Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:56

"Президент уй берди" деб телевизордан раҳмат айттирилган андижонлик аëл "шоу уй"дан чиқарилди (ВИДЕО)


"Президент уй берди" деб телевизордан раҳмат айттирилган андижонлик аëл "шоу уй"дан чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00

Хуршида Тиллаеванинг Озодликка юборган видеомурожаати.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берди.

Озодлик президент ташрифи пайтида “уйга эга бўлди” деган хўжакўрсин спектакль қурбони бўлган бошқа аëллар билан ҳам гаплашди.

Шулардан бири 30 яшар Муяссар Раҳимова “уй олди” деган тадбир пайтида “президентга лойиқ” кийимларни сотиб олишга мажбурланганидан ҳам нолиди.

Андижон вилоят ҳокимлиги вакили Озодлик билан суҳбатда уй олганларнинг берилган хонадонлардан чиқариб юборилганини рад қилди.

Мулозимга кўра Андижон шаҳрининг адирга туташ чеккасидаги “Qorako’l stroy engineering” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиққан лойиҳага кўра 7,5 гектар ерда 108 та таунхаус уй қурилиб¸ унга муҳтож оилалар кўчиб ўтган.

Бир соатлик уй бекаси

Андижонлик икки фарзанднинг онаси¸ тикувчи Хуршида Тиллаева Ўзбекистон президенти Андижонга борган куни бир кунда телеюлдузга айланганини айтади:

-Тикув цехида ишлаб¸ уй учун ариза бериб қўйгандим. Президент келадиган куни Андижон шаҳар ҳокимлиги Хотин-қизлар бўлимидан келиб¸ "мана шу уйга кўчиб кирасиз"¸ деб айтишди. Боғча ходимлари безатиб қўйишган экан уйни. "Ўзбекистон 24" канали мухбири мени видеога олди. "Отам ўлган эди¸ президентим отам ўрнига ота бўлиб¸ уй берди"¸ деб кўзимга ëш олиб гапирсам¸ бутун Андижон кўрибди. Ҳамма мени табриклади. Президент келиб кетганидан кейин бу уйни эгаси бор¸ сизга кейинроқ дом берамиз¸ дейишди. Ўшанда мен бунинг ҳаммаси алдов эканини тушундим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда сохта шоу қаҳрамонига айланган Хуршида.

Унинг айтишича¸ ўша куни жами 8 нафар аëлга уй берилган ва улардан олтитаси президент кетиши биланоқ¸ уйлардан чиқариб юборилган.

Озодлик “президент уй берди” деган спектакль қурбонларидан яна бири билан гаплашди. Андижонлик 30 яшар Муяссар Раҳимова ҳам аввалига уй берилиб¸ кейин қайтариб олинган аëллардан бири эканини тасдиқлади:

- Хурсанд бўлиб¸ йиғлаб президентни дуо қилдим¸ уйлик бўлганим учун. Кўчларингизни эртага обкеласиз¸ президент келганида тугунларингиз дизайнни бузмасин¸ дейишди. Адрасдан кийим тиктиришди ўзимнинг ҳисобимдан. 300 минг сўмга тушди кийим. Болаларингизни ҳам яхши кийинтиринг¸ дейишди. Президент келганида уй олган бахтли оилага яраша кийининг¸ дейишди. Кейин эса¸ хор қилиб камситиб чиқариб юборишди. Бу бир ўйин экан. Президентни алдаш учун биздан ўйинчоқ сифатида фойдаланишди¸ дейди суҳбатдош.

ТВ даги ëлғон қандай ясалди?

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифини ëритган "Ўзбекистон 24" канали таунхаус типидаги ҳовли уйлардан иборат янги массивга 164 оила кўчиб кирганлигини айтади. Ташрифни ëритишда иштирок қилган маҳаллий журналистлардан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликкка баъзи тафсилотларни айтиб берди.

"Президент келиши мумкин бўлган 10 та хонадон ажратиб олинди. Маданият бошқармаси ва боғча ходимлари бу уйларни безашга сафарабар қилинди. Президент билан учрашиши мумкин бўлган аëллар махсус либос дизайнери маслаҳати билан шойи ва адрас кийимлар кийдирилди. Соч турмаги устидан дурра боғлатишди. Президент келишига оз қолганда унинг Дилфуза Ҳожиматова хонадонига келиши билдирилди. Зудлик билан бу оилани безаш бошланди. Қиммат стуллар олиб келинди"¸ дейди суҳбатдош.

Президент билан учрашадиганлар шортлистига кирган бир соатлик “уй бекаларидан” бири Муяссар Раҳимованинг айтишича¸ “спектаклнинг ишонарли чиқиши учун” ташкилотчилар сидқидилдан ҳаракат қилишган:

- Ўша телевизорда кўрган уйдаги жиҳозларнинг ҳаммасини ҳокимият вақтинча олиб келиб қўйган. Ошхонадаги зиравор соладиган кўзалар ва девордаги пальмалар расмигача. "Президентга ортиқча савол берманг¸ фақат дуо қилиб¸ миннатдорчилик билдиринг"¸ деб уқтиришди¸ дейди суҳбатдош.

Андижон вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган вакили президент билан учрашган Дилфуза Ҳожиматова 28 май куни ҳам ўша уйда яшаëтгани¸ қолган аëлларнинг уй-жой муаммoси келгусида ҳал қилинишини билдириш билан кифояланди.

Сув бўйига обориб сув ичирмай келиш маҳорати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласига бориб, ëмон шароитда яшайдиган маҳаллаларни бориб кўриб¸ аҳволни танқид қилган эди.

– Бундай оғир шароитда яшашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, болалар шу шароитда яшаб келаётганига умуман чидаб бўлмайди. Бугун бу ерга келишимдан мақсад одамлар турмуши билан танишиш, ҳамма оилалар учун яхши шароит яратиб бериш, – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг бу гапларини эфирга бериш ортидан "Ўзбекистон 24" канали Андижон шаҳри яқиндаги баҳаво адирликда қурилган қизил томли виллаларни намойиш қилади.

Бу виллалардан бирида меҳмон бўлган президент¸ “мана бўларканку шароит яратса”¸ дейди.

Президентниг бу гаплардан кейин эфирда андижонлик икки фарзанд онаси¸ тикувчи Хуршида Тиллаева тасвири намойиш қилиниб¸ “Тилаклар амалга ошадиган рўза ойида уйлик бўлган бахтиëр она” дея таърифланади.

Тиллаева Озодлик билан суҳбатда президентни алдаб¸ уй олмаганларни олди¸ деб кўрсатган маҳаллий мулозимлар ҳаракатини танқид остига олади:

- Мана яна ўша сносга тушган эски маҳаллада онамнинг xароба уйида яшаяпман. Мени сувга обориб сув ичирмай келганлар маҳоратига қойил қолиб ўтирибман. Берган нарсани қайтариб олган раҳбарларга уят. Ишонтириб қўйиб¸ бизни хўрлаяпти. Бермайдиган бўлса¸ бошида айтиши керак эди¸ дейди суҳбатдош.

Хуршида Тиллаева ўз ҳикоясининг ҳокимлик расмийлари томонидан "ëлғон"га чиқарилиш эҳтимоли кучлилигини яхши англашини айтади.

Шу боис аëл 28 май куни "Ўзбекистон 24" шоусида кийиб чиққан кўйлагини кийиб¸ яшаб турган онасининг ҳовлисидан Озодлик учун махсус видеомурожаат тайëрлаб жўнатди.

Андижонлик Хуршида Тиллаева 28 май куни Озодлик орқали ўзини алдаганларга видеомурожаат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

XS
SM
MD
LG