Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Карантиндаги Андижон президент ташрифи олдидан яна бўяб-безалмоқда


Президент ташрифига кўча бўйларига гуллар экилмоқда
Президент ташрифига кўча бўйларига гуллар экилмоқда

Андижоннинг коронавирус инфекцияси тарқашини тўхтатиш мақсадида ëпилиб¸ шаҳарда карантин режими ўрнатилганига қарамай¸ кейинги бир ҳафта ичида шаҳар ва унинг атрофида юзлаб одам кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалаш ишларига жалб этилмоқда.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, вилоят аҳли президент Мирзиёевнинг пайшанба кунга белгиланган ташрифига ҳозирланмоқда.

Озодликка келган хабар¸ сурат ва видеолардан президент бориши тахмин қилинган объектлар ва марказий кўчалар, бозорлар ҳудудларида ободонлаштириш ишлари кетаëтгани кўрилади.

Шунингдек, бир йил аввал қурилиши бошланган “Андижон фарм” эркин иқтисодий зонасида президент ташрифига кечаю кундуз тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Ҳокимлик: Президент “Малика” лабораторияси очилишида қатнашади

Андижон вилоят ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими президент Мирзиёев “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасидаги илк заводнинг очилишида қатнашиш учун келаëтганини билдирди.

“Андижон-фарм” - Андижон тумани, Хортум қишлоғи Жевачи маҳалласи ҳудудидаги 52 гектар майдонда бир йил аввал ташкил қилинган.

Ўтган йилнинг 14 январь кунги президент фармонида лойиҳани амалга оширишда ҳинд инвесторлари кўмагига таянилиши қайд қилинган.

Шуҳрат Абдураҳмонов Деҳлида шартнома имзолаш пайти.
Шуҳрат Абдураҳмонов Деҳлида шартнома имзолаш пайти.

Фармондан 3 кун ўтиб, Ҳиндистонга шахсан саёҳат қилган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Taj pharmaceuticals limited компанияси билан 10 миллион долларлик шартнома имзоланганини хабар қилган эди.

Абдураҳмоновнинг Фейсбукдаги саҳифасида 2019 йилнинг 17 январь куни эълон қилинган хабарда ҳинд ширкати билан ҳамкорликда ўтган йилнинг ўзидаёқ қўшма корхона ташкил қилиниши ваъда қилинган эди.

Шунингдек, “Андижон-фарм” ҳудудида 2019-2020 йиллар ичида Gold Grown Pharma ва Makro Farm Andijan фирмалари умумий қиймати 1 трлн 20,6 млрд сўм миқдоридаги (хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобига 84 млн долларлик) янги фармацевтика лойиҳаларни ишга тушириши режаланган эди.

Вилоят ҳокимлигига яқин ва “Андижон-фарм” зонасидаги қурилишлардан яхши хабардор тадбиркор Озодлик билан суҳбатда ҳозирча ваъда қилинган лойиҳалардан фақат битта лаборатория қурилиши битказилганини билдирди.

“Фарм зонада (“Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасининг халқ тилида айтилиши. Таҳр.) атиги битта завод битди. “Малика лабараториус” қуриб битказилди. Лекин ҳали фаолият бошлаганича йўқ. Кўпчилик заводларнинг қурилиши чала ташлаб қўйилган. Деворини кўтариб қўйган, чала ётибди. Ҳозир президент келишига ура-сол қилиб, ташқарисини тўғрилашяпти. Карантинга қарамай¸ кечаси билан шаҳар тинчимаяпти. Фарм зонанинг ҳаммаёғини тозалаб, оқлаяпти. Ташқи фасадни безашяпти¸ холос. Ўзи Фарм зонани ҳокимнинг танишлари бўлишиб олган”, деди хавфсизлик боис ўзини ошкор қилмасликни сўраган андижонлик тадбиркор.

Президентнинг Андижонга ташрифи арафасида 30 март куни Бош вазир Абдулла Арипов “Андижон-фарм” бўйича янги қарор имзолади.

Ҳужжатга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичи 10 миллион долларлик бўлиб, уни икки йил ичида амалга ошириш ва 400 та янги иш ўрни яратиш режаланган.

Мирзиёевнинг Андижон сафари мамлакатда коронавирус тарқашини тўхтатиш мақсадида карантин бошланганидан бери президентнинг вилоятларга илк ташрифи бўлади.

Президент ташрифига ҳозирлик

Андижон аэропортидан шаҳарга олиб борувчи йўл – Ҳақан қишлоғи, Чем маҳалласи ҳудудидан ўтувчи марказий кўчаларда бир неча кундирки, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари кетаяпти.

Чем маҳалласидаги кўчада йўл бўйи тозаланмоқда
Чем маҳалласидаги кўчада йўл бўйи тозаланмоқда

Озодликка воқеа жойидан жўнатилган суратларда белкурак ва супурги ушлаган ўнлаб одамнинг йўл ёқасида ишлаётгани акс этган.

Суратларга 30 март санаси муҳрланган, суратлар муаллифи расмларни айнан Чем маҳалласи ҳудудида олганини айтди.

“Ҳалқа йўли, Боғишамол, Чем маҳалласининг аэропорт йўлидаги кўчаларни тозалашмоқда. Ободонлаштириш ходимлари ва оддий одамлар ҳам бор. Карантин пайтида уларни ишлатиш мумкинми ўзи?”.

Бу андижонликнинг айтишича, 31 март куни ҳам айни ҳолатнинг гувоҳи бўлган.

Чем маҳалласидаги йўл бўйи тозаланмоқда. Сурат 30 март куни олинган.
Чем маҳалласидаги йўл бўйи тозаланмоқда. Сурат 30 март куни олинган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб аноним қолишни сўраган Андижон вилоят ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими президент Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи жорий ҳафтанинг пайшанба кунига режаланганини айтди:

“Агар бирор ўзгариш бўлмаса, президентимизнинг пайшанба куни келиши айтилди. Аниқ маълумотни ҳоким ва унинг ўринбосарлари билади. Бизга тайёргарлик ишларини тезлаштириш айтилди”, деди ҳокимлик ходими.

Бу мулозим карантин пайтида мажлисбозликлар тақиқланишига қарамай¸ Андижонда мажлислар тўхтамаётганини ҳам президент ташрифига тайёргарлик билан боғлади.

Президент ташрифи ҳақида Телеграмдаги “Андижон янгиликлари” канали ҳам хабар қилди.

Президент ташрифига Андижоннинг “Ўзбегим” маҳалласидаги 16 қаватлик намунавий уй қурилишини тугатиш ишлари ҳам тезлашган.

“Ўзбегим” маҳалласидаги тайёргарлик. Сурат 30 март куни олинган
“Ўзбегим” маҳалласидаги тайёргарлик. Сурат 30 март куни олинган

Ушбу маҳаллада яшовчилардан бири Озодликка боғланиб, тайёргарлик ишлари акс этган суратларни йўллади.

“Андижон шаҳрининг “Ўзбегим” маҳалласи, “Мусаев” кўчасидаги қурилишлар тасвирланган бу ерда. Муҳтарам президентимиз келишига тайёрланишмоқда. 16 қаватлик намунавий уй, унинг ёнидаги бинолар ҳаммасини усталар таъмирлашмоқда. Кўчаларда ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Биз карантинда ўтирибмиз. Лекин шаҳар ва туманларда барча идоралар президент келишига ишчиларини кўчага ҳайдаган”.

Президент сафари арафасида Озодликка юборилган бошқа суратларда ҳам Файзабод- Марҳамат йўли бўйидаги уйларнинг фасади безатилаётгани, йўл бўйига гуллар экилаётгани акс этган.

Каримовдан қолган "анъана"

Ўзбекистонда президентнинг вилоятларга ташрифидан олдин объектларни чиройли кўрсатиш ҳаракатлари марҳум Ислом Каримов давридан қолган "анъана".

Ўша пайтда бу тадбирларга Бош вазир сифатида бош-қош бўлган Мирзиёев ташрифига ҳам айни шундай ҳозирлик кўриш давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG