Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ҳужжат: Интернетдаги диний ахборот хуружларига қарши тезкор чора кўриш таклиф қилинди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Президент маъмуриятига Бош прокурор номидан жўнатилган хатнинг Озодликка келиб тушган нусхасида "UZ" доменида "носоғлом фикр"ларга таянилган диний материаллар кўпайганидан хавотир билдирилгани маълум бўлди.

Хатда диний материалларни тарқатиб келаётган мустақил веб-ресурслар номи тилга олинган ва уларни ўқиётганлар сони сўнгги икки йилда кунлик 35 мингдан 66,5 минг нафарга ошгани айтилган.

Прокуратура бундай материалларга қарши тезкор чора кўриш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилган.

Ҳужжат

27 январь куни Озодликка келиб тушган 3 варақли расмий хат унвонидан унинг жорий йил 2 январида ёзилганини, хатни Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев имзолаганини кўриш мумкин.

Озодлик эълон қилаётган хат нусхаси суратида унинг қайд рақами, имзо ҳамда адресатга оид маълумотлар манбалар хавфсизлигини кўзлаб ошкор қилинмаётир.

Озодлик бу хатнинг асл нусхасини кўргани йўқ.

Аммо ҳужжатда тилга олинган маълумотлар Интернетда мавжудлигига ва хатнинг мазмуни муқаддам келган айрим бошқа ҳужжатларнинг мантиқий давоми эканига Озодлик амин бўлди.

"UZ" доменига оид рақамлар

Ҳужжатда 2018-2019 йиллар давомида "UZ" доменида диний материалларни чоп этиб келаётган мустақил ресурслар таҳлили баён қилинган:

- Сўнгги 2 йилда Интернетдаги ахборот нашларидан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етган.

- Диний материаллар тарқатувчи мустақил сайтларга кирувчилар кунлик сони эса 35 минг нафардан 66,5 минг кишига ошган. Айтилишича, бу кўрсаткич Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайтига кирувчилар сонига нисбатан беш бараварни ташкил этади.

Диний "носоғлом фикрлар"

Хатда мустақил Интернет ресурсларида чоп этилаётган материаллар диний экспертизадан ўтказилмаётгани алоҳида қайд этилган.

"Мазкур манбаларда жамиятни исломлаштириш, исломий ҳаёт тарзи ва кийинишга ўтиш, болаларга мажбурий исломий таълим бериш, мусиқа тўгаракларини тақиқлаш, шариат қоидаларини расмий қонунлардан устун қўйиш каби носоғлом фикрларни (таъкид хат муаллифиники) илгари суриш ҳоллари ҳам кузатилмоқда", дейилади ҳужжатда.

Носоғлом фикрлар ҳақида гап кетаркан, алоҳида сайтлар ва уларда чоп этилган мақолаларнинг номлари келтирилган. Озодлик бу сайтлардан баъзиларини кўздан кечирди ва номи тилга олинган мақолалар ҳануз осиғлиқ турганига гувоҳ бўлди.

Ушбу мақолаларда ҳукумат қарорлари муҳокама қилинган ва уларнинг айримлари шариат қонунларига зид экани ҳақида хулоса берилган.

"Манфаатдор бўлмаган" блогер ёки сайт эгаси

Ҳужжатда "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 12-моддасига кўра, экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи материаллар сайт эгаси ёки блогер томонидан ўчириб ташланиши шартлиги таъкидланган.

Аммо айтилишича, аксар блогер ва сайт эгаларида махсус билим йўқ, шу боис, тақиқланган ғояларни "аниқлаш имконига эга эмас (ёки манфаатдор эмас) (таъкид муаллифники)".

Шунингдек, прокурор тақиқланган диний-экстремистик сайтларга VPN, PROXY дастурлари орқали кириш мумкинлигидан ҳам хавотир изҳор қилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, амалдаги қонунчиликка биноан, босма ва полиграфия нашрларидаги материаллар чоп этилишидан эксперт кўригидан ўтади, аммо Интернетдаги маълумотларнинг чоп этилганидан кейин экспертиза қилиниши - муаммодир.

Бундан ташқари, Интернетда чоп этилаётган маълумотларни эълон қилиш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмагани, шунингдек, "тарғиб қилиш" тушунчаси аниқ ёритиб берилмагани алоҳида таъкидланган.

Хат муаллифи таклифи:

Бош прокурор Президент маъмуриятига ёзган хатида Вазирлар Маҳкамасига махсус Ишчи гуруҳи тузишни ва бу гуруҳга 1 ой ичида қуйидаги чораларни кўришни таклиф қилганини билдирган:

- Интернетдаги "диний ахборот хуружларига тезкорлик билан таъсирчан чора кўришнинг самарали механизмини яратиш,

- қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш,

- тақиқланган сайтларга эркин кириш йўлларини тамомила ёпишни мукаммаллаштириш чорасини ишлаб чиқиш.

Эксперт фикри:

Хавфсизлик тизимларида Интернетдаги диний-экстремистик контент таҳлили бўйича эксперт Озодликка тақдим қилинган ҳужжатдаги таклифни жуда долзарб, деб баҳолади.

Эксперт шахсига доир маълумотлар сир қолишини сўради.

Эксперт ҳозирги кунда Интернетдаги ўзбек тилида сўзлашувчи тармоқларда берилаётган диний мазмундаги айрим материалларни "одамлар онгига тажовуз" деб баҳолади.

"Биргина мисол: "Интернет имом" деган атама тарқалган ҳозир. Камеранинг қаршисига соқолни қўйиб ўтириб олган имом, гапираётган гаплари жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Умуман, тармоқдаги тенденция - фақат исломий ҳаёт тарзи билан яшашни тарғиб қилиш, ҳатто болаларга фақат диний таълим бериш ва таркидунёчилик қилишга тарғибот кучайяпти. Нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйича бор бу ҳолат. Давлатлар бу ҳолатга албатта чора кўриши керак, аммо қандай - бунинг механизми қандай бўлади - бу жуда мураккаб, бир неча қаватли мураккаб масала. Аммо, бу ҳал қилиниши жуда зарур бўлган масала", дейди эксперт.

Махфий ҳужжатлар

Озодликка бунга қадар ҳам Интернет тармоғидаги диний контентни назоратга олиш механизмини ишлаб чиқишга оид ҳужжатлар сиздирилган эди.

Президент имзоси учун ҳозирланган ПҚ-4437м деб рақамланган махфий қарор ва Ўзбекистонда йиғилишлар, митинглар ëки Интернет орқали оммавий намойишга чақириқ учун жазони кучайтириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси шулар жумласидандир.

Ҳар икки ҳужжатда Интернет тармоғидаги мустақил сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги нафақат диний экстремистик материаллар, балки давлат тузумига тажовуз қилувчи ва жамоат хавфсизлиги учун таҳдид солувчи, деб топилган ижтимоий-сиёсий мазмундаги материаллар, чақириқлар устидан назоратни кучайтириш, бунинг учун эса жиноий жавобгарликни жорий қилиш ҳақида гап боради.

Хавотир

2019 йилнинг ноябрида қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Freedom House ташкилоти Интернет эркинлиги бўйича янги ҳисоботни эълон қилган ва унда Ўзбекистон Интернет эркин бўлмаган мамлакатлар сирасига киритилди.

Ҳисоботда ўзбекистонликлар учун фикрни онлайн тарзда эркин билдириш учун бироз имкон пайдо бўлгани, аммо Интернет тармоғи умумиятла қаттиқ назорат остида қолаётгани таъкидланди.

Халқаро ташкилотлар хавотирича, ҳукумат радикал экстремистик контентни чеклаш баҳонасида ўз фуқароларининг Интернет тармоғида фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқини ҳам чеклаб келмоқда.

Эксперт фикри:

Хавфсизлик тизимларида Интернетдаги диний-экстремистик контент таҳлили бўйича эксперт ҳозир ҳукуматлар асосий эътиборни тармоқлардаги мамлакат хавфсизлиги учун ҳақиқатда хавфли бўлган контентга қаратиши лозим, деб таъкилайди.

Унинг фикрича, Интернетни тўсиш билан хавфли контентни тўхтатиб бўлмайди.

"Ҳозир ижтимоий тармоқларни тўсиш - ёғаётган ёмғирни тўсишдай гап - яъни қарийб имконсиз. Шахсан мен, бунинг бирор мукаммал механизми борлигини билмайман. Лекин, тармоқда эълон қилинган материаллар учун жазони кучайтириш - бу ҳукуматлар учун энг синалган йўл. Фақат, бунда ҳукумат бировдан келган контентни ўқимасдан-билмасдан тарқатворганни ҳам жиноий жавобгарликка тортворадими ёки тўғри жазо берадими - бу ҳам алоҳида масала".

XS
SM
MD
LG