Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Наманганда буғдой режасини бажармаган фермерлар ери тортиб олиняпти


Бу йил давлат режасини бажарган фермерларнинг режадан ортган буғдойини тортиб олиш ҳолатлари кузатилди.
Бу йил давлат режасини бажарган фермерларнинг режадан ортган буғдойини тортиб олиш ҳолатлари кузатилди.

Наманган вилоятининг Чортоқ тумани ҳокими буғдой режасини бажармаган фермерларнинг ерини тортиб ола бошлади. Занг касали тушгани боис буғдойдан яхши ҳосил ололмаган фермерлар, режа бажарилмаслигининг объектив сабабларини ҳоким назарга олмаётганини айтди.

Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров давлатга буғдой топшириш режасини бажаролмаган фермерларни ўз буйруғи билан ишдан бўшата бошлади.

Бу ҳақда Озодликка гапирган “Кораскон Мадинаси” фермер хўжалиги раҳбари Ўткирбек Муталовнинг онаси Мадина Солиеванинг айтишича, ҳоким зўравонлик билан иш тутмоқда:

- Буғдой планини бу йил ҳеч ким бажаролмади, чунки буғдойга занг касали тушди. Ҳоким пахта планини бажарсанг жойингда ишлайверасан деб ваъда берганди. Биз пахта режасини ортиғи билан бажардик. Буғдой экаётган пайтимизда ҳокимнинг вакили келди-да, “бўлди, ишни тўхтат, ерни топшир, энди бу ерга мана бу одам хўжайин” деб бошқа кишини тайинлаб кетди. Ноҳақлик бўляпти”, деди Мадина Солиева.

“Кораскон Мадинаси” фермер хўжалигининг ташкил этилганига 11 йил бўлган. Ўтган йилгача бу фермер хўжалигига Мадина Солиеванинг акаси Мусохон Исроилов раҳбарлик қилиб келган.

Шу пайтгача бу фермер хўжалиги ғалла ва пахта режаларини доим бажариб келган. 2015 йилда фермер хўжалиги Мусохон Исроиловнинг жияни Ўткирбек Муталов номига расмийлаштирилган.

Мадина Солиеванинг айтишича, улар бу фермер хўжалигини оилавий тарзда бошқариб келган, шунингдек 22 нафар ишчиси ҳам бўлган.

Мусохон Исроиловни яқиндан билган, исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, ҳоким адолатсиз иш кўрмоқда:

“Мусохон ака олий маълумотли юввош бир одам. Жуда ҳам кўнгилчан, ҳамманинг гапига ишонаверади. Ишонасизми, у фермер хўжалигини ривожлантириш учун у кўп нарсасидан воз кечди. Боғини сотди, шаҳардаги беш хонали уйини сотди. Ҳамма бор-будини шу фермер хўжалигига сарфлади. Лекин бугун ҳеч қандай суд қарорисиз, ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан унинг ерини тортиб олишди. Шунча қилган меҳнати ва харажати зое кетди”, деди чортоқлик фермер.

Ўзини Чортоқ тумани ҳокимининг ёрдамчиси Ҳакимали деб таништирган мулозим, буғдой режасини бажармаган фермерларнинг ерлари олиб қўйилаётганини тасдиқлади:

- Тўғри шундай бўляпти. Режани бажармаганлардан ер олиняпти, ўзлари ариза ёзяпти. “Кораскон Мадинаси” фермер хўжалигининг ҳам бирор айби бўлгандирда, ери олиб қўйилгандир, тафсилотларни билмайман, деди ҳоким ёрдамчиси.

Чортоқ тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Одилжон Қозоқовнинг телефони ўчирилгани боис, ундан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Узоқ йиллар фермерлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган, сирдарёлик Аваз Очилдиевнинг айтишича, ҳокимнинг бу буйруғи қонуний асосга эга эмас:

“Фермер ерини давлат захирасига қайтариб олиш тартиби бундай: Биринчидан, агар фермернинг ерини унинг аризасисиз олган бўлса, бу қонунга хилоф. Иккинчидан, ижара шартномасида агар ғалла ва пахта режасини уч йил сурункали бажармаса, ўшанда суднинг ҳукми билангина фермернинг ерини олиб қўйиш мумкин, деб ёзилган. Фермер хўжалигини судга ҳоким эмас, балки фермерлар уюшмаси бериши керак. Энди, бу фермер уни еридан ноқонуний маҳрум қилгани учун ҳокимни судга бериши, ёки Бош вазирнинг порталига ариза ёзиши керак”, деди Аваз Очилдиев.

Ўзбекистонда баҳорда об-ҳаво салқин келиб, ёғингарчилик бўлгани учун жуда кўп ҳудудларда буғдойга занг касаллиги тушди.

Шунинг учун аксарият туманларда буғдой топшииш режасини бажариш имконияти бўлмади.

Бироқ, фермерлар, режани бажармасликка сабаб бўлган сув танқислиги, табиий офатлар, ўсимлик касаллиги каби объектив сабаблар ҳокимият томонидан эътиборга олинмаётганидан шикоят қиладилар.

XS
SM
MD
LG