Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:33

Украина Россияга ATACMS билан зарба берди. Путин қандай жавоб қайтаради?


Россия-Украина уруши.
Россия-Украина уруши.

Украина Қуролли кучлари 18 ноябрга ўтар кечаси илк бор ATACMS узоқ масофали ракеталарини Россия ҳудудига зарба бериш учун қўллади – Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ҳужум уюштирди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Украина Қуролли Кучлари Брянск вилоятидаги объектга олтита ATACMS баллистик ракетаси билан зарба берган. Уларнинг бештаси йўқ қилинган, биттаси шикастланган. Шикастланган ракетанинг қисмлари ҳарбий объектнинг техник ҳудудига тушиб, ёнғин чиқарган, бироқ у ўчирилган. Вазирлик хабарида таъкидланишича, "қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ".

Олдинроқ "РБК-Украина" нашри Украина Қуролли Кучларидаги манбага таяниб, ATACMS Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига зарба бергани ҳақида хабар берган эди. Шунга ўхшаш маълумотларни "Senzor.net" нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов ҳам номаълум манбага ҳавола қилиб келтирган. Украина Қуролли Кучлари Бош штаби 19 ноябрь куни эрталаб Брянск вилоятидаги арсеналга зарба берилганини расман тасдиқлади. Бироқ хабарда қандай қурол ишлатилгани аниқ айтилмаган.

Шу билан бирга, Байден маъмурияти Киевга Россияга зарба бериш учун АТАCМSдан фойдаланишга рухсат берилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Жонатан Файнер шундай деди: "Мен бундай тезкор масалаларда АҚШ ёрдамига оид қабул қилинган ёки қилинмаган ҳеч қандай қарорни тасдиқламайман. Россиядан келган изоҳлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ёнғин Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли аланга олган".

Кремль ATACMS ракеталарининг Россия ҳудудига зарбалари ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, буни "АҚШнинг ушбу можарога аралашуви нуқтаи назаридан сифат жиҳатидан янги кескинлик ва янги вазият" деб баҳолади.

Украиналик ҳарбий эксперт, Defense Express ахборот-консалтинг компаниясининг ривожланиш бўйича директори Валерий Рябих Украина Қуролли Кучларининг Россия ҳудудида ATACMS ракеталарини қўллашдан асосий мақсади ҳарбий инфратузилмага зарба бериш эканига ишонишини айтди.

"Агар Курск вилояти ҳақида гапирадиган бўлсак, бу у ерда жанговар ҳаракатлар олиб бориши мумкин бўлган қўшинларни етказиб беришнинг логистика йўлларини, оператив даражадаги омборлар ва бошқа объектларни йўқ қилишни таъминлаш учун оператив чуқур зарбалардир," - деди у "Настояшчее время" эфирида.

Украинага босқин: 1000-кун | 1000-кун. Уруш қачон тугайди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:07 0:00

Россия президенти Владимир Путин 2024 йил сентябрида айтишича, Киевга Россия ҳудудида узоққа отувчи қуролларни қўллашга рухсат берилиши можаронинг моҳиятини, табиатини ўзгартиради. "Биз юзага келадиган таҳдидлардан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қиламиз, – деди у. – Гап НАТО давлатлари ҳарбий можарода тўғридан-тўғри иштирок этиши ёки этмаслиги тўғрисида қарор қабул қилиш ҳақида бормоқда".

Шунингдек, кузда Путин Россиянинг ядровий доктринасини ўзгартиришни таклиф қилди. Тузатишлар орасида ядровий бўлмаган давлат томонидан, аммо ядровий давлат иштирокида ёки қўллаб-қувватлашида амалга оширилган тажовузни қўшма ҳужум сифатида кўриб чиқиш тўғрисидаги қарор ҳам бор. Бугун Россия президенти янгиланган ядровий доктринани тасдиқлади.

Россиялик сиёсатшунос Иван Преображенскийнинг фикрича, барча таҳдидларга қарамай, Россия узоқ масофага учувчи ракеталар билан зарба берилган тақдирда ядро қуролини қўллашга тайёр эмас, "ва унинг бошқа жавоби йўқ".

"НАТО мамлакатига зарба бериш – менимча, бу ҳали ҳам фантастика доирасида, – дейди эксперт. – Кремль бундай зарба беришни жуда хоҳлайди, бу тушунарли. Аммо бу ерда унга ҳеч қандай жавоб бўлмаслигининг юз фоизли кафолати керак, чунки шунда у НАТОни беқарорлаштириш, ўзаро ёрдам моддаси ишламаётганини намойиш қилиш мақсадини амалга оширади. Лекин, такрорлайман, сабаби шундаки, Кремль жавоб зарбасидан қўрқади. Агар ҳеч бўлмаганда эҳтимол беш фоиз бўлса, ҳеч нарса бўлмайди".

Преображенскийнинг тушунтиришича, агар ядро таҳдиди ҳақиқий бўлганида, Путин бундай зарбани 2022 йилда, Россия қўшинлари Киевдан чекинганида берган бўларди. "Ўшанда ядровий зарба урушнинг боришини ўзгартириб юбориши, Россияга ғалаба қозонишига имкон бериши, бутун дунёни қўрқитиши, Ғарб ёрдамини тўхтатиши мумкин эди, бу ҳам принципиал жиҳатдан муҳим," дейди сиёсатшунос.

Преображенскийнинг ишонишича, ҳозир тактик ядровий қуролдан фойдаланиш Кремлга афзалликлардан кўра кўпроқ салбий оқибатларни келтириб чиқаради: "Россия бундан кейин Глобал жануб деб аталадиган, биринчи навбатда, Ҳиндистон ва унга алоқадор мамлакатларнинг юз фоиз қўллаб-қувватлашини йўқотади. Аслида эса, эҳтимол, Хитойнинг ҳам".

Форум

XS
SM
MD
LG