Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Cўхлик деҳқонлар мажбурлаб эктирилган картошкани сотолмаяпти


Cўхликлар картошкасини сотолмай қолди
Cўхликлар картошкасини сотолмай қолди

Фарғона вилоят, Сўх туманидаги фермерлар ўтган йили туман ҳокимлиги мажбурлаб эктирган картошка ҳосилини сотолмаяпти.

Деҳқонларнинг айтишича, ўтган йили улар банкдан кредит олиб, килоси транспорт ҳаражатлари билан 10 минг сўмга тушган уруғлик картошка эккан эди.

Олинган ҳосилнинг ҳар килограмми таннархи икки-уч минг сўмданга тушмоқда, фермерлар билан оғзаки шартнома тузган “Agrovir” фирмаси эса, картошканинг фақат уруғликбопини саралаб олмоқда.

Туман ҳокимининг ўринбосари деҳқонларни бу мушкул вазиятдан чиқариш чора-тадбирини кўраётганини айтди.

Cўхликлар картошкасини сотолмай қолди
Cўхликлар картошкасини сотолмай қолди

Исми сир қолишини сўраган сўхлик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, тумандаги барча фермерлар ўтган йили ҳар килограммининг нархи 7,5 минг сўм турадиган уруғлик картошкани сотиб олишга мажбурланган:

“Ўтган йили бизга шу уруғлик картошкани олиб экасан, бўлмаса ерингни тортиб оламиз деб мажбурлаб олдиришган эди. Тошкентдан килосига 300 сўмдан мошинкира қилиб, олиб келганман. Агровир фирмаси вакили бошида картошка уруғчилиги маркази ташкил қиламиз, шунга аъзо бўласизлар, уруғлик етиштирилганидан сўнг ҳаммасини ўзимиз сотиб оламиз деб, оғзаки айтиб кетган эди. Энди эса фақат уруғликка мўлжалланган стандарт картошкани 3300 сўмдан оламиз деяпти. Менга эса ҳозир банкдан олган кредитим фоизи, ҳашаротга қарши дори ва минерал ўғитга сарфлаган харажатим билан ҳар килограмм картошка таннархи 3600 сўмга тушяпти”.

Фермернинг айтишича, “Agrovir” фирмаси билан ҳеч қандай ёзма шартнома тузилмаган.​

Банкдан берилган йиллик кредит устамаси жуда баланд - 22 фоиз - бўлганлиги боис, етиштирилган картошканинг таннархи ошиб кетганидан шикоят қилган бошқа фермер картошка нархи тушиб кетган ҳозирги пайтда ҳосилни бозорда сотиш зарар эканлигини айтаркан, деди:

“Агар Тошкентга олиб бориб сотаман десангиз, йўлкирага 9-10 миллион сўм пул керак. Ҳар кило картошкага 700-800 сўмдан миняпти. Чунки, биз Қирғизистон ичидамиз, шоферлар постлардан чиқиш учун анча пул расход қилишини айтишади. Сўхнинг бозорида эса картошка 1-1,5 минг сўм атрофида. Шахсан мен эккан картошканинг таннархи ҳар килосига 2000 сўмдан тушяпти. Нима қилишни билмай ҳайрон қолдик. Агровир эса саралаб олади экан, хуллас деҳқонлар бу йил картошкадан куйиб қоляпти”.

Фермер Додашаҳоб Шаҳобов Озодлик билан суҳбатда, картошкани Тошкентдаги “Agrovir” фирмасига олиб борганини айтади:

“Оляпти, килосига 3300 сўмдан сортировка қилиб оляпти. Қурт емаганини, ўртачасини, Голландиядан қандай шаклда келган бўлса ўшанақасини ажратиб оляпти. Қолганини ўзини нархида оламиз деб, складига қўйди. Ҳали нархлаган йўқ, бозор нархида оламиз, деяпти. 96 тонна олиб борган эдим, шуни 60 тоннасини 3300 сўмдан олиб, 200 миллион сўмни ҳисобимга ўтказди. Биз кредит фоизи баланд бўлгани учун бу йил фойда кўрмаймиз. Ўзининг таннархи чиқса ҳам катта гап”.

Сўх туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ханда Юлдошев картошка эккан деҳқонларнинг муаммоси ечимини излаётганини Озодликка айтди:

“Мен икки ҳафтача бўлди бу лавозимга тайинланганимга. Бу муаммодан хабарим бор. Ҳозир Фарғонада ўқишдаман, эртага қайтиб борсам муаммони ҳал қилиш йўлларини излаймиз”.

Озодлик “Agrovir” фирмаси билан боғлана олмади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 26 октябрь куни қабул қилинган қарорида¸ аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2018-2019 йиллар қиш ва баҳор мавсумига 222 минг 409 тонна картошка захира қилиш айтилган.

Озодлик олган маълумотга кўра, Ўзбекистонга Покистон картошкаси ҳозир импорт қилиняпти. Тадбиркорлар импорт картошканинг ҳар тоннаси барча йўл харажатлари билан 150 АҚШ долларидан тушаётганини айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG