Condé Nast нашриёти Чеченистон раҳбарининг қизи ва республика маданият вазири бўлмиш Айшат Қодирова таъсис этган “Фирдавс” модалар уйига нисбатан даъво қўзғаганидан сўнг 23 яшар мулозиманинг бизнеси яна бир бор диққат марказига чиқди. Ширкат сўнгги икки йилда кўпмиллионли фойда олганидан баҳс этади, айни чоғда бренднинг талабгирлиги ва молиявий шаффофлиги билан боғлиқ саволлар ҳануз очиқ, деб ёзади Кавказ.Реалии.
Август ойи ўрталарида Москва ҳакамлик судига “Фирдавс” фирмасидан қарздорликни ундириш тўғрисида даъво аризаси тушди: Украина уруши бошланганидан сўнг Россияни тарк этган Condé Nast матбаа уйи Айшат Қодировага тегишли фирмадан 814 минг рубль қарзини ҳамда 893 минг рубль неустойка (жарима) тўлашни талаб қилди. Суд материалларига кўра, қарзни тўлаш 2019 йилнинг июлидан бери пайсалга солинган.
Condé Nast медиагуруҳи Россия бозорига 1998 йилда кириб келган. Фаолиятини тугатгунга қадар у Vogue, GQ, GQ Style, Tatler, AD, Glamour ҳамда Glamour Style Book рангли-безакли журналларини чоп этган.
Аммо иш суд мажлисига етиб бормади – Condé Nast даъвосини қайтариб олди ва талабларидан воз кечди. Сабаблар очиқланмаган. Биринчи тахмин шуки, ОАВларда шов-шув кўтарилгач “Фирдавс” ширкати нашриёт билан тезда ҳисоб-китоб қилиб, қарздорликни ёпган.
“Музлатилган” совға
“Фирдавс” арабча сўз бўлиб, Қуръонда “жаннат боғи” деган маънода қўлланган. 2011 йил апрелда Айшат Қодированинг модалар уйига шундай ном берилди. Унинг расмий фаолияти кийим-кечак, парфюмерия ва косметика моллари ишлаб чиқариш, заргарлик буюмлари ва соатлар савдоси, пардоз ва сартарош хизматлари кўрсатишдан иборат.
“Фирдавс” брендининг ўзи аввалроқ – 2009 йилда яратилган. Ўшанда Айшат Қодирова атиги 10 ёшда эди. 2015-2018 йилларда “Фирдавс” МЧЖ таъсисчиси Чеченистон раҳбарининг рафиқаси Медни Қодирова эди. Айшат 17 ёшида онаси ўрнини эгаллаган – бу унга туғилган кунига совға қилинган бўлса эҳтимол. Бироқ Айшат хонимнинг илк мусулмонча либослар тўплами 2016 йилиёқ тақдим этилганди, намойиш нақ Кремль девори ёнида “Зарядье” хиёбонида ўтказилган.
Ширкатнинг бухгалтерия ҳисоботларини кўздан кечирган киши “Фирдавс” гўё Айшат балоғатга етишини кутгандек бир неча йил “музлаб” ётган экан-да”, деган хаёлга бориши мумкин. Мода бизнеси Чеченистон раҳбарининг хотинини деярли қизиқтирмаган шекилли, у раҳбарлик қилган даврда ширкатнинг молиявий фаолияти жуда суст бўлган. Масалан, 2017 йилда фирмага савдодан бир чақа ҳам пул тушмаган, аммо келаси йили, Айшат Қодирова келиши билан қарийб 1,5 млн рубл кирим қилинган. 2019 йилда тушум 46 млн.га, кейинги йили 64 млн.га етган ва ўтган йили 75 млн рублни ташкил қилган. 2021 йилги соф фойда эса 26 млн рубл бўлган.
Тимати, Бузова, интим ашёлар
Номи чиқмаган мусулмонча либослар уйи Айшат Қодирова келиши билан Москвада бутик очди. Янатағин шаҳарнинг қоқ марказида – Катта Якиманкада жойлашган ҳашаматли “Гименей” галереясида. Mercury ва Brioni бутиклари орасида ўрин олган дўконнинг очилиш маросимида атай Лос-Анжелесдан учиб келган рэпер Тимати, бош продюсер Тина Канделаки, телебошловчи ва хонанда Ольга Бузова, дизайнер Игорь Гуляев, хонанда Согдиана ва бошқа “юлдуз”лар иштирок этишди. Давлат Думаси депутати ва Рамзан Қодировнинг муҳосибларидан бири бўлмиш Адам Делимханов “Фирдавс” савдо дўкони очилишини бутун Чеченистон учун муҳим воқеа деб атади.
“Коммерсант” газетаси ўшанда бутик очилишига бағишланган мақоласида шундай ёзган эди: “Мода индустриясининг кўплаб вакиллари ва экспертлари узр сўраб, Қодирова хоним бутигининг очилиши хусусида изоҳ беришдан бош тортишди. Айримлари эса “Фирдавс” модалар уйининг либослар тўпламини стиль ва олиймақом мода нуқтаи назаридан баҳолаш мушкул, деб айтишди”.
Келаси йили Чеченистонда бичиб-тикилган либосларни нақ Парижда тақдимот қилдилар. Франция бошкентида ушбу намойишга рўйхушлик бермади, мустақил журналистларни эса маросимга киритмадилар. Маҳаллий матбуот Айшат Қодированинг модалар кўргазмасини Европа Чеченистонда инсон ҳақлари бузилаётганига кўз юмгани аломати ўлароқ талқин қилди. Аммо ўша тақдимот алал-оқибат Айшат хонимнинг Ғарбда ном чиқариш учун биринчи ва охирги уриниши бўлди.
2017 йили Би-би-си суриштирувида қизиқ маълумот ўртага чиқди: аниқланишича, Айшат Қодирова Грозний марказида Lady A номли аёллар учун интим ашёлар ва эротик ичкийимлар дўконини очган эмиш. Дўкон “Фирдавс” савдо марказида – Чеченистон раҳбарининг қизига тегишли бошқа шохобчалар қаторида жойлашгани айтилади.
Би-би-си бир неча блогернинг ушбу дўкон ҳақидаги хабарларига ҳавола берган (постлар ҳозирда ўчирилган, лекин журналистлар скриншотларни сақлаб қўйганлар). Бутикнинг “Инстаграм”даги ёпиқ аккаунтига қарийб 20 минг киши обуна бўлган – мижозларга нафақат эротик ичкийимлар, балки интим косметика ва ҳатто BDSM ашёлари ҳам таклиф қилинар экан. “Фирдавс” модалар уйи вакиллари ўшанда мазкур маълумот бўйича изоҳ беришдан бош тортганлар.
“Қип-қизил бўҳтон бу! Пасткашлик! Бунақа тубан уйдирмалар билан раҳнамомиз Рамзан Қодиров ҳамда унинг оиласини ёмонотлиқ қилмоқчи бўлаётганларни огоҳлантириб қўяй: ҳар бир сўзингиз учун жавоб берасиз!” – Чеченистоннинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Жамбўлат Умаров Би-би-си суриштирувига шундай муносабат билдирган эди.
Дарвоқе, суриштирув Би-би-си сайтидан ўчирилмаган, бу ҳақда ёзган ОАВлар раддия бермаган.
Интим моллар дўкони Айшат Қодированики эканига ҳужжатли далил йўқ. “Откритие медиа” журналисти дўкондан интернет орқали бир неча ашё сотиб олиб, харидга чек илова қилишни сўраганида “чек берганимиз билан фойдаси йўқ, чунки унда мулкдорнинг реквизитлари кўрсатилмайди”, деган жавобни олган.
Бу орада бутикни Чеченистон халқ артистлари Хеда Газиева ҳамда Тамара Дадашевалар реклама қилишди. Кейинроқ пиарга “федерал миқёсдаги” блогерлар ҳам жалб этилди. 2018 йил январда Lady A дўконини телебошловчи ва “Дом-2” иштирокчиси Алёна Водонаева “Инстаграм”да тарғиб қилди.
Қодировнинг истеъфоси учун имзо тўплаган “Маяк” ижтимоий ҳаракати етакчиси Дарья Хейкинен “Кавказ.Реалии” билан суҳбатда Чеченистон раҳбари ва унинг атрофидаги одамларнинг сўзи билан амали бошқа-бошқа эканини, Айшатнинг бизнеси билан боғлиқ вазият ҳам бундан истисно эмаслигини айтади.
“Маҳаллий мулозимлар ҳар қадамда ахлоқ-одобдан ваъз ўқир экан, Қодировнинг қизи яширинча интим ашёлар сотмоқда – Путин-Қодиров Чеченистонида бошқача бўлиши мумкин эмас. Отасининг қизи бўлмиш Айшат хоним ишнинг миси чиқмаслиги учун қонунларни бузишдан ҳам тап тортмайди. “Амал қилмайдиган чеклар”дан муддао шу”, дейди жамоат фаоли.
Тадбиркор мулозима
2020 йил сентябрда Айшат Қодирова Чеченистон маданият вазирининг биринчи муовини, кейинроқ эса вазир этиб тайинланган эди. 2021 йилда унинг даромади бирданига 50 бараварга ёки 845 минг рублдан 44 миллион рублга ошган.
“Транспаренши Интернешнл”нинг Россиядаги ваколатхонаси бош директори Илья Шумановга кўра, Россия қонунчилиги, агар манфаатлар тўқнашуви бўлмаса, ҳудудий вазирларга тижорат ширкатини таъсис этиш ҳуқуқини беради.
“Аммо Айшат Қодирова ширкатнинг ягона таъсисчиси сифатида бошқарувга оид қарорлар қабул қилишга ва фойдани тақсимлашга, яъни тижорат фаолияти билан шуғулланишга мажбур, бу эса қонун билан тақиқланган. Маҳаллий мулозимлар одатда ушбу чекловни ширкатдаги ўз улушини бизнес шеригининг ишончли бошқарувига топшириш йўли билан четлаб ўтадилар”, дейди эксперт.
Унинг фикрича, мазкур ҳолатда давлат хизмати тўғрисидаги қонун билан белгиланган чеклов ва тақиқлар бузилиши масаласи муҳокама қилиниши керак. Шуманов юқори маъмурий лавозим эгаларининг бизнес билан очиқча шуғулланиши Россияда кўп учрамаслигини айтади.
“Бизнес эгаси давлат лавозимига тайинланса, ўз улушини ишончли бошқарувга бериши керак. Акс ҳолда прокуратура ҳукумат раиси ёки губернаторга дарров тақдимнома киритади. Бироқ Чеченистоннинг ўз қонун-қоидалари бор”, дея изоҳ беради Шуманов.
Айшат Қодирова 2021 йил декабрда Россия ҳукуматининг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” медали билан тақдирланган.
АҚШ Давлат департаменти эса айнан инсон ҳуқуқлари жиддий бузилиши билан боғлиқ сабабларга кўра 2020 йилнинг ёзида Рамзан Қодировга қарши жорий этилган санкцияларни Айшат Қодировага ҳам татбиқ этган.
Рамзан Қодиров қизининг уйида суратга олган видеода ҳовлида қантарилган Lamborghini Urus автомобили акс этган – ушбу дабдабали спорт машинаси Айшатнинг расмий декларациясида қайд этилмаган. 2021 йилда эса Қодированинг мол-мулклари сирасида 50 миллион рублдан ортиқ қийматли сарой пайдо бўлди.
Форум