Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Андижон марказидаги барак уйлар 12 соатлик огоҳлантирувдан сўнг бузилмоқда (ВИДЕО)


Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши
Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов буйруғи билан 8 май куни Андижон шаҳри марказидаги эски уйларни бузиш бошланди.

Уй эгаларига бундай бузилишнинг режалангани 2010 йилдан буён оғзаки тарзда айтилган бўлса-да¸ расмий ëзма огоҳлантириш бузилиш бошланишидан атиги 12 соат олдин берилган.

Янги бозор яқинидаги эски уйлар марказда жойлашгани ва бу ерда ер нархининг қимматлигини айтаëтган уй эгалари шаҳар ҳокимлиги Андижон чеккасидан ваъда қилган 2 сотихлик ер билан бериладиган икки хоналик уйнинг етарли компенсация эмаслигини айтмоқда.

Ҳокимлик расмийлари¸ янги уйларнинг беш ой мобайнида қуриб битирилиши ва унгача уйи бузилганларга коллеж ётоқхонасида яшаб туриш таклиф қилинганини билдирди.

Андижон марказидаги маҳалла аҳолиси куч билан кўчирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:07 0:00

Андижон шаҳри марказидаги Пушкин кўчасида яшовчилардан бир гуруҳининг 8 май куни Озодликка билдиришича, шу кун эрталабдан милиция ходимлари босимида одамлар яшаб турган уйларни бузиш бошланган.

Бу жараëн тепасида бевосита Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевларнинг ўзи турган.

Мустақиллик маҳалла-фуқаролик йиғини раисига кўра¸ бузилишга тушган 93 хўжаликда қарийб икки минг нафар одам яшайди.

Озодлик 8 май куни телефон орқали уйлари бузилаётган аҳоли билан боғланганда, улар бузилиш бошланадиган аниқ куннинг олдиндан айтилмагани¸ милиция зўравонлиги ва ўзларининг кўчага улоқтирилганидан шикоят қилди.

- Кеча кечқурун вилоят ва шаҳар ҳокими келиб, мажлис қилиб айтди. Эталабдан эса милиция билан ҳокимлик ишчилари келиб, куч билан томларимизни очиб ташлади. Мажбурий кўчага олиб чиқиб қўяяпти. Ётоқхонага жойлаштирамиз деяпти, бир хонали ётоқхонада келинларимиз, бўйи етган болаларимиз билан қандай ётамиз, дейди Озодлик суҳбатдошлари.

Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши
Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши

Маҳалла фаолларига кўра¸ Мустақиллик МФЙга қарашли эски уйларнинг баъзилари 20-асрнинг ўрталарида қурилган ва шаҳарни ободонлаштириш дастурига мувофиқ бузилишга тушган.

Озодлик суҳбатлашган уйсиз қолаëтганларнинг айтишича, бузилиш ҳақида гап-сўзлар 2010 йилдан бери мавжудлигига қарамай¸ уларнинг қачон бузилиши ҳақида шаҳар ҳокимлиги томонидан шу пайтгача аниқ расмий маълумот берилмаган.

Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши
Андижон шаҳрининг Пушкин кўчасидаги уйларнинг бузилиши

Уйи бузилишга тушган Шаҳзода Юнусова ўз хўжалигидаги тўрт оила яшаши ва 15 кишилик бу оилага 2 сотих ер бериш айтилаëтганини билдирди:

- Ҳовлимиз эски бўлса ҳам¸ олти сотихли еримиз, беш хонали уйимиз бор. Ана шу 6 сотих эвазига 2 сотих ер бермоқчи. Ўн хўжалик бўлсанг ҳам¸ 2 сотих бераман, деяпти. Опам турмушдан қайтиб келиб икки боласи билан, акам учта боласи билан яшайди, менинг ҳам битта болам бор, турмушга чиқмаган синглим бор. Биз у ерга қандай сиғамиз?, - дейди Шаҳзода Юнусова.

Пушкин кўчасининг 6-уйида яшайдиган Ҳотамжон Тўхтаев маҳаллий ҳокимиятни бузиладиган уй ўрнига тенг қийматли уй-жой бериш ҳақидаги қонун талабларини бузаëтганликда айблайди :

- Бизнинг уй-жойларимиз Янги бозорнинг ёнида. Бу жойнинг ҳар бир метри олтинга тенг. Биз президентнинг қарорларига қарши чиқмаймиз. Майли, шу эски жойларни обод қилиш керак экан, майли деймиз. Лекин, бизни итдай ҳайдаб чиқаришяптида. Ахир чиройли қилиб, бизга шаҳардан уй бериб, рози қилса, биз жонимиз билан чиқиб кетамиз. Булар эса кеча ярим тунгача огоҳлантириш хати тарқатиб чиқишди ва у хатнинг сиёҳи қуримай туриб шаҳар ҳокими 8 май куни эрталаб 400 га яқин ишчи олиб келиб бузишга тушди,- дейди Ҳотамжон Тўхтаев.

7 май куни кечқурун берилган огоҳлантирув хати
7 май куни кечқурун берилган огоҳлантирув хати

Уйи бузилаëтганларнинг айтишича, норозилик билдирганларга нисбатан милиция куч ишлатган.

Озодлик мухбири Андижон марказида бошланган мунозарали "ободонлаштириш" жараëнига оид эътирозларга муносабат олиш мақсадида вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан боғланди. Озодлик мухбири саволини эцитиши билан ҳоким Абдураҳмонов, "мажлисдаман" деб¸ алоқани узиб қўйди.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, бу ишлардан хабари борлигини айтар экан, уйи бузилаëтганларнинг ҳокимиятга эътирози йўқлигини иддао қилди.

“Пропискаси бор оилаларнинг ҳаммаси яхши-яхши жойларга вақтинча жойланаяпти. Гап-сўзсиз, ҳаммаси рози. Арзимаган уйга ҳам ер берилаяпти. Агар ўзлари борса¸ ўша жойдан ер олишолмайди. Ҳаммаёқ қонуний, конкрет ҳужжат билан бўлаяпти. Уларнинг асосий эътирози шаҳар марказидан жой бер¸ деяпти. Тўғри, энди ҳар кимга ёмон бўлса ҳам ўзининг кулбаси азиз, лекин барак уйлар шаҳар ўртасида турса чиройли бўлмайдида”, деди шаҳар ҳокимлиги мулозими.

Мустақиллик МФЙ раиси Одинахон Бакировнинг Озодликка айтишича, ҳокимлик хўжаликдаги ҳар бир оилага 2 сотихдан ер ва уй қуриб беришни ваъда қилган.

Уйи бузилишга тушган фуқаронинг қандай қонуний ҳаққи бор?

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасида “Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар-жой билан таъминлаш” тартиби мана бундай белгилаб қўйилган:

“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликлари бўлган аввалгисига тенг қийматли уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги бошқа турар-жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар-жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим”.

XS
SM
MD
LG