Президент Жо Байден кузда ўтадиган АҚШ президент сайловларида иштирок этмайди.
Бу ҳақда у якшанба куни эълон қилинган баёнотида маълум қилди.
Олдинроқ Байденнинг демократик партиядаги сафдошлари унинг руҳий ҳолати ва Дональд Трампни мағлуб қилиш имкониятларини савол остига олишганди.
Рейтер агентлигининг ёзишича, Байденнинг қарори Қўшма Штатлардаги президентлик беллашувини мавҳумлик остига қўяди.
81 яшар Байден ўзининг X тармоғидаги эълон қилинган баёнотида Байден 2025 йил январида жорий муддати тугагунига қадар президент ва бош қўмондон сифатида қолиши ва шу ҳафтада америкаликларга мурожаат билан чиқишини билдирди.
"Сизнинг Президентингиз бўлиш ҳаётимнинг шарафли саҳифаси бўлди. Гарчи ниятим қайта сайланиш бўлган эса-да, истеъфо бериш ва қолган муддат президентлигимга диққат қаратиш партиям ва мамлакатим манфаатларида, деб ишонаман", дейилади Жо Байденнинг баёнотида.
Сўнгги хабарларга кўра, Байден вице-президент Камала Харрис номзодини қўллаб қувватлаган.
Демократик партия қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади.
59 яшар собиқ прокурор ва Калифорния штатидан сенатор бўлган Харрис Байденнинг сайловолди кампанияси ғазнасидаги миллионлаб доллар маблағлардан ўз тарғиботи учун фойдаланиши мумкин бўлади.
Харриснинг номзодлиги аниқ эмас
Харрис ноябрь ойидаги сайловларда Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп билан беллашиш учун энг муносиби деб ҳисобланса-да, Демократик партиядан номзодликка даъвогарлик қиладими ёки йўқ, ҳали номаълум.
АҚШ президенти Жо Байден вице-президент Камала Харрисни Демократик партиядан президентликка номзод сифатида маъқуллагани унинг расман номзод бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги тахминларга барҳам бергани йўқ.
Жо Байден билан бирга собиқ президент Билл Клинтон ва унинг рафиқаси – собиқ Давлат котиби ва 2016 йилги сайловда муваффақиятсизликка учраган Ҳиллари Клинтон 21 июль куни, Байден пойгадан чиққанини эълон қилгандан сўнг дарҳол Харрисни дастаклаб чиқди.
Аммо Демократик партиянинг бошқа бир қанча йирик вакиллари, жумладан, собиқ президент Барак Обама, Вакиллар палатасининг собиқ спикери Ненси Пелоси, Вакиллар палатасида озчиликлар етакчиси Хаким Жеффрис ва Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумер ҳам уни қўллаб-қувватлашдан ўзини тийди, кўплаб партия етакчилари Доналд Трампни 5 ноябрдаги сайловда мағлуб этиши мумкин бўлган бошқа номзодлар ҳам бор деб ўйламоқда.
Харриснинг ўзи ўз баёнотида Байденнинг маъқулловини олиш шарафига муяссар бўлса-да, у "бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш" ниятида эканлигини айтди, яъни бу Харрис партиядан номзодликни бошқалар билан курашиб олишга тайёрлигини анлатади. Партиядан ким номзод бўлиши 19-22 август кунлари Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтадиган Демократик партия Миллий қурултойида маълум бўлади.
Баъзи таҳлилчилар Харрис ва президентликка номзод бўлиши мумкин бўлган бошқа номзодлар орасида «мини-праймеризлар» (партия ичида бирламчи сайловлар) ўтказилиб, кейин номзод аниқланишини тахмин қилмоқда. Бундай праймериз қандай ўтиши номаълум. Аммо бирламчи сайловда ғолиб чиққан номзод президентлик сайловидан воз кечганидан икки кун ўтиб Демократлар Миллий Қўмитасининг Қоидалар бўйича қўмитаси тўпланиши ва партиянинг келгуси ҳаракатини белгилаши керак.
«Партиямиз етакчилари кўзга кўринган номзодни аниқлаб берадиган бирор жараённи йўлга қўя олишига ишонаман”, деди Обама.
Агар мини-праймеризлар ўтказилганда эди, ғолиб Демократик партия қурултойидан анча олдин аниқланган бўларди, унда номзод шунчаки эълон қилинарди, холос. Аммо бошқалар айтишича, Харрис ва бошқа номзодлар ўртасидаги рақобат яқин кунларда бошланиши мумкин ва ким номзод бўлишини қурултойда минглаб делегатлар ҳал қилади.
Обама маъмуриятининг собиқ расмийси, CNN учун сиёсий маслаҳатчи ва сиёсий шарҳловчи Девид Акселроднинг айтишича, Демократик партия раҳбарлари Харрисни қўллаб-қувватлашга шошилмаяпти, чунки улар "ноябрь ойида Доналд Трампни қандай ва ким мағлуб этиши мумкинлиги" ҳақида бош қотиришмоқда.
CBS News телеканалининг сўнгги миллий сўровида Трамп (52%) Байдендан ҳам (47%), Харрисдан (48%, Трампники 51%) ҳам олдинда бормоқда. Трамп, шунингдек, натижасини олдиндан айтиб бўлмайдиган штатларнинг аксариятида сўровларда олдинда.
Бир нечта номзодлар билан очиқ жараённи ўтказиш чақириқларига қарамай, Байден ўйиндан чиқишини эълон қилганидан бир неча соат ўтгач ҳам ҳеч ким номзодликка даъвогар бўлиб чиқмади.
"Ҳеч ким, ҳеч бўлмаганда, дарҳол Харрисга қарши чиқишини эълон қилмагани аҳамиятли. Демак, ҳозирча [Харрис] фаворит ҳисобланади.”
Форум