Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларидан АҚШга ноқонуний миграция оқими катталашди. Кўпчилик хатарли йўлни – Мексика орқали АҚШ чегарасидан ўтишни танламоқда. Кимдир Штатларга CBP One иловаси орқали киряпти, кимдир эса таваккал қилиб девордан ошиб ўтаётир.
Ноқонуний мигрантлар АҚШда қандай қийинчиликларга дуч келади? Америкага борувчи ўрта статистик иммигрант қиёфаси қанчалик ўзгарган? Озодлик ушбу саволларга иммиграция бўйича маслаҳатчи ва журналист Марина Соколовскаядан жавоб олди.
Озодлик: Икки ҳафта муқаддам АҚШдаги иммиграция қамоқхоналаридан бирида марказий осиёликлар очлик эълон қилишган эди. Бунақа марказларда шарт-шароит ва мигрантларга муносабат қанақа?
Соколовская: Бу сиз қайси штатга тушганингизга боғлиқ: қаердадир бу кондиционер, телевизор, кутубхона каби қулайликларга эга, яхши овқат бериладиган санаторийга ўхшаш муассаса бўлиши мумкин, айрим жойларда эса бунинг тамоман аксини кўрамиз. Маълумки, 80-90 фоиз детеншенлар (иммиграция қамоқхоналари) хусусий корпорацияларники. Корпорация ҳар бир муайян одамни боқишга қанча кам маблағ сарфласа, шунча кўп пулни чўнтакка уради.
Очлик акцияларига келсак, бунақа ишлар илгари кўп бўларди. Ҳозир анча камайган. Шу йилнинг январида Луизианадаги детеншенлардан бирида ҳатто ғалаён бўлганди. Афуски, кўп ҳолларда бунақа ғалаёнлар одамнинг шахсий ишига, яъни унинг иши бўйича судда қандай қарор қабул қилишига таъсир этади. Очлик эълон қилиш эса баъзан ёрдам беради, баъзан – йўқ. Бироқ, умуман олганда, шарт-шароит муассасага ва у жойлашган штатга боғлиқ.
Озодлик: Марина, АҚШ риторикаси муҳожирларга нисбатан қанчалик дўстона? Мамлакатга келган мигрантларни қандай қийинчиликлар кутади?
Соколовская: Риторика, муносабат – дўстона, киноя қилмаяпман. Гап нимада, биласизми? Гап шундаки, америкаликлар ҳам бошқалар каби янгиликлар истеъмолчиларидир. АҚШда икки радикал тараф бор: бири – чегараларни оч, деб жанжал қилса, иккинчиси чегара ҳудудларда гўё қиёмат қўпганидан баҳс қилади. Бинобарин, муҳожирларга муносабат ўзгариши мумкин, консерватизмга мойил айрим штатларда ўзгаряпти ҳам. Техасдаги девор тешигидан ўтиб келган мигрантнинг бошини силаш керак, деб талаб қилиш ғалати, барибир. Техас штатида айнан девор ошиб, аниқроғи девор туйнукларидан ўтиб келаётган ноқонуний мигрантларни деб кетма-кет 3 йилдан бери фавқулодда ҳолат эълон қилинмоқда. Аризонада ҳам шунақа муаммо бор, Калифорнияда ҳам вазият унчалик яхши эмас.
Ўтган йили май ойида бизнинг Ички хавфсизлик департаментимиз бошлиғи Алехандро Майоркас ўз баёнотида шундай деган эди: “Менга бизнинг ўзимиз муҳожирлар миллатимиз, деган гапни айтманг. Ҳа, биз муҳожирлар миллатимиз, лекин ундан аввал биз – қонун миллатимиз”. Ўшанда у девордаги туйнуклардан ошиб ўтганлар жазоланади, дея огоҳлантирди, кўп ўтмай ҳукумат бунақаларни ростдан ҳам жазолай бошлади. Бироқ бу Америка иммиграциядан воз кечяпти ёки мигрантлардан юз ўгиряпти, дегани эмас. Асло. Фақат, иммиграция визалари, чегарани кесиб ўтишнинг қонуний йўллари мавжудлигини эслатмоқчи, холос.
Қийинчиликларга келсак, ҳа, Америкада инқироз бор. Мамлакат келган ва келаётган иш, турар-жой ва инглиз тили курслари талабгор юз минглаб, миллионлаб мигрантлар инқирозга ўз ҳиссасини қўшяптими? Шак-шубҳасиз. Масалан, улар Нью-Йорк шаҳри ҳаётига салбий тарафлама таъсир қилди, мен ўзим 13 йилдан бери ўша ерда яшайман, биламан. Салбий дегани – улар билан шаҳардаги иқтисодий вазият яхшиланмади, деганидир.
Бироқ, такрор айтаманки, Америка ҳеч қачон чегараларини ёпиб қўймайди, иммиграция визалари беришни тўхтатиб, “янги қон” – истеъдодлар, ишчи қўллари оқимини бўғмайди. Аммо оқим сифати, кимлар келаётгани – айри масала. Иммиграция институтининг янги тадқиқотини ўқидим, бу ажойиб тадқиқот ўртача статистик қочқин сиймоси қанчалик ўзгарганини кўрсатмоқда. Илгари АҚШга асосан, иқтисодий қочқинлар келишарди, келибоқ Америка фаровонлиги учун ишлай бошлардилар. Бу Америка учун яхшими? Албатта, яхши. Ҳозир ўртача статистикадаги одам, гарчи пул ишлаб топиш учун қочиб келаётган бўлса-да, кўпроқ Америка уни қутқаришини, асраб-авайлашини ва нимадир беришини умид қилади. Америка эса бировга шунчаки бирон нима берадиган аҳволда эмас, бу иложсиз нарса, афсуски, ҳаммани қутқариб бўлмайди. Хуллас, қочиб келаётганларнинг ўртача статистик қиёфаси ўзгаряпти, АҚШдаги иқтисодий вазият эса яхши тарафга ўзгараётгани йўқ. Бу икки омил тўқнашаётган экан, Америка иммигрантларга аввалгидек меҳрибон эмас, дейиш мумкиндир. Ҳолбуки, Америка аввалгидек меҳрибон, лекин юқорида айтиб ўтганим омилларга, қолаверса жанубий чегарадаги аҳволга кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳозир, тушунарли сабабларга кўра, жуда кўпчиликни қониқтирмаяпти.
Озодлик: Марина, АҚШга ноқонуний келишнинг оқибатлари қандай? Ноқонуний мигрантлар нималар билан тўқнашади?
Соколовская: Ноқонуний миграцияда ҳеч қандай хайр йўқ. Терминология билан тушунтирадиган бўлсам, агар одам СBP One иловаси бўйича чегарадан ўтадиган бўлса, унга зарур ҳужжатлар берилади ва у судда сиёсий қочқин мақомини олиш учун курашиш имконига эга бўлади. Сиёий қочқин мақомини олгандан сўнг бир йил ўтиб – грин-картага, ундан кейин эса фуқароликка ҳужжат топшириши мумкин. Бир сўз билан айтганда, унинг йўли очилади.
Девор туйнугига бошини тиқиш, яъни шунчаки қочиб келиш билан қочқин мақомига эришиб бўлмайди. Судьялар ҳам, детеншенда улар билан савол-жавоб қилувчи офицерлар ҳам рад қилишади, чунки у қонунни бузган. Тўғри, депортация муддатини кечиктиришлари мумкин, шу холос. Америка сизга маълум вақт, ҳато бир умр паноҳ бўлиши мумкин, бир умрга сизга фақат ишлаш рухсатномасини раво кўриши ҳам мумкин. У ҳолда сиз грин-карта ололмайсиз, оилангизни бирлаштира олмайсиз. Ахир кўпчилик девордан ошиб ўтаману ўрнашиб олгач, оиламни кўчириб келаман, деган умидда қочиб келяпти-да. Лекин девор ошиб келаётган одам оиласини фақат АҚШдан чиқиб кетганидан сўнггина кўриши мумкинлигини тушуниши керак, шунда ҳам қайтиб мамлакатга кира олмайди.
Мурватларни қаттиқроқ бурашяпти, дейсизми? Шундай. Ҳозирча федерал қонун ўзгармай турибди. У 80-йилларда қабул қилинган. Қонунда “Инсон Америка тупроғига қадам қўйган экан, у бошпана сўрашга ҳақли” деб ёзиб қўйилган. Бироқ бир талай қонуности ҳужжатлар ҳам бор. Сиз АҚШ заминига иммиграция иловаси орқали келдингизми ёки девор ошибми – ҳужжатларда бунга қаттиқ эътибор берилади. Кўп нарса шунга боғлиқ.
Қирғизистонга тўхталадиган бўлсак, ўтган йили ва ундан аввалги йили жуда кўп қирғизларга рухсат берилди, чунки улар 2020 йил октябрдаги норозиликда сўнг қочиб келишган эди. Мана шунақа жиҳатлар мигрантлар учун яхши кейс ҳисобланади.
Ёки аёлларнинг ўз мамлакатидаги аҳволи, ЛГБТга ёки ўзга миллатга мансуб бўлгани учун таъқиб этилгани ҳам етарли асос бўлади. Мен қайси мамлакат фуқаролари нимадан ёки кимдан қочиб АҚШга келишини яхши билиб олганман. Кўп ҳолларда, албатта, сабаб – иқтисодий аҳвол билан боғлиқ. Одамлар пул ишлаб топишни истайди, лекин Америка иқтисодий қочқинларга сиёсий бошпана беролмайди-да. Иқтисодий аҳвол ва мамлакатдаги умумий аҳвол сиёсий бошпана олиб учун сабаб бўла олмайди. Кўпчилик буни билмайди ёки тушунмайди.
Боз устига, фирибгарлар ниҳятда кўпайиб кетяпти. Улар Мексикани гўё АҚШга кўчиб ўтиладиган жой, деган тасаввур уйғотишмоқда. Бироқ Мексика орқали қочиш – бу кўчиб ўтиш дегани эмас, иммиграция эмас. Бу – қутулиш учун қочиш, бошқа йўл тополмаганларнинг мажбурий чораси. Сиёсий қочқинлик – ўзига хос ҳуқуқий мақом.
Мексикага киритилмаганларга Шенген визасини олишда ўз ёрдамини таклиф қилаётганлар, Тихуану орқали чегарадан ўтиш учун машина сотиб олишни таклиф қилаётганлар – барчаси фирибгар, уларнинг дарди пул, шу боис ҳам одамларга Мексика орқали қочиб ўтишни гўё иммирация ёки қонуний кўчиб бориш, деб тушунтиришади. Лекин аслида униси ҳам, буниси ҳам эмас. Мажбурий чора бу. Агарда сиз жуда танг вазиятда қолган бўлсангиз, Америкага шу йўл билан кириш иммиграциянинг энг оғир туридир, бундан оғири йўқ.
Форум