Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

“5 яшар ўғлим юзимга сув пуркаб ҳушимга келтирарди”. Россияда маиший зўравонлик авж олди


Иллюстратив фото
Иллюстратив фото

Россияда маиший зўравонликка оид қонунлар ўзгарганидан сўнг оиладаги жиддий асоратсиз калтаклашлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб баҳоланмоқда. Кўпинча суд бунинг учун кўпи билан 400 долларгача жарима тайинлайди.

Ҳуқуқбонлар ва зўравонлик қурбонлари ушбу қарор учун ҳукуматни бир неча йилдан бери танқид остига олиб, оила ичида одамлар соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган самарали қонун жорий этишни талаб қилиб келади.

“Мен унинг кўзларида ғазаб ўтини кўрдим, тушундимки, ҳозир бир кори ҳол бўлади. “Кунинг битди, ҳозир сени сўяман”, деб айтди у”, ҳикоя қилади Ася Мосвисян.

У муштумзўр эрини ташлаб кетганига 3 йил бўлди. Лекин турмуш ўртоғи уни ҳамон таъқиб қилади, йўлини тўсади ва гоҳида пичоқ ўқталиб, уйга қайтишни талаб қилади. Аёлни кўпинча ўткинчилар Артак Мовсисян қўлидан қутқариб қоладилар. Шундай воқеалардан бири видеога қайд қилинган.

“У ҳатто фикрларимни назорат қилишни истарди. Мен у хоҳлагандек ўйлашимни, у ёқтирган мусиқани хушлашимни талаб қиларди. Бошқа мусиқани тингласам, гўё ўзга эркакни хаёл қилаётгандек туюлардим унга”, дейди аёл.

Тез орада таъна ва эътирозлар мушт ва шапалоқлар билан алмашди. Ася эри уни оғироёқлигида ҳам аямай урганини айтади. “Кечаси 2-3 ларда келарди-да, бошимга тепиб уйғотар ва “Нега мен йўқлигимда ухлаб ётибсан”, деб ўшқирарди”, эслайди Ася.

Аёл эри босилиб қолишига умид қилади, қариндошлари сабр қилишга чақирадилар. Бир фарзандлари иккита бўлади, аммо калтаклашлар камайиш ўрнига авжига чиқади. “Гоҳида унинг зарбаларидан ҳушимдан кетсам, 5 яшар ўғлим юзимга сув пуркаб ўзимга келтирарди”, давом этади аёл.

Уч йил аввал Ася эридан қочиб кетишга қарор қилади. Бунга қадар аёл полицияга ўнлаб марта шикоят қилган, аммо улар “жиноят таркибини топа олишмаган”. Ҳозирда ҳам, эрининг шунча таҳдидларига қарамай Асяни ҳимояга олишмаган.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилганидан сўнг Артак Мовсисянга қарши жиноят иши қўзғатилганди. Аммо Россия судлари ишни кўришни пайсалга солиб келмоқда, муддат эса ўтиб боряпти, ҳадемай жиноий жавобгарликка тортиш муддати тугайди ҳам. Мовсисяннинг хотинини таъқиб қилишига ҳеч ким халал бермаяпти. Ҳолбуки кўп давлатларда бунақа ҳолатларда зўравонларга қўриқлаш ордери ёзилади. Яъни, суд унинг хотинига яқин боришини тақиқлаб қўяди”, дейди “Насилию.нет” маркази директорининг ўринбосари Диана Барсегян.

Экспертга кўра, Россия судлари хотинини урган эркакларга аксар ҳолларда тахминан 5 минг рубль жарима ёзади. “Бунақа жарималардан фойда йўқ, боз устига, у оилавий бюджетдан тўланади ва ўз-ўзидан зўравонлик жабрдийдасига ҳам зарар келтиради”, тушунтиради Барсегян.

Аёллар ноҳукумат ташкилотлари консорциуми хулосасига кўра, Россияда аёл учун энг хавфли жой – унинг уйи. Мамлакатда ўлдирилган аёлларнинг қарийб 66 фоизи маиший зўравонлик қурбонларидир. Фақат суд ҳукмлари бўйича тўпланган статистикага кўра, 2011–2019 йилларда ўлдирилган 18 547 нафар аёлдан 12 209 нафари ўз қариндоши ёки жуфтининг қурбонига айланган. Бу дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан биридир. Жаҳон банкининг “Women”, “Business and the Law” номли ҳисоботида айтилишича, 2018 йилда Россия аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик соҳасида 0 балл олган.

Бугунги кунда Россияда аёллар учун 150 га яқин кризис марказлари мавжуд. Уларнинг барчаси хусусий бўлиб, хайрия маблағлари ҳисобига фаолият юритади. Кризис марказлари ҳақида маълумотлар жуда кам, аксар аёллар уларнинг борлигини билмайди ҳам. Ҳолбуки марказларда жабрдийда аёл руҳий ва ҳуқуқий ёрдам олиши мумкин.

Маиший зўравонлик тўғрисида қонун узоқ йиллардан бери қабул қилинмаяпти. Қонун лойиҳаси Думага 2016 йилда киритилган эди. Қонун қабул қилинишини талаб қилиб ҳар йили қанчадан-қанча митинглар бўлади. Рус православ черкови фикрича, бунақа қонун Ғарб тажрибаларига асосланган бўлиб, Россияда оила институтига салбий таъсир этади.

XS
SM
MD
LG