Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

AIBA президенти сайлови бўлиб ўтади. Номзодлар - Раҳимов ва Қонақбаев


Серик Қўнақбаев
Серик Қўнақбаев

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Олимпиада ўйинлари дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантираётган бир пайтда қозоғистонлик боксчи Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти этиб тайинланса, ушбу спортни сақлаб қолишни ваъда қилди.

Мутахассислар Халқаро бокс ассоциацияси президентини аниқлаш учун бугун бўлиб ўтадиган сайловда Серик Қонақбаев ғалаба қозониши эҳтимоли оз эканлигини айтмоқда.

Ўтган ойда ХОҚ агар асли ўзбекистонлик тадбиркор Ғафур Раҳимов AIBA президенти этиб тайинланадиган бўлса, Олимпиада ўйинлари дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берган эди.

Бундай баëнотга Раҳимов 2012 йили АҚШ Молия вазирлиги томонидан "ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" деб баҳоланиб, уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритилгани ва ҳамон шу рўйхатда қолаëтгани асос бўлган.

Бунга қарамасдан, Москвада бўлиб ўтадиган сайловда айни дамда AIBA президенти вазифасини бажараётган Раҳимов ғалаба қозониши кутилмоқда.

Қонақбаев 1 ноябрь куни Associated Press агентлигига берган интервьюсида:

- Агар у ғолиб чиқса, ХОҚ бизга маъқул келмайдиган қатъий қарор чиқаради, - деди Серик Қонақбаев. - Токиода бўлиб ўтадиган ўйинларда Олимпиада спорти мақомидан ажралиб қолишимиз мумкин. Энг даҳшатлиси - айнан шу. Шундай экан, барчамиз бу ҳақда ўйлаб кўришимиз керак.

59 ёшли Серик Қонақбаев фақатгина ХОҚ хавотирларини изҳор қилаётганини айтиб, Раҳимовни шахсан танқид қилмади.

- Раҳимов узоқ йиллардан бери AIBAда. У боксни яхши кўради, спортни яхшилашни истайди, - деди спортчи.

Аммо у ХОҚ хавотирлари асоссиз эмаслигини таъкидлади:

- Менимча, ХОҚнинг изҳор қилган хавотирлар асоссиз эмас. Шундай, ташкилот ўлароқ барчамиз бунга жиддий қараб, нохуш оқибатлар олдини олишимиз керак.

Ўтган ойда ХОҚ Раҳимовни Буэнос-Айресда бўиб ўтган Ёшлар Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Собиқ сиёсатчи, AIBA вице-президенти, Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) президенти бўлмиш Қонақбаев Associated Press билан суҳбатда бокс орқага кетаётганини ва томошабинларини аралаш яккакураш каби спортларга бой бераётганини таъкидлади.

Қонақабаев 1980 йил Москвада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида бокс бўйича кумуш медални қўлга киритган.

Кейинги йилларда бокс ўйинларига судьяларнинг эътирозларга сабаб бўлган қарорлари ҳам соя солмоқда.

2016 йил Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида қозоғистонлик Василий Левит ўзини устун кўрсатишига қарамасдан, олтин медаль билдан тақдирланган россиялик боксчи Евгений Тишченко саҳнани томошабинларнинг норози ҳайқириқлари садоси остида тарк этди.

Ирландиялик боксчи Майкл Конлан эса чорак финалда россиялик Владимир Никитинга мағлуб бўлганидан кейин, AIBA ва Россияни коррупцияда айблади.

Рио Олимпиадаси давомида юзага келган можаро ХОҚ хавотирларини янада оширди.

Матчлар натижаси олдиндан белгилаб қўйилгани ҳақидаги иддаолар тергов қилинар экан, 36 нафар AIBA расмийси хизматидан бўшатилди.

Қонақбаев Риода ХОҚ президенти Томас Бах билан учрашганини, учрашув давомида президент хавотирда эканлиги ва боксдан кўнгли совиганига гувоҳ бўлганини айтди.

- Бу спортимизни яхши қилиб кўрсатади, деб бўлмайди.

Қонақбаев Москвада бўлиб ўтадиган сайловда Раҳимов устидан ғалаба қозониш осон эмаслигини яхши билишини айтди.

Бошида Қонақбаевнинг AIBA президентлигига номзоди маъқулланмади. Аммо 30 октябрь куни ҳакамлар суди унинг номзодини қонуний деб топди.

- Сайловда қатнашаётган ҳар қандай номзод ғалаба қозонишни истамайди. Собиқ боксчи ўлароқ мен ҳам ғалабага кўз тикканман, - деди спортчи.

XS
SM
MD
LG