Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Бош вазир Арипов рўйхатдан ўтмаган масжидларни бузиш ёки тадбиркорга беришни топширди - манбалар


Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023
Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, шу йилнинг 24 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган ҳукумат йиғилишида аҳоли томонидан курилган, аммо Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган 400 дан ортиқ масжид ва хонақоҳларни "бузиш", уларнинг айримларини ишлаб чикариш иншоотига айлантириш мақсадида тадбиркорларга бериш топширилган.

Йиғилиш тафсилотидан хабардор манбанинг сўзларига кўра, ИИВ ва ДХХ раҳбарлари ҳам иштирок этган йиғилишда Арипов ушбу қарорни "янги жорий этиладиган дунёвий давлатчилик концепцияси" билан тушунтирган.

Айни пайтда Бош вазир ушбу жараёнда "одамларнинг ҳиссиётларини инобатга олиш, аҳоли орасида эҳтимолий жанжалларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш" муҳимлигини таъкидлаган.

Ариповнинг ҳукумат масжлисидаги сўзларини Озодликка бир-биридан мустақил Ўзбекистон ҳукуматига яқин икки манба тасдиқлади.

Улардан бирининг изоҳ беришича, бузилиши ёки ишлаб чиқариш учун тадбиркорларга берилиши ҳақида сўз бораётган бу объектлар аҳоли маблағлари ҳисобидан қурилган, ташкилот мақомига эга бўлмаган ва солиқ тўламайдиган объектлардир.

"Уларни бузиш ёки бошқа мақсаддаги объектга айлантириш учун суд қарори керак бўлади. Ҳукумат бу томонини қандай ҳал қилмоқчи экани менга қоронғу", деди Озодликка гапирган манба.

Унинг таъкидлашича, бош вазир масаланинг ҳассослиги ва одамларнинг эҳтимолий норозилигининг олдини олиш учун аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳақида махсус топшириқ берган.

Бу борада ҳукуматнинг махсус қарори бор ёки йўқлиги Озодликка маълум эмас.

"Ё динни танланг ё давлатни!" - Бош вазир Арипов давлат хизматчиларини огоҳлантиргани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:24 0:00

Озодлик 24 июнь куни ўтгани айтилаётган ҳукумат мажлиси тафсилотлари ва Ариповнинг топшириғи юзасидан расмий изоҳ олиш учун Бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовга мурожаат қилди.

Телеграм орқали ёзишмада ҳозирда Бош вазир Арипов билан бирга Урумчи сафарида эканини айтган Ҳидоятов Озодлик манбалари тақдим этган маълумотни инкор қилмади. Бу масалада "материал тайёрланаётгани"ни айтиб, расмий маълумотни Озодликка тақдим этишга ваъда берди.

Озодлик мақола нашрга тайёрланаётган вақтда Бош вазир матбуот котибидан расмий маълумот олгани йўқ.

Эски амалиёт

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик уламолардан бири ҳукуматнинг рўйхатга олинмаган масжидларни бузиш ёки тадбиркорларга бериш қароридан хабари йўқлиги, бу каби қарорлардан, одатда "унинг ижроси бошлангандан сўнг хабар топишлари"ни айтди.

Унинг айтишича, бу каби тажриба Ўзбекистонда янгилик эмас.

"Олдинги президент даврида ҳам шунақа ишлар бўлган эди. Рўйхатдан ўтмаган масжидларни ишлаб чиқаришга, тадбиркорга, унга-бунга берасан, деган топшириқ бўлган. Масжидларни дўкон, одамларга яшаш жойи қилиб беришган. Кўпини тадбиркорларга берворган. Бу масжидлар аҳолининг пулига савоб учун қилинган нарсалар эди. Аҳолидан сўраш керак эди аслида", дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўзбекистонлик уламо.

Унинг сўзларига кўра, кўпинча аҳоли вакиллари масжидни ҳашар йўли билан қуриб қўйишади ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида кейин ўйлайдилар. Баъзида эса эскидан мавжуд, аммо ёпиқ турган масжидларни қайта очишга ҳаракатлар бўлади.

2018 йил майида Дарё.уз нашри давлат хабар агентлиги ЎзАга иқтибос билан Тошкентда рўйхатдан ўтган жомеъ масжидлардан ташқари ташкилот мақомига эга бўлмаган 65 та маҳаллий масжидлар мавжудлиги ҳақида ёзган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов намозхоналарни маҳаллий масжид сифатида рўйхатдан ўтказиш учун «Ўзбекистон республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қарорга асосан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, вазирликга тақдим этилиши, Адлия вазирлиги тасдиқлагач, Тошкент шаҳар ҳокимияти кўриб чиқиши"ни айтган.

Имомларга тармоқда чиқиши тақиқланди, "лайк" босиш ҳам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:53 0:00

Мулозимга кўра, "Вазирлар Маҳкамаси қарорида масжид рўйхатга киритилиши учун белгиланган тартиблар кўрсатилган. Унга кўра ён атрофдаги масжидлар орасидаги масофа, ёнғин хавфсизлиги, диний ташкилотнинг номи, тури, манзили, қайси динга мансублиги, мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари ҳақида маълумотлар тўпланиши керак. Барча ишлар, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилса ва улар асосли бўлса, рўйхатдан ўтказилиши шарт".

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси маълумотига кўра, 2023 йил январь ҳолатига мамлакатда 2118 та масжид фолият кўрсатган.

Муқояса учун - 2022 йил ноябр ҳолатига 13,3 миллион мусулмон аҳолиси яшайдиган Қозоғистонда масжидлар сони 2788 тани ташкил этади.

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида мусулмонлар Жума ва Ҳайит намозларида жой етишмаслигидан кўчаларда намоз ўқишади.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач мамлакатда ўнлаб янги масжид очилган ва азон чақирганда овоз кучайтиргичлардан фойдаланишга рухсат берилган. Аммо сўнгги пайтларда диний эркинликлар доираси торайиб бораётгани кузатилади.

Олдинроқ Озодликда Ўзбекистонда имомларнинг ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиши таъқиқлангани ва улардан хорижга чиқиш паспортларини топшириш сўралгани ҳақида ёзган.

Ўтган йил сентябрь ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилиши айтилган.

Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.

Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирган.

Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг қатор масжидларида овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилгани ва Тошкентда диндорларга қарашли дўкон ва емакхоналар ёпилгани ҳақида хабарлар олинган.

Рўйхатдан ўтмаган масжидлар билан боғлиқ хабар президент Шавкат Мирзиёевнинг "диний-маърифий йўналишдаги масалалар кўриб чиқилган"йиғилишидан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, 19 июнь куни президентга диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берилган.

Мирзиёев "ҳозирги таҳликали даврда, дунёда турли кучлар дин моҳиятини бузишга ва ёшларни ҳақиқий йўлдан адаштиришга уринаётган бир пайтда исломнинг асл моҳияти, муқаддас динимизнинг инсонпарвар ғояларини ёшлар орасида тарғиб қилиш муҳимлиги"ни таъкидлаган.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

Диний таълим устидан назорат кучаяди

25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакатда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Унга мувофиқ

  • ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади;
  • бу каби ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади;
  • Худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрорланса, БҲМнинг 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Ички ишлар вазирлиги бу чора вояга етмаганларнинг террористик гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши олдини олади деб ҳисоблайди. Лойиҳани парламент ҳукмига ҳавола қилган Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов мамлакатда лицензиясиз диний таълим фаолияти билан шуғулланаётган ҳужралар “кун сайин кўпайиб бораётгани”, бунинг ортидан террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолаётганлар сафи кенгаяётганидан баҳс этди.

Аммо муҳокама чоғида Ўзбекистон парламентида камдан-кам кузатиладиган бўлиниш юз берди.

Депутат Ўктам Исломов ушбу қонун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини поймол этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ўзбекистон фуқаролари умумий ўрта ва ўрта махсус таълимдан кейин, яъни 18 ёшга тўлганидан кейингина профессионал диний таълим олиши мумкин. Исломов вояга етмаганлар учун қонуний профессионал диний таълим имкони мавжуд бўлмагани ҳолда ноқонуний диний таълим учун жазо киритилишини мантиқсизлик дея талқин қилди.

Қонунчилик палатаси аъзоси Дониёр Ғаниев таклиф этилаётган ҳужжат фарзандига диний таълим берган ота-онани ҳам жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, уни қайта кўриш чиқишни таклиф қилди.

“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров лойиҳани фаол қўллаб-қувватлади. Сиёсатчи ўз чиқишида янги қонун динни шунчаки ўргатишга эмас, балки динни нотўғри ўргатишга қаратилганини урғулади.

“Динни ўрганиш учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Ёш болага ҳам, профессионал нуқтаи назардан ўрганиш учун ҳам. Шунинг учун бу низони келтириб чиқариш керак эмас. Бир ёшли болага ота-онаси Қуръони каримни ёдлатса, бу қонунга хилоф ҳаракатми? Албатта, йўқ. Шунинг учун биз жамиятга бу қонунни сингдираётган пайтимизда тўғри тушунтиришимиз керак”, деди “Миллий тикланиш” раиси.

Жамоатчилик вакиллари эса янги қонун Конституцияда мустаҳкамланган эътиқод эркинлигига дахл қилишидан хавотирда.

“Топиб олган гапимиз: диний радикализм, фанатизм кучайиб кетяпти!.. Кучайиб кетаётган бўлса, динни теранроқ ўргатиш керак эмасми? Тақиқлаш билан натижага эришиб бўладими?” деб ёзди ўзининг Фейсбук саҳифасида ношир Алишер Назар.

Ҳозирда Истанбулда яшаётган диний блогер ва ўтган йили Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилган Азон.уз асосчиси Мубашшир Аҳмад бу борада Туркия тажрибасидан ўрнак олишга чақирди.

Ҳозир Туркияда мактаб ўқувчилари таътилда. Шунинг учун уларни “Ёзги Қуръон курслари”га кенг жалб қилинган. Ишонаверинг, турк чужуқлари бизнинг болаларимиздан кўра замонавийроқ ва интилувчанроқ. Бинобарин экстремизм ва радикализмдан йироқ”, деб ёзди Мубашшир Аҳмад ўзининг Фейсбук саҳифасида.

АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2022 йилдаги диний эркинликлар бўйича ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати ёшлар учун диний таълимни қаттиқ назорат қилишда давом этаётгани, жумладан, ҳукумат рухсатисиз фаолият юритаётган хусусий диний мактабларни ёпиш ва рухсатсиз диний таълим берган шахсларни жаримага тортиш амалиётини танқид қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG