Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:00

“Ақл чархи маскани”дан алданганини айтган талабалар пулларини қайтариб ололмаяпти


"Ақл чархи маскани" биноси.
"Ақл чархи маскани" биноси.

Ўндан зиёд йигит-қиз Навоийдаги “Ақл чархи маскани” фирмасидан алданганини айтиб, Озодликка мурожаат қилди.

Улар 2019 йилда ушбу фирма воситачилигида Москвада жойлашган Заҳирадаги офицерлар, молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ институти (ИФЭПОЗ)га имтиҳонсиз қабул қилинганлар.

Ёшлар иддаосига кўра, ўтган икки йил давомида улар шартнома тўловларини тўлаб келган, бироқ уларга бирор марта дарс машғулотлари ўтилмаган. Тўлов пулларини қайтариб олмоқчи бўлган талабаларга “Ақл чархи маскани” рад жавобини берган.

Талабалар икки йил давомида турли идораларга қилган мурожаатлари ҳам натижасиз қолаётганидан нолишди.

“Ақл чархи маскани” фирмаси раҳбари Шоҳиста Файзиева талабалар иддаоларини рад қилди, бироқ буни ҳеч қандай кўринишда изоҳламади.

Талабалар шикояти

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Зиёвуддин қишлоғида яшовчи 22 яшар йигит Озодликка мурожаат қилган ўндан зиёд шикоятчи ёшлардан бири.

“2019 йилнинг 20 мартида “Ақл чархи маскани”га бориб, ҳужжат топширдим. Москвада жойлашган ИФЭПОЗ яъни Институт финансов, экономики и права офицеров запаса деган олийгоҳга қабул қилинганимиз ҳақида справка беришди. Имтиҳонсиз талаба бўлдик. Аввал 3 миллион сўм фирма тўловини тўладим. Кейин 6 миллион сўм контракт учун тўладим. Лекин икки йилдан бери бир марта ҳам дарс бўлмади”,-дейди пахтачилик йигит.

Шикоятчи талаба ёшларнинг исм-шарифлари Озодликка маълум. Бироқ талабалар илтимосига кўра, улар шахси очиқланмаяпти.

“Мен ҳам “Ақл чархи маскани”га ИФЭПОЗга кириш учун 2019 йилда ҳужжат топширганман. Бу фирмага жами 12 миллион сўмдан кўпроқ пул тўладим. Лекин ўқишдан дарак йўқ. Фирмага шикоят қилиб борсак, олди-қочди гаплар билан қайтариб юборишади. “Ҳужжатда ўқияпсизлар, хавотир олманглар”, дейишди. Лекин мен фақат қоғозда эмас, ҳақиқий ўқиб, билим олмоқчиман”, - дейди Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 20 яшар йигит.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 26 яшар йигит ҳам карманалик курсдоши сингари амалда ўқиб, диплом олишни исташини айтади:

“Ақл чархи маскани”га 10 миллион сўмга яқин пул бердим. 2019 йили “ўқишга кирдинг” деган справка беришди. “Сентябрдан ўқиш бошланади” дейишди. Ўқиш бошланмади. Кейин “1-семестр учун контракт пулини тўланглар”, дейишди. Тўладик. Кейин “бошқа институтга кўчирамиз, 2-семестр учун контракт тўланглар”, дейишди. Тўладик. Кейин ўтган йил ёзда “1- курсни битирдинглар. Энди 2-курс учун пул тўланглар”, дейишди. Лекин пул бермадим. “Ўқиётганларинг ҳақида справка берамиз” дейишди. Ишонмадим. Пулимни қайтариб олмоқчиман. Лекин телефон қилсак, кўтармайди умуман”.

Натижасиз қолаётган шикоятлар

Шикоятчи талабаларнинг айтишича, улар “Ақл чархи маскани”га тўлаган пулларини қайтариб олиш мақсадида турли идораларга мурожаат қилишган, бироқ натижа бўлмаган:

Пахтачилик талабага берилган маълумотнома
Пахтачилик талабага берилган маълумотнома

“Шахсан ўзим президент порталига 2 марта ёздим. Бош прокуратурага 1 марта ёздим. Ички ишлар вазирлигига ҳам ёздим. Ҳаммасидан бир хил жавоб олдим. “Ақл чархи маскани” устидан Фуқаралик ишлари бўйича судга ёзинглар” дейишди. Бир-икки курсдошим судга ҳам берди. Лекин барибир пулини ололмади. Ҳеч ким бу фирма раҳбарларига чора кўра олмаяпти”,- дейди пахтачилик талаба йигит.

Талабалар “Ақл чархи маскани”га пул тўлаган пайти берилган маълумотномалар, фирма ходими пулни олаётган пайти ёзиб олинган аудио ва видеоларни Озодликка тақдим қилишди. Бироқ талабалар шахсини очиқламаслик мақсадида улар эълон қилинмаяпти.

“Ақл чархи маскани” талабаларга берган шартномада агар иш охирига етказилмаса, талаба сарфлаган ҳаражатларни қайтариб беришни ўз зиммасига олгани қайд қилинган.

Файзиева: Интервьюга ҳожат йўқ

Озодлик “Ақл чархи маскани” фирмаси раҳбари Шоҳиста Файзиева билан боғланишга икки кун давомида ҳаракат қилди. Телефон қўнғироқларига жавоб бўлмагач, Озодлик мобил мухбири фирманинг Навоийдаги офисига борди.

Фирма ходимлари Файзиеванинг офисда эмаслигини айтиб, унинг телефонига СМС-хабар жўнатишни маслаҳат беришди.

Шундан кейин Файзиева билан мобил мухбир ўртасида қисқа CMC ёзишмалари бўлди. Файзиева “ўқувчиларнинг ҳуқуқлари бузилмаган, интервьюга ҳожат йўқ” дея жавоб берди.

Собиқ ходим ҳикояси

Шикоятчи талабаларнинг ҳисоб-китобича, улар сингари “Ақл чархи маскани”дан алданганлар сони 700 нафардан зиёд.

Бу рақамни “Ақл чархи маскани”нинг собиқ ходими ҳам Озодликка тасдиқлади.

Ўзбек талабасига берилган маълумотнома
Ўзбек талабасига берилган маълумотнома

“Мен 2019 йилда ўша сизларга шикоят қилган йигитлардан ҳужжат қабул қилганман. Жами 902та талабадан ҳужжат олинган. Ҳар бир талабадан фирманинг консалтинг тўловлари учун 3 миллион сўм пул олинган. Бир кунда 100 миллион сўм пул олган пайтларим бўлган. Мен ишлаган пайтим жами 7 миллиард сўм йиғилган”,- деди исмини очиқламасликни сўраган “Ақл чархи маскани”нинг собиқ ходими.

Унинг айтишича, 902 нафар талаба йиғилгач, Россиянинг ИФЭПОЗ олийгоҳи ҳужжати Ўзбекистонда ўтмаслиги ошкор бўлган:

“Бу институт фақат масофавий таълим беради. Пандемиядан аввал Ўзбекистонда таълимнинг бунақа шакли мавжуд эмасди. Таълим тўғрисидаги эски қонунга кўра, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган таълим шаклида ўқиганларнинг дипломи Ўзбекистонга ўтмайди. Бу гапни эшитганлар ҳужжатларини қайтариб олишни бошлади. Бошида бир нечта талабага консалтинг тўловлари учун тўлаган пулларининг маълум қисми қайтариб берилди. Кейин ҳеч кимнинг пули қайтарилмади. “Ақл чархи маскани” ўзимнинг ҳам 32 миллион 100 минг сўм меҳнат ҳақимни бермади”.

Очилган ва ёпилган иш

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси маълумотига кўра, “Ақл чархи маскани” фирмаси раҳбари Шоҳиста Файзиевага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Бироқ 2020 йил 20 сентябрь куни “жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган”.

Ўқув корпуси йўқ олийгоҳ

Россиянинг ИФЭПОЗ институтига ҳужжат топшириб, алданган ўзбекистонликлар ҳақида Озодлик аввал ҳам ёзганди.

Ўша пайтда талабалар Россиядаги олийгоҳ учун воситачилик қилган Тошкентдаги Universal Express Consulting Service ва Advance Consulting фирмалари алдови қурбони бўлганини айтишган.

Озодлик уч кун давомида ИФЭПОЗ сайтида эълон қилинган телефон рақамига боғлана олмади.

Очиқ манбалардан ИФЭПОЗ институтининг 1996 йилда лицензия олгани ва унинг “Россия заҳирадаги офицерлар иттифоқи” жамоатчилик ташкилоти томонидан тузилгани кўрилади.

Россия пойтахтининг Авиамоторная мавзесидаги бинода жойлашган бу институт фақат сиртдан ўқитиш ва асосан заҳирага чиқарилган офицерларни қайта тайёрлаш, қўриқчи ва тан соқчиларни ўқитишга мутахассислашган.

Институт ўз сайтида ўқув корпусига эга эмаслиги ва талабалар фақат “масофавий таълим технологиялари ёрдамида” ўқитилишини маълум қилган.

Таъсисчи ширкат эгалари¸ асосан¸ Россиянинг Қорачой-Черкесия республикасидан бўлган собиқ ички ишлар ходимлари ва ҳарбийлардир.

Таълим инспекцияси: Огоҳ бўлинг!

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқи эга бўлмаган ташкилотлардан огоҳ бўлишга чақирган.

2019 йилда Таълим инспекцияси бу каби ташкилотлар рўйхатини эълон қилган. Бу рўйхатда “Ақл чархи маскани” ҳужжат тўплаган Москвадаги ИФЭПОЗ олийгоҳи ҳам бор.

“Таълим инспекцияси рўйхатидан ўтмаган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар юридик ҳуқуққа эга эмас”, дейилади расмий баёнотда.

XS
SM
MD
LG