонг уриш учун ëзилган иккита мактуб нусхасини тақдим қилди.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ëзган (аммо қабул қилинмаган) мактуби нусхаси.
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ëзган (аммо қабул қилинмаган) мактуби нусхаси.

Улардан бири Фарғона вилоят эндокринология диспансери бош врачи О.Х. Мавлановнинг Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О.М. Умаровга ëзган билдиришномаси бўлса¸ иккинчиси Умаровнинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.В. Алимовга ëзган ва 01-03/2864 рақами билан қайдга олинган мактубидир.

Ҳужжатлар ëзилган сана 17-18 август ва унда бошқарма вакили тасвирлаган вазият хусусида аввалига бош эндокринолог томонидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқамаси раҳбарига арз қилинади¸ унинг асосида Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари вазирга билдиришнома юборади.

Ҳар иккала хатда ҳам Фарғонадаги инсулин тақчиллиги рақамларда акс этади ва вазирликдан заҳирадаги инсулинни тарқатишга рухсат сўралади.

Аммо Озодлик манбасига кўра¸ бу мактуб вазирлик томонидан қабул қилинмаган ва айни кунларда инсулинга қарам беморлар аҳволи уларнинг бу воситани ўз йўли билан топиш-топмаслиги¸ топган тақдирда ҳам унга қурби етиш-етмаслигига боғлиқ бўлиб қолган.

Айтилишича¸ аптекаларда сотув қўйилган бир ампула инсулин нархи Хитой ëки Европада ишлаб чиқилганига қараб¸ 20 мингдан 85 минг сўмгача боради ва бу воситани¸ асосан¸ Тошкент дорихоналаридан топиш мумкин.

Озодлик маълумоти: Қандли диабетнинг 1-турига чалинган беморлар ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқармайди¸ унинг 2-турида эса¸ тўқималар организмдаги инсулинни қабул қилмайди. Биринчи тоифа беморларнинг ҳаëти тўлиғича кунига ҳар бир овқат ва уйқудан олдин қилинадиган инсулин уколига қарам. 2-тур диабетга чалинганлар ҳам маълум муддатдан сўнг инсулинга қарам бўлиб қолади. 1-тур диабатга чалинганлар инсулин қабул қилишни тўхтатса¸ қисқа муддат ичида комага тушиб¸ҳаëтдан кўз юмиши мумкин. Дунëнинг кўп давлатлари¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ҳам қандли диабет ижтимоий касалликлар рўйхатида ва шу боис ҳаëти инсулин воситасига қарам беморларга дори давлат бюджетидан бепул тақдим этилади.

XS
SM
MD
LG