Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:56

Бухоро прокурори президентга арз қилмоқчи бўлган тадбиркорларга таҳдид қилмоқда


Бир гуруҳ бухоролик тадбиркорларнинг Озодликка айтишича¸ улар 7-8 сентябрь кунлари вилоятга борган ҳуқуқ ва адлия тизимлари раҳбарлари билан учрашиб¸ ўз муаммоларини ҳал қилишда ëрдам сўрашга уринган. Уларни катта ваъдалар билан бу учрашувдан қайтарган вилоят прокурори¸ Тошкентдан келган сайëр гуруҳ қайтиб кетиши билан¸ арзчиларни жиноий иш очиш билан қўрқитишга киришган.

Учрашувдан олдин - ширинкулча...

Озодликка мурожаат қилган бухоролик тадбиркорларга кўра¸ халқ арзини эшитиш учун Тошкентдан президент маслаҳатчиси У. Исмоилов бошчилигида махсус гуруҳ келиши арафасида Бухоро расмийлари президент порталига бир неча бор ариза ëзган “Дилкушо” бозоридаги савдогарлар билан алоҳида учрашув ўтказган.

Шаҳар марказидаги критий бозорни ("Дилкушо" бозорининг халқ орасидаги номи - таҳр.) апрель ойида бузишди. Шундан бери бозор ўрни вайрона бўлиб ëтипти¸ 300 дан ошиқ тадбиркорга на бошқа жойдан ер¸ на компенсация берилди. Вилоят ҳокимлиги шикоятларимизни бир пулга олмай қўйган. Шунга тадбиркорлар биргалашиб¸ президент маслаҳатчиси келса¸ олдига кирамиз¸ деб тургандик¸ 6 сентябрь куни Бухоро шаҳар ҳокими Карим Жамолович биз билан учрашадиган бўлиб қолди. 200 га яқин одамни йиғиб¸ роса катта ваъдалар берди – эски мебель фабрикасини замонавий бозор қиламиз¸ шу ердан 1 ни 1¸5 қилиб¸ жой оласизлар¸ ҳаммаси зўр бўлади¸ зерикманглар¸ дейишди”¸ деб ҳикоя қилади бу мажлисда қатнашган тадбиркорлардан бири исми сир қолиш шарти билан.

Бундай ваъдаларга қарамай¸ “Дилкушо” бозоридаги тадбиркорлар номидан¸ асосан¸ уларнинг аëллари тўпланиб¸ 8 сентябрь куни Тошкентдан келган раҳбарлар олдига кириб¸ арзу ҳол қилмоқчи бўлганлар.

Бухоро пединститути биносида давлат маслаҳатчиси¸ Бош прокурор¸ Олий суд раиси ва яна бошқалар арзчиларни қабул қилади¸ дейишди. Бордик. Биз Бош прокурор Абдуллаевга ëзилдик. Лекин бизни Бош прокурор эмас¸ вилоят прокурори чақирди. “Бош прокурор барибир аризаларингизни менга топширади. Шунинг учун ўзим гаплашаман. Ҳал қиламиз¸ Бош прокурорга кирманглар”¸ деб яхши гапириб¸ чиройли ваъдалар берди. Биз ҳам ишониб қайтдик”¸ дейди сайëр қабулхонага арз билан бориб¸ вилоят прокурори Баҳриддин Валиев олдидан қайтган тадбиркорлардан бири.

Учрашувдан кейин - қамчин!

Бухоролик тадбиркорлар иддаосича¸ Тошкентдан келган гуруҳ қайтиб кетишидан кўп ўтмай¸ Бухоро вилояти прокурори Валиев арзчиларни бирма-бир чақиртиришга ўтган.

“Бу гал муомала бутунлай бошқача бўлди. Дўқ-пўписа¸ ҳаммангни қаматаман¸ деган таҳдид. Ҳамма тадбиркорга қарши қўлида дело тайëр эмиш¸ ҳаддимиздан ошсак¸ қамаб ташлармиш. Биз жуда оғир аҳволда қолдик – бозордаги жойимизни бузиб¸ кўчада¸ ишсиз қолдиришди. Қонуний арз қилсак¸ бунақа таҳдид. Фақат биз эмас¸ қариндошларимиз¸ болаларимизга ҳам босим қилишаяпти. Каръерасини бузамиз¸ ишдан ҳайдаймиз¸ деган мазмунда. Булар президентнинг халқ билан мулоқотини¸ тадбиркорларни ҳимоя қиламан¸ деганини бир тийинга олмаяптику!”¸ дейди прокурор таҳдидидан қўрқиб¸ ўз шахси очиқланишини истамаган тадбиркорлардан яна бири.

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ шаҳар ҳокими ва вилоят прокурорининг аввалги катта ваъдалари¸ республика раҳбарлари кетганидан сўнг прокурор қилган таҳдидларни мобиль телефонга ëзиб олишнинг иложи бўлмаган.

Ҳоким билан учрашувда милиционерлар қараб турди¸телефонини қўлга олганнинг олдига келиб¸ ўчиринг¸ деб туришди. Прокурор билан учрашувга умуман телефон билан қўйишмади”¸ деди бухоролик тадбиркорлар.

“Дилкушо” бозоридан қувилган 300 дан ошиқ тадбиркор муаммосининг олти ойдан бери ҳал этилмай келаëтгани сабабларини ўрганиш мақсадида Бухоро шаҳар ва вилояти ҳокимлигига қилинган мурожаатлар натижасиз қолди.

Бу масалага масъул деб айтилган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиëр Мақсудов Озодлик саволини эшитар-эшитмас телефонини ўчириб қўйди.

Вилоят прокурорининг ўз қонуний ҳаққи ва президент берган имкониятдан фойдаланишга уринган тадбиркорларга таҳдид қилаëтгани иддосига бу идора вакилларидан ҳам изоҳ олиб бўлмади – Бухоро вилоят прокуратурасининг жамоатчиликка тақдим этилган телефон рақамларига (365) 223-74-79¸ 2215768) кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG