Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Блогерлар солиққа тортиладиган бўлди, амалдорлар қачон даромадини очиқлайди?


Мирзиёев "ортларингда мен турибман" деганига қарамай Ўзбекистонда ўнга яқин блогер қамалди
Мирзиёев "ортларингда мен турибман" деганига қарамай Ўзбекистонда ўнга яқин блогер қамалди

Жорий йилнинг биринчи январидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар қаторида блогерлар ҳам солиққа тортилади.

Қонунга кўра, агар блогер йиллик даромади юз миллион сўмдан ошадиган бўлса, энди якка тартибдаги тадбиркор сингари солиқ тўлайди.

Озодлик суҳбатлашган блогерлар фикрича, юридик нуқтаи назардан барча демократик давлатларда даромадлар декларация қилиниши ва солиққа тортилиши нормал ҳодиса ҳисобланади, лекин Ўзбекистонда 2022 йилда қабул қилинган "ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА"ги қонунда амалдорларнинг декларация топшириши кўзда тутилмаган.

Бу эса давлат амалдорларининг нолегал даромадини яширишга, бюджетга тушаётган солиқларнинг камайишига сабаб бўлаётгани айтилади.

Блогерлар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар сирасига киради. Уларнинг асосий даромади шартнома асосида воқеа-ҳодисаларни ёритиш ва рекламалардан тушади.

Аммо, уларнинг қанча даромад топаётгани ҳам очиқланмаган. Юз миллион сўмдан ортиқ даромад топаётган блогерлар саноқли эканлиги, қишлоқ ҳудудларидаги блогерларнинг даромади эса деярли йўқлиги айтилади.

“Рости, блогерлик фаолиятим даврида бировдан пул олмаганим учун бирон нарса дейишим қийин. Блогерлик ортидан менимча ҳеч ким юз миллион фойда қилмаса керак. Даромад юз миллиондан ошгандан сўнг солиқ тўлайди дейиляпти, юз миллиондан ошганини қаердан билиш мумкинлиги хам тушунарсиз. Агар тузилган шартномалардан десангиз, қишлоқ блогери бунақа шартнома қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Унда ўз-ўзидан солиқ тўлашдан қочилади ва бу ҳолат блогерларни қўлга туширишда қўл келиши тайин. Солиқ тўламаган блогерлар ҳукумат олдида муттаҳамдек кўриниши эҳтимоли ҳам ошади, натижада блогер эркин фикр билдира олмайди. Назаримда, давлат бюджети анча “чарчаб” қолган, ҳукумат ҳар бир соҳани солиққа тортмоқда, деярли солиққа тортилмаган соҳа қолмади”, дейди исми сир қолишини сўраган қашқадарёлик блогерлардан бири.

Блогер Зафар Солижоновнинг айтишича, блогерларнинг қанча даромад топаётганини санашни билган ҳукумат, давлат амалдорларининг қанча даромад топаётгани ва бу даромад харажатга қанчалик мос тушаётганини ҳам декларация орқали очиқлаши керак:

“Гап бўлиши мумкин эмас, ҳар бир одам даромад ёки фойда солиғи тўлаши керак. Лекин бюджет солиқдан қанча даромад қилади, қаерга ва қанақа сарфланяпти каби бюджетнинг муҳокамаси узоқроқ давом этиши керак. Лекин бизда жуда қисқа муддатда бериляпти ва ижрога қараб кетиляпти. Бу бир. Иккинчидан, ҳукумат мана блогерлар ва бошқаларнинг қанча топишини билиб олди. Энди мансабдаги амалдорларимиз қанча даромад топаётганини биз ҳам билишга ҳақлимиз. Қилаётган харажати топаётган пулига тўғри келадими, йўқми? Давлатимиз ҳам даромадлар ва харажатлар декларациясини жорий қиламиз деб ваъда берган. Бу нарса неча йилдан бери гапирилади. Лекин ижроси жудаям кечикиб кетди. Агар одамларга маъқул келадиган давлатчилик қуришмоқчи бўлса, коррупцияга қарши курашишнинг энг яхши йўли бу декларацияни жорий қилиш”.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадини декларациялаш тўғрисидаги қонун 2022 йил 28 майда Сенат томонидан қабул қилинган.

"ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА"ги бу қонуннинг 20 моддасида бундай ёзилган:

“Давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт”.

Аммо қизиқ жиҳати шундаки амалдорларга бу қонун тадбиқ этилмаслиги қонуннинг бошида ёзиб қўйилган:

"Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ва Сенати аъзоларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг, судьяларнинг ва суд тизими ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви аъзоларининг, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати органларида хизматни ўтаётган давлат хизматчиларининг, шу жумладан ҳарбий хизматчиларнинг;

давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди".

Таҳлилчиларнинг айтишларича, яъни бу қонун фақат қора халқ учун, тадбиркорлар, фермерлар, ишчилар даромад декларацияси тақдим этиши керагу, лекин президентдан бошлаб, депутату сенатор, ҳокиму судья прокурор, ҳарбий, божхоначи, давлат органи ва банк ходимлари бундан мустасно.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам тузилди. Лекин бу агентлик томонидан ҳозиргача юқори мансабдор шахсларга тегишли коррупцион ҳолатлар бўйича битта ҳам катта иш фош қилинмади.

Бакировнинг ёзишича, Агентликни тузишдан коррупцияга қарши курашиш эмас, ташқи дунё учун коррупцияга қарши курашаётгандек қилиб кўрсатишдан бошқа мақсад бўлмаган.

Ўзбекистон Ахборотлаштириш тўғрисидаги Қонунга кўра блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланади.

“Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра блогерлар ҳам ўзини ўзи банд қиладиган шахслар рўйхатига киритилган.

Блогерларни солиққа тортиш тартиби Ўзбекистонда қатор блогер ва тармоқ фаолларининг таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилиши манзарасида жорий қилинмоқда.

Расмийлар блогерлар касбий фаолияти учун эмас, балки аксар ҳолларда иқтисодий ва молиявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини айтишади.

Озодлик суҳбатлашган блогер ва тармоқ фаолларининг фикрича, янги тартиб Ўзбекистонда сўнгги йилларда шундоқ ҳам торайиб бораётган сўз эркинлиги доирасини янада торайтиради, қўрқув муҳитини кучайтиради.

Форум

XS
SM
MD
LG