Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:45

“Бойсун баҳори”га президент бориши кутилмоқда. Фестиваль ҳудуди 24 соатлик "меҳнат фронти"га айланган


Президентнинг эҳтимолий сафарига тайëргарлик Сариосиë туманида ҳам туну кун тўхтовсиз бормоқда.
Президентнинг эҳтимолий сафарига тайëргарлик Сариосиë туманида ҳам туну кун тўхтовсиз бормоқда.

27-28 апрель кунлари Бойсун туманидаги Паданг қишлоғида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилади.

Ўз ташаббуси билан биринчи марта Термизда ўтказилган Бахшичилик санъати халқаро фестивалининг 5 апрель кунги расмий очилишида қатнашган президент Шавкат Мирзиëев¸ Сурхондарë ҳокимият тизимига яқин мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ “Бойсун баҳори”га ҳам келаман"¸ дегани ортидан вилоят раҳбариятининг бутун эътибори шу кунларда Падангдаги ҳозирликка қаратилган.

Сурхондарë вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов 5-10 апрель кунлари Термизда ўтказилган фестивалга “етарлича тайëргарлик кўрмади”¸ деган танқид билан ишдан олинган эди.

Айтилишича¸ Бойсун фестивали ўтадиган Паданг қишлоғи вилоят муваққат ҳокими Тўра Боболов учун ўз ташкилий қобилиятини президентга кўрсатиш майдонига айланган.

Айни пайтда¸ президентнинг Сариосиë туманига ҳам бориши кутилаëтгани ва бу туманда ҳам туну кун йўл тузатиш ва ободончилик ишларининг бораëтгани айтилмоқда.

Озодликка мурожаат қилган айрим падангликлар¸ фестивалга президент келиш эҳтимоли қишлоқдагилар ҳаëтини остин-устун қилиб юборганини билдирди.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиëевнинг Бойсун ва Сариосиëга боришига оид расмий маълумот ҳозирча йўқ.

"Ҳамма Падангда!"

Сурхондарë вилояти¸ қолаверса¸ Бойсун тумани ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозимлари¸ шу кунларда каттаю кичик раҳбарнинг Падангда ўтадиган фестивалга ҳозирликка бош-қош бўлаëтганини тасдиқлади.

Аниқ айтолмаймиз¸ лекин президентимизнинг келишлари кутилаяпти. Ҳозир ҳамма Падангда. Бу фестивалга чет элдан ҳам меҳмонлар келади¸ шунга иш қизғин ҳозир”¸ деди маҳаллий ҳокимлик мулозими.

Туман таълим тизими мутасаддиларидан бири 22 апрель куни Озодлик билан суҳбатда тумандаги мактаб директорларидан то фаррошларга қадар фольклор фестивалига тайëргарликка жалб қилинганини билдирди.

Ўзим ҳам шу ердаман ҳозир. Катта раҳбарларнинг ҳаммаси иш устида турипти. Бойсун ва атроф районлардан қари кампирлар борки¸ уларни ҳам олиб келишган – ўтов тикишаяпти. Ëшларимиз ўтов тикишни билмайди¸ шунга кампирларни ишлатаяпмиз. Адирликда йўллар қурилиб¸ асфальт қилиниб¸ ҳамма ëқ алғов-далғов”¸ деди тумандаги мактаб директорларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Бу мулозим¸ “Бойсун баҳори”га қўшни давлатлардан ҳам фольклор гуруҳлари келиши¸ улар учун туман марказида ëтоқ ва меҳмонхона ҳозирлаш ишлари ҳам жадал кетаëтганини билдирди.

Паданг - тоғ қишлоғи. Меҳмонлар Бойсун марказида ëтиб¸ фестиваль учун қишлоққа махсус автобусларда қатнашади. Шунга адирдаги йўлларни кенгайтириб¸ асфальт қилишаяпти”¸ деб қўшимча қилди маҳаллий мулозим.

“Бир ҳафтадан бери халққа тинчлик йўқ!”

Айни пайттда Озодликка мурожаат қилганлар Сариосиë тумани Шарғун шаҳри ва Бойсунобод қишлоғида ҳам "президент келади" деган тадорик авжига чиққанини билдирди.

Бойсунободликлардан бирининг ëзишича¸ айни кунларда бу қишлоқ комендантлик ҳолатига яқин вазиятда яшамоқда.

Қишлоғимизга муҳтарам Президентимиз келишлари керак экан. Бир ҳафтадан буëн оддий халққа тинчлик йўқ. Вилоятда ваколатли органки бор¸ ҳаммасининг раҳбари ҳозир шу ерда. Туну кун минглаб одам¸ юзлаб машина ҳамма жойни асфальт қилаяпти¸ ҳоким ва прокурор қишлоқдагиларни мажбуран ишлатиб¸ кўзига ëқмаган нарсани “йўқот” деб юрипти. Қишлоқ нотинч¸ ҳамма ëқни ҳарбийлар босган. Ҳарбий қисмнинг болалари мардикордек ишламоқда”¸ - деди шахси очиқланмаслигини сўраган бойсунободликлардан бири.

Бу суҳбатдош ўз қишлоғида шу кунларда бораëтган ҳозирлик манзараси акс этган видео ва суратларни Озодликка тақдим этди.

Сурхондарë президент келишига тайëрланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00

Озодлик гаплашган бойсунободлик тадбиркорга кўра¸ қишлоқ аҳолисидан ўз уйи ва эшик-дарвозасини бир хил рангга бўяш талаб қилинмоқда.

Ҳозир бутун қишлоқ тревога ҳолатида яшаяпти. Раҳбарлар уйма-уй юриб¸ краска тарқатаяпти. Кўча-кўйларни тозалатиб¸ ҳамма эшик-деразангни бир хил краска қиласан¸ деяпти. Лекин қишлоқда нафас олиш қийин даражадаги чанг-тўзон¸ қишлоғимизга ташланган юзлаб машина тўхтовсиз ишлаяпти. Минглаб одам супур-сидир қилиб¸ гул экиб юрипти. Ҳаммаси номига¸ асфальт йўлларнинг аҳволини президент келиб-кетганидан кейин видеога олиб жўнатсам¸ кўрасизлар бу ишларнинг қандай номига бўлаëтганини”¸ деди Озодлик гаплашган падангликлардан бири.

Сурхондарë вилоятининг Бойсун ва Сариосиë туманларида Ўзбекистондаги йирик кўмир конлари жойлашган ва кейинги йилларда бу конларни модернизация қилишга оид қатот қарорлар қабул қилинган.

Сариосиëликлар тахминича¸ президент Бойсунга келадиган бўлса¸ ана шу конлардаги вазият билан ҳам бевосита танишиши мумкин.

“Бойсун баҳори” тарихи

2001 йили ЮНЕСКО Бойсун фольклор меросини “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” рўйхатига қўшгани ортидан 2002 йилда илк бор “Бойсун баҳори” фестивали ўтказилган эди.

2004 йилда тўхтаб қолган бу фестиваль Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан қайта тикланди.

2016 йилнинг 17 ноябрида сайловолди дастури доирасида сурхондарёликлар билан учрашган Мирзиëев “Бойсун баҳори” фестивалини қайта тиклашни ваъда қилган эди.

Кўп ўтмай Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 23 январь куни Сурхондарë вилояти бўйича махсус қарор чиқарган ва унда бу фестивални ҳар йили ўтказишни белгилаб қўйган эди.

2017 йил май ойида қайта тикланган бу фестиваль ишида ҳозирча Шавкат Мирзиëев шахсан иштирок этмади.

Мирзиëевнинг яна бир ташаббуси билан жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Термизда илк марта ўтказилган Халқаро бахшилар фестивали олдидан Бош вазир Абдулла Арипов 1 апрель куни Сурхондарë вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатовни ишдан олди.

Вилоят ҳокимининг бўшатилишига президент келадиган фестивалга етарлича тайëргарлик кўрмагани¸ хусусан¸ “фестиваль билан боғлиқ тадбирларда қатнашмагани” сабаб қилиб кўрсатилди.

Озодлик гаплашган сурхонликлар¸ “Бойсун баҳори”нинг қандай ўтиши вилоят муваққат ҳокими Тўра Боболовнинг ҳоким этиб тайинланиш-тайинланмаслигини белгилашини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG