Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Андижонлик 9-синф ўқувчиси тенгдошини пичоқлаб ўлдирди


7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси мактаб ҳовлисида шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган. Халқ таълими тизимида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка айтишича, бу пайтда ўқитувчиларнинг аксарияти шаҳар ҳокимлиги эълон қилган шанбаликда бўлган.

Андижон шаҳар 29-умумтаълим мактабининг 9-синфида ўқийдиган Муҳаммадасрор Собиров 7 апрель куни 10-мактабнинг ҳовлисида пичоқлаб ўлдирилганини шаҳар ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодликка тасдиқлади.

“Воқеа 10- мактабда бўляпти. Шу мактабнинг Ш.А. (Озодликка ўқувчининг исми -шарифи маълум) исмли 9-синф ўқувчиси билан 29-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадаброр Собиров ўртасида телефонда ҳозирча сабаби аниқланмаган жанжал бўлган. Биринчи суриштирувга кўра, қаттиқ ҳақорат эшитган Ш.А. тенгқурини мактабга келишини, у билан разбор қилишини айтган. Муҳаммадасрор ҳам дарсни ташлаб 10-мактабга келган ва тенгдошига қўнғироқ қилган. Шунда Ш.А. бешинчи соатдаги дарсдан чиқибоқ, тенгдошининг юрагига пичоқ урган. Муҳаммадаброр Собиров воқеа жойида ҳалок бўлган”, деди ички ишлар мулозими.

Унинг айтишича, 29-мактаб ўқувчиси Ички ишлар бўлимининг ёмон хулқли болалар рўйхатида турган.

“Айни пайтда терговчилар бу иш билан шуғулланяпти. Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Қотилликда гумонланган Ш.А. ҳибсга олинган”, дейди мулозим.

Воқеа 10-мактаб ҳовлисида содир бўлган. Ушбу мактаб ўқитувчиларидан олинган маълумотга кўра, воқеа содир бўлган пайтда ўқитувчиларнинг аксари шаҳар ҳокимлиги эълон қилган шанбаликда бўлган ва ўқувчилар қаровсиз қолган.

Исми сир қолишини сўраган Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси мулозимининг айтишича, сўнгги пайтда шаҳар мактабларида таълим ва тарбия бўшашиб кетган ва бунга мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг турли ҳашарларга мунтазам жалб қилинаётгани сабаб бўлмоқда.

“Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мактаб раҳбарларини ҳар куни уч марта чақириб, ободонлаштириш ишларига ўқитувчи чиқариш борасида мажлис ўтказади. Йил бошидан буён ўқитувчиларимизда тиним йўқ, дарслар қолиб кетмоқда, тарбиявий ишлар билан шуғулланишга умуман вақт қолмаяпти. Кўча тозалаш, ер чопиш ва гул-кўчатлар экишга ҳар куни ҳар бир мактабнинг камида 30 фоиз ўқитувчиси чиқарилади. Бундай ҳолатда қандай тарбия ҳақида гап бўлиши мумкин. Кўча супираётган ўқитувчининг ўзи ўқувчи олдида обрўсиз бир шахсга айланиб қолди. Ҳеч ким бу нарса ҳақида лом-мим деёлмайди. Гапирса шаҳар ҳокими твардан олиб ҳаромга солиб, сўкади. Ўқитувчиларни хор қилди. Мана кўрасиз, ҳамма айбни яна мактаб директорининг бўйнига қўйишади”, дейди халқ таълими мулозимларидан бири.

Андижон вилоятида ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб, бошқа ишларга сафарбар этилаётгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.

1,5 минг жиноятнинг бир нечаси ҳақда Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси ўзининг қиз курсдошини пичоқлаган эди.

Хусусан, ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Тошкентдаги 1- сонли Тошкент юридик коллежидаги “ваҳшийликлар” ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида ўтган йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG