Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

AP журналисти: Шинжонда чекловлар юмшатилди, аммо қўрқув ҳукмрон


Ушбу мақола “The Associated Press” журналистининг Шинжонга қилган икки сафари асосида ёзган мақоласи таржимасидир.

Бир пайтлар Хитойнинг Шинжон минтақасидаги жамоат биноларини ўраб турган тиканли симлар деярли бутунлай олиб ташланган.

Ҳарбий камуфляждаги ўрта мактаб формаси ва зирҳли транспортёрлар ҳам кўринмай қолган. Қадимда Ипак йўли ўтган Қашқар шаҳрида сиреналарнинг даҳшатли овози ҳам, бир пайтлар симёғочлардан қушлар сингари пастга қараб турган кўплаб кузатув камералари ҳам ғойиб бўлган.

Уйғурлар ва бошқа асосан мусулмон озчиликларга қарши шафқатсиз тазйиқлар бошланганидан тўрт йил ўтиб, Хитойнинг Шинжон устидан назоратида янги давр бошланган.

Хитой ҳукумати минтақада ўрнатилган “полиция ҳукуматининг” энг шафқатсиз ва кўзга кўринган жиҳатларини бекор қилган. Бир неча йил олдин минтақани қамраб олган ваҳима анча сусайган ва одатий ҳаёт ҳисси аста-секин қайтмоқда.

Лекин ким ҳукмдор экани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ ва қаерга боқманг, охирги тўрт йил даҳшатининг асарини кўрасиз.

Бу ҳолатни кўплаб тарихий марказлари бульдозер билан текисланган ва азон овози эшитилмай қолган Шинжон шаҳарларида кузатиш мумкин. Қашқар шаҳри бунга яққол мисол. Шаҳардаги масжидлардан бири кафега айлантирилган. Бошқа бир масжиднинг бир бурчаги эса сайёҳлар учун ҳожатхонага айлантирилган. Бу ҳолатни этник хан хитойлар бошқарадиган олис қишлоқларда ҳам кўриш мумкин.

Одамлар кўзидаги қўрқув ҳам буни яққол кўрсатиб туради. Буларга шахсан ўзим “The Associated Press” нашри учун Шинжонга қилган икки сафарим давомида гувоҳ бўлдим. Сафарларимнинг бирида Шинжон бўйлаб Хитой ҳукумати хорижий матбуот учун уюштирган тур қатнашчиси ўлароқ саёҳат қилдим.

Шинжонда чет эллик эканимни айтганимдан кейин, велосипед сотувчисининг кўзлари ола-кула бўлди. У телефонини олиб, полицияга қўнғироқ қила бошлади.

Савдо дўкони кассири бемалол суҳбатлашиб, савдо яхши бўлмаётгани ҳақида нолиди. Орадан кўп ўтмай, дўконга изимиздан тушган шубҳали одамлар келди. Дўконга қайтиб кирганимизда кассир ҳеч нарса демади ва тилини тийиш буюрилганини имо-ишора қилиб, дўкондан чиқиб кетди.

Бир куни эрталаб соат тўртларда Оқсувнинг сокин кўчалари бўйлаб ўнга яқин машина изимга тушди. Ҳар сафар ким биландир гаплашмоқчи бўлганимда, мени кузатиб юрганлар иложи борича яқин келиб, айтган ҳар бир сўзимни эшитишга ҳаракат қилишди.

Хитой расмийлари минтақадаги назоратни юмшатишга нима ундаганини аниқлаш мушкул. Балки Ғарбнинг кескин танқидлари ҳамда Хитойни жазолаш учун жорий қилинган сиёсий ва тижорат санкциялари ҳокимиятни ўз йўналишини ўзгартиришга мажбурлаган. Ёки Хитой уйғурларни ва бошқа мусулмон озчиликларни бўйсундириш йўлида етарлича муваффақиятга эришганини хулоса қилган.

Хорижий давлатлардаги уйғур фаоллари минтақадаги туғилиш даражаси кескин пасайгани ҳамда оммавий ҳибсларга ишора қилиб, Хитой ҳукуматини геноцидда айбламоқда. Расмийлар эса мақсад уйғурларни йўқ қилиш эмас, балки уларни интеграция қилиш эканини ҳамда экстремизмни чеклаш учун кескин чора кўриш зарур эканини айтмоқда.

Уларнинг нияти нима эканидан қатъий назар, бир нарса аниқ: Уйғур маданиятида муҳим ўрин тутган урф-одатлар, хусусан, гавжум йиғилишлар, қатъий исломий урф-одатлар, қизғин мунозаралар чекланган ёки тақиқланган. Уларнинг ўрнига расмийлар маданиятнинг стерилизация қилинган версияни тайёрлашган.

Шинжон расмийлари бизни Урумчи марказидаги катта бозорга экскурсияга олиб боришди. Шинжоннинг бошқа шаҳарларидаги сингари, бозор сайёҳлар учун қайта қурилган. Бозорда пластикдан тайёрланган улкан соқолли уйғур эркаклар ва улкан уйғур чолғу асбобини кўриш мумкин. Унинг яқиндаги нон музейда пластмассадан ясалган калит учун безаклар, уйғур дўппилари ва музлатгич магнитлари сотилади. Шаҳарда селфи олаётган этник хан хитойлар кўп.

Шинжондаги этник сиёсатни ўрганиб келаётган таниқли олим Жеймс Лейболд бу ҳолатни уйғур маданиятининг “музейлашуви” деса, Хитой расмийлари буни тараққиёт деб атайди.

Хитой узоқ йиллардан бери 13 миллион уйғурни интеграция қилиш учун курашиб келади. 1949 йилда Коммунистик партия Шинжон устидан назоратни қўлга киритганидан бери, Пекин раҳбарлари улкан минтақани ўзлаштиришда кескин ёки юмшоқ чора кўриш кўпроқ самара бериши тўғрисида баҳслашиб келадилар.

Ўнлаб йил давомида Шинжонда сиёсат ўзгарувчан бўлди. Давлат этник озчиликларга кириш имтиҳонларида қўшимча балл ҳамда ишга олишда квоталар каби махсус имтиёзлар берган бўлса-да, кўзга кўринмас чекловлар, ирқчилик ва диний эътиқодга қарши чекловлар кўплаб уйғурларда нафрат ва ғазаб уйғотди.

Ҳукумат уйғурларни қаттиқ назорат қилишга уринар экан, кўпчилик ўзлигини тобора қаттиқ ҳимоя қила бошлади. Баъзилар зўравонликка қўл урди: айрим уйғурлар ҳукумат уларни ҳеч қачон самимий ҳурмат қилмаслигини айтиб, давлатга қарши портлатиш ва ҳужумларни амалга оширдилар. Ҳужумларда юзлаб бегуноҳ тинч фуқаро, жумладан, хан хитойлар ҳам, уйғурлар ҳам нобуд бўлди.

2012 йилда президент Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, Шинжонда қандай йўл тутиш бўйича мунозараларга барҳам берилди. Давлат мажбурий ассимиляция йўлини танлади. Минглаб уйғур ва бошқа озчилик гуруҳлар вакиллари “террорчиликда” гумон қилиниб, ҳибсга олинди.

Бугунги кунга келиб кўплаб назорат-ўтказиш пунктлари ва полиция пунктлари ғойиб бўлган ва портлашлар тўхтаган, лекин ирқий бўлиниш чуқурлигича қолмоқда.

Уйғурлар ҳар бир ҳаракатларини чекловчи кўринмас тизим яратган тузоқда яшайдилар. Улар учун паспорт олиш деярли имконсиз. Шинжонга ва у ердан бошқа шаҳарларга учадиган самолётлардаги йўловчиларнинг аксарияти хан хитойликлардан иборат.

Шинжон ташқарисида яшовчи уйғурлар маҳаллий полицияда рўйхатдан ўтишлари ва офицерга мунтазам равишда ҳисобот беришлари керак. Қолаверса, уларнинг барча ҳаракатлари кузатилади. Шинжонда яшовчи кўплаб уйғурга минтақани тарк этиш ман этилган.

Хитой ҳудудида Шинжон ҳақидаги маълумотлар қаттиқ цензура қилинади. Ҳозирда давлат оммавий ахборот воситалари ҳудудни хавфсиз, экзотик саёҳат манзили сифатида тарғиб қилмоқда. Шунинг учун Шинжон ташқарисида яшайдиган хан хитойлар уйғурлар дуч келаётган чекловлардан бехабар. Бу ҳолат нима сабабдан кўпчилик хитойлик Пекин тазйиқларини қўллаб-қувватлашини қисман изоҳлайди.

Шинжонда хан хитойлар ва уйғурлар ёнма-ён яшайди. Улар орасида ошкора муҳокама қилинмайдиган, лекин сезиларли тафовут бор. Қашқар чеккасида жойлашган тикувчилик дўконидаги хан хитой аёл ҳамкасбимга кўпчилик уйғурларга ўз уйидан узоққа боришга рухсат берилмаслигини айтди.

“Гапим тўғрими? Мана шу дўкондан чиқолмайсиз-а?”, деди хитой аёл уйғур тикувчига.

Тикувчилик дўконидан нарироқда “Хитой Коммунистик партияси яхши” каби хитойча шиорлар ёзилган янги йил баннерларини кўрдим. Кекса ёшли хитой дўкончи маҳаллий амалдорлар юзлаб баннерни ҳозирлаб тарқатгани ҳамда уларни илиб қўйишни буюрганини сўзлаб берди. Аслида эса уйғурлар хитой янги йилини эмас, балки исломий байрамларни нишонлайдилар.

Кекса аёл қатъий чораларни қўллашини айтди. Унинг сўзларига кўра, Шинжон ҳозир ўғли билан кўчиб келган вақтга солиштирганда анча хавфсизроқ.

У уйғурлар “энди бу ерда ҳеч нарса қилишга журъат қилолмаслигини” таъкидлади.

Шаҳар марказларида бугунги кунда яна ҳаёт қайнамоқда. Уйғур ва хан хитой болалар кўчаларни бошларига кўтариб, бир-бирини қувлайди. Баъзи уйғурлар ҳатто олдимга келиб, мен билан қандай боғланишлари мумкинлиги ҳақида сўрашди. Аввалги сафарларимда бундай бўлмаганди.

Аммо қишлоқ жойларда ва сокин шаҳарларда кўп уйлар ҳувуллаб қолган. Қашқар маҳалларидан бирида ҳар учинчи ёки тўртинчи уйга “Бўш уй” деб ёзилган. Бир соатлик масофада жойлашган қишлоқда ярим соат сайр қилиб, ўнлаб “Бўш уй” ёзувини кўрдим.

Бозорлардан узоқроқда, қишлоқ жойларида назорат янада қаттиқроқ.

Биз борган қишлоқларнинг бирида дўппи кийган оқсоқол “Бизда коронавирус йўқ, ҳаммаси яхши”, дейишга улгурди. Маҳаллий хан хитой ҳарбий унинг гапини бўлиб, нима қилаётганимизни сўраб қолди.

У қишлоқ аҳлига уйғур тилида: “Агар у сиздан бирор нарса сўраса, ҳеч нарса билмаслигингизни айтинг”, деди.

Нарироқда маст уйғур эркак бақираётганди. Спиртли ичимлик истеъмол қилиш мусулмонларга тақиқланган, айниқса муқаддас Рамазон ойида.

“Мен ичиб олганман, бироз мастман, лекин бу муаммо эмас. Ҳозир хоҳлаганимизча ичишимиз мумкин!” дея ҳайқирди у.

“Хоҳлаган нарсани қила оламиз! Ҳозир ҳаммаси зўр!”

Яқин атрофда жойлашган дўконда спиртли ичимликлар шишаларини кўрдим. Бошқа шаҳарда ҳамкасбим билан куппа-кундузи ахлат қутиси ёнида ётган маст уйғур эркакка дуч келдик. Урумчи сингари йирик шаҳарларда кўплаб уйғур ичкиликка берилган бўлса-да, бир пайтлар Шинжон жанубидаги тақводор қишлоқ жойларида бундай манзарани тасаввур қилиб бўлмасди.

Ҳукумат ҳомийлик қилган экскурсия давомида расмийлар бизни юк машинаси ҳайдовчиси Маматжон Аҳат билан учраштиришди. У Шинжондаги “ўқув марказларидан” бирида вақт ўтказганидан кейин, дин ва экстремизмдан қайтгани ҳамда ича ва чека бошлаганини таъкидлади.

Расмийлар Аҳатнинг сўзларини тинглаб турар экан, у:

“Бу мени очиқ фикрлашга ундади”, деди.

Шинжон расмийлари уйғурлар атеист бўлишга мажбурланмаётгани, аксинча, экстремизм фонида эътиқод эркинлиги ҳимоя қилинаётганини иддао қилдилар. Расмийлар “Уйғурларнинг ҳаммаси ҳам мусулмон эмас”, жумласини тез-тез такрорлашади.

Диний фаолият устидан назорат юмшатилган, лекин чекловлар кўп. Масалан, расмийлар баъзи масжидларни қайта очишга рухсат берган, лекин масжидлар фақат муайян соатларда эшикларини очиши мумкин. Оз сонли қариялар масжидга қатнаётганига гувоҳ бўлдик.

Шинжонда давлат назорати остида шаклланган ўзига хос Ислом талқинини Шинжон Ислом институтида яққол кўриш мумкин.

Давлат назоратидаги институтда ёш уйғурлар Қуръондан оят ўқиб, беш вақт намоз ўқийдилар. Расмийларнинг сўзларига кўра, талабалар Мисрда таҳсил олиш учун грант ва стипендия олишлари мумкин. Бугунга қадар ўн минглаб талаба институтни тамомлаган. Яқинда янги кампус очилган. Аммо янги кампуснинг шундоқ кираверишда полиция бўлими бор.

“Диний эркинлик Хитой конституциясида кафолатланган”, деди талабалардан бири Умар Одилабдулла. Амалдорлар унинг нутқини кузатиб туришди.

Одилабдулла сўзлар экан, мен бошқа ўқувчининг столидаги дарсликни очдим. Унда яхши хитойлик мусулмон мамлакатнинг асосий тили – мандаринчани ўрганиши керак, дея таъкидланганини кўрдим.

“Араб тили Аллоҳнинг мумтоз асарлари тўпланадиган ягона тил эмас”, деб ёзилган эди дарсликда. “Хитой тилини ўрганиш бизнинг масъулиятимиз ва бурчимиздир, чунки биз ҳаммамиз хитойликмиз”.

Китоб саҳифаларини варақлаб, бошқа дарслар устидан ҳам кўз югуртирдим.

“Тинчлик ўрнатгани учун партия ва ҳукуматдан миннатдор бўлишимиз керак”, деб ёзилганди дарслик бобларидан бирида.

“Хитой хусусиятларига эга социалистик Шинжонни қуришга интилишимиз керак. Омин!” деб ёзилганди бошқасида.

Ҳали-ҳануз ҳамма жойда уйғур тилида сўзлашилади, лекин уйғур тили жамоат жойларидан аста -секин йўқолиб бормоқда. Баъзи шаҳарларда янги қурилган бутун бошли маҳаллаларда белгилар фақат хитой тилида ёзилган, уйғур тилида эмас.

Китоб дўконларида уйғур тилидаги китоблар “этник озчиликлар тилларидаги китоблари” деб номланган кичик бўлимларда терилган. Ҳукумат уйғур тилида йилига мингга яқин асар нашр этилишини айтиб мақтанади. Лекин лирик модернист ёзувчи Перҳат Турсун ёки дарслик муҳаррири ва шарҳловчи Ялқун Розий асарлари чоп этилмайди. Улар бошқа таниқли уйғур зиёлилари сингари қамоқда.

Бунинг ўрнига китоб пештахталарида Си Цзиньпиннинг мулоҳазалари, Маонинг таржимаи ҳоли, социалистик қадриятлар бўйича маърузалар ва мандаринча-уйғурча луғатларни топасиз.

Кўплаб уйғурлар – ёшлардан тортиб, кексаларгача ҳали-ҳануз мандаринчани ўзлаштиргани йўқ. Сўнгги йилларда ҳукумат мактабларда мандаринча дарсларини мажбурий қилиб қўйди.

Давлат уюштирган экскурсия чоғида мактаб директори озчиликлар тиллари дарслари борлигини айтиб, уйғур тили муҳофаза қилинаётганини таъкидлади. Аммо бошқа барча дарслар хитой тилида ўтади. Мактабларнинг бирида илинган тахтачада “Мандарин тилида сўзлашинг, стандарт ёзувдан фойдаланинг” деб ёзилганини кўрдик.

Пекин Шинжонда ташкил қилган “қайта тарбиялаш марказлари” кескин танқидга учраб келади. Сиздирилган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, бу иншоотлар аслида ноқонуний лагерлардир.

Бутун дунё эътирозлари ортидан 2019 йилда Хитой расмийлари лагерлар ёпилганини эълон қилди. Айрим марказлар ҳақиқатан ҳам ёпилган кўринади.

Апрель ойида давлат уюштирган экскурсия давомида бизни Пейзават округида бир пайтлар “қайта тарбиялаш маркази” бўлган, ҳозир оддий касб-ҳунар мактаби ўлароқ иш юритаётган марказга олиб боришди. Кампусни оддий панжара ўраб турганини кўрдик. Уч йил олдин айни мактабда тиканли симлар, баланд қўриқчи миноралари ва полиция ходимларига гувоҳ бўлган эдик. Ўзимиз мустақил равишда илгари лагер ўлароқ ишлатилган ва ҳозирда квартира ёки офис мажмуаларига айлантирилган яна учта иншоотни кўрдик.

Аммо қайта тарбиялаш марказлари ўрнига доимий қамоқхоналар қурилган. Афтидан, бундан мақсад вақтинчалик лагерлардан узоқ давом этадиган оммавий қамоқ тизимига ўтишдир. Қишлоқ йўли бўйлаб кетаётганимизда дала ўртасида баланд қўриқчи миноралари бор улкан объектни учратдик. Бошқа бир объектда эпидемияга қарши ҳимоя воситаларини кийиб олган икки киши йўлимизни тўсди. Биз кўрган учинчи объект дунёдаги энг катта қамоқхоналардан биридир. Қамоқхоналарнинг аксари сайёҳлар ва шаҳар марказларидан узоқда, ўрмонлар ёки қумтепалар ортида жойлашган.

Урумчида қурилган модернист мажмуада уюштирилган аксилтеррор кўргазмасида Хитой ҳукумати тарихни қайта ёзган. Гарчи Шинжон ҳар доим Хитой назорати остида бўлмаган эса-да (ҳудуд 1700 йилларда ҳамда ўтган асрда қисқа муддатга мустақил бўлган), ҳудуднинг ўтмиши тарихдан ўчирилган.

“Гарчи ўтмишда Шинжонда баъзи подшоҳликлар ва хонликлар бўлган бўлса-да, уларнинг барчаси Хитой ҳудудидаги маҳаллий тузумлар бўлган”, дейилади экспонатларнинг бирида.

Бу иддао инглиз ва хитой тилларида ёзилган. Кўргазманинг ҳеч бир жойида уйғур ёзуви кўринмайди. Экстремистлардан мусодара қилингани иддао қилинган қурол-яроғ ва бомбалар шиша идишлар ичида кўргазмага қўйилган.

Хитойларнинг анъанавий кийимини кийиб олган уйғур аёл Пекиннинг Шинжон келажаги ҳақидаги тасаввури акс этган видеони тақдим этди.

“Терроризмга ва радикаллашувга қарши курашимиз юксак натижаларга эришди”, деди у мандаринчада.

Расмийлар нечта уйғур ҳибсга олингани ҳақидаги саволларга жавоб беришдан қочди. 2019 йилгача эълон қилинган статистика шуни кўрсатадики, ҳибсга олишлар сони мисли кўрилмаган даражада ошган. 2019 йилдан бери бу статистика эълон қилмайди. Тур давомида расмийлар бизга терроризмга мукаммал ечим топишгани, уйғур маданиятини йўқ қилиш ўрнига, уни ҳимоя қилаётганликларини айтишди.

Бир куни кечқурун мен Оқсув префектураси партия котиби Доу Вангуи, шунингдек, Шинжон Халқ Конгресси раиси ўринбосари Ли Хуэжун ёнида ўтирдим. Уларнинг иккаласи ҳам Шинжондаги бошқа қудратли амалдорлар сингари хан хитойлар.

Қовурилган қўзичоқ гўшти еб, қатиқ ичар эканмиз, анъанавий чопон кийган уйғурлар рақси ва қўшиқларини томоша қилдик. Доу менга ўгирилиб:

“Қаранг, бизда геноцид бўлиши мумкин эмас. Биз уларнинг анъанавий маданиятини сақлаб қоляпмиз”, деди.

XS
SM
MD
LG