Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Сайлов митинги пайтида Трампга суиқасд уюштирилди 


АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга сайловолди ташвиқотида суиқасд уюштирилди.
АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга сайловолди ташвиқотида суиқасд уюштирилди.

Пенсилваниядаги сайловолди кампанияси вақтида собиқ президент Доналд Трампга «суиқасд» уюштирилди. АҚШ расмийлари гумондор 20 ёшли йигит Томас Метю Крукс бўлганини маълум қилди.

Крукс махфий хизмат ходимлари томонидан дарҳол отиб ўлдирилган. Шунингдек, ҳодисада бир томошабин ҳалок бўлган, яна икки киши оғир яраланган.

Трамп Батлер шаҳрида нутқ сўзлаётган вақтда бир неча бор ўқ товушлари эшитилди. Шундан сўнг Трамп қулоғини ушлаганча ерга йиқилди. Хавфсизлик ходимлари уни ўраб олиб саҳнадан олиб чиқиб кетди. Айтишларича, унинг жароҳати жиддий эмас, ўқ унинг қулоғини ялаб ўтган.

Трамп саҳнани тарк этаётиб, муштини кўтарганча «Жанг, жанг!» дея ҳайқирган.

“Мамлакатимизда бундай нарса содир бўлиши ақлбовар қилмайдиган воқеа«, дея пост қолдирди Трамп ўзининг Тruth Social платформасида.

ФҚБнинг маҳаллий идораси масъул агенти Кевин Рожек отишма «суиқасд» сифатида текширилаётганини билдирди.

Махфий хизмат вакили Энтони Гуглиелми воқеадан кўп ўтмай Твиттерда да эълон қилган баёнотида, қуролли шахс »зарарсизлантирилгани«, гумондор “митинг ўтказиладиган жойдан ташқарида, кўп қаватли бинодан туриб бир неча бор ўқ узганини маълум қилди.

ФҚБнинг маълум қилишича, 20 ёшли Крукс Батлердан унча узоқ бўлмаган шаҳарчадан бўлган. АҚШнинг бир қанча ахборот агентликлари Крукс штатдаги сайлов қайдларида республикачи сифатида рўйхатга олинган.

АП агентлигининг хабар беришича, полиция воқеа жойидан АР услубидаги енгил, ярим автоматик ўқотар милтиқни топган. Бундай турдаги қурол Қўшма Штатларда амча оммавий.

Трамп ҳужумдан кейин маҳаллий шифохонада кўрикдан ўтган.

Пенсилвания сайлов натижаларини белгилайдиган асосий штатлардан бири ҳисобланади. Вице-президент Камала Харрис Трамп митинги билан бир кунда штатда сайловолди ташвиқотини олиб борди.

Президент Жо Байден Трампнинг аҳволи яхши эканини эшитганидан хурсандлигини билдирди.

“Мен у ва унинг оиласи ва митингда бўлганларнинг барчаси учун ибодат қиламан. Америкада бундай зўравонликка ўрин йўқ. Биз буни бир миллат сифатида бирлашиб, қоралашимиз керак», деди Байден.

Қолган етакчилар суиқасдни қоралади.

«Мамлакатимизда сиёсий зўравонликка ўрин йўқ», дея таъкидлади Сенат етакчиси Чак Шумер.

Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон эса «Тинч сайлов кампаниясида бундай даҳшатли сиёсий зўравонликка мамлакатимизда ўрин йўқ ва уни бир овоздан қоралаш керак», дея фикр билдирди.

АҚШда сиёсий зўравонликлар камдан-кам содир бўлсада, мамлакат тарихида бир нечта президент ва номзодлар митингларда отиб ўлдирилган ёки жароҳатланган.

Энг охиргиси 1981 йилда президент Роналд Рейган билан содир бўлган. Рейган Вашингтондаги меҳмонхонадан чиқиб кетаётганда унга нисбатан уюштирилган суиқасддан оғир яраланади.

1975 йилда президент Жералд Форд иккита суиқасддан омон қолади.

АҚШнинг тўртта президенти – Жон Кеннеди, Авраам Линколн, Жеймс Гарфилд ва Уилям МакКинлилар суиқасд натижасида ҳалок бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG