Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:55

"Бочка"даги кафелар бирин-кетин бузилмоқда


2 августдан буён Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори бўйида жойлашган машҳур тамаддихоналарни бузиш давом этмоқда. Аҳоли орасида "Бочка" номи билан танилган ушбу ҳудуддаги 5 та кафе бир ой аввал ноқонуний қурилганлик важи билан ёпиб қўйилган эди. "Бочка"даги кафелар Ўзбекистон Миллий xавфсизлик xизмати раисининг собиқ ўринбосари¸ генерал Ҳаëт Шарифxўжаевга тегишли экани иддао қилинади.

Қурилганига 20 йилдан зиёд вақт бўлган ва кейинги пайтда тошкентликлар орасида энг машҳур тамадди масканларидан бири сифатида танилган “Бочка”даги кафеларнинг биринчиси 2 август куни бузилди.

Nuz.uz сайтида эълон қилинган воқеа жойидан олинган суратларда кафе бинолари ўрнида фақат ҳарсанг тошлар ётганини кўриш мумкин.

Сайт маълумотига кўра, ўтган асрнинг 90-йилларида қурилган ушбу кафени бузиш борасида бир ой аввал Бўстонлиқ туман ҳокимлиги томонидан огоҳлантириш берилган. Июль ойи охирида суд кафе биносини бузиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Озодлик манбаларига кўра, Бўстонлиқнинг “Бочка”сидаги 5 та кафе фаолияти "изнсиз қурилган"¸ "кадастрда йўқ"¸ "хавфсизлик ва экология талабларига жавоб бермайди", деган важлар билан тўхтатилган.

Бўстонлиқ туман ҳокимлигидаги манба маълумотига кўра, жорий йил баҳорида Чорвоқ сув омбори бўйидаги объектларнинг барчасида текширув ўтказилган ва ушбу кафе ўша текширув натижасида бузилган:

“Бу битта “Бочка”даги кафеларга тааллуқли эмас. Чорвоқ бўйидаги барча бинолар кадастр ва бошқа тегишли идоралар томонидан текширилди. Тўғри, бу биноларнинг кўпчилиги 90-йилларда қурилган. Лекин шу пайтгача улар эътибордан четда қолиб келган. Текширувчилар Чорвоқ бўйидаги жуда кўпчилик бинолар хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайди, деб топишди. Аксар бинолар шундоқ сув омбори бўйида қурилган. Аслида барча объектлар сув омборидан камида 70 метр узоқликда бўлиши лозим”, деди ҳокимликдаги манба.

Унинг айтишича, Чорвоқ бўйидаги талабга жавоб бермайдиган кафелардан ташқари бошқа барча объектлар ҳам навбати билан бузилиши режаланган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларига яқин манбаси иддаосига кўра¸ Ўзбекистон Миллий xавфсизлик xизмати раисининг собиқ ўринбосари¸ генерал Ҳаëт Шарифxўжаев ўтган йил июнь ойида ишдан олиниши ортидан унга тегишли бўлган ҳолда¸ бошқа одамнинг номига расмийлаштирилган Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк объектлари, жумладан, Чорвоқдаги “Колокольчик” ва “Бочка” ресторанлари тортиб олинган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ёки бошқа расмий идоралардан бу маълумотни тасдиқловчи ëки инкор қилувчи маълумот олиш имкони бўлмади.

Ҳаëт Шарифxўжаев 2015 йили ишдан олингач, унинг устидан тергов бошланди. Шарифхўжаевнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча Озодликда бирор маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG