Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:57

АҚШ мусулмонлари президент сайловида фаол қатнашади


АҚШ президенти лаозимига номзодлар: Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон.
АҚШ президенти лаозимига номзодлар: Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон.

Овоз бериш учун рўйхатдан ўтган мусулмон америкаликларнинг 86 фоизи 8 ноябрда бўладиган президент сайловида қатнашади. Мамлакатда исломофобия кучайган бир пайтда уларнинг фаол иштироки сайлов натижасига таъсир қилиши мумкин.

Америка-Ислом алоқалари кенгаши Америка бўйлаб ўтказган сўровда жами мусулмонларнинг 72 фоизи демократ номзод Ҳиллари Клинтонга овоз беришини айтган. Фақат тўрт фоизи республикачи Доналд Трампни ёқлаган.

Яна уч фоизи Яшиллар партияси вакили Жил Стейнни танласа, икки фоизи Либертариан партияси номзоди Гери Жонсонни афзал кўрган.

Сўровнинг яна кўрсатишича, мусулмонларнинг 85 фоизи АҚШда сўнгги бир йилда мусулмонларга қарши кайфият кучайганига ишонади. Кенгаш ижрочи директори Ниҳад Авад бунинг сабабини Доналд Трамп, Бен Карсон ва Тед Круз каби сиёсатчилар билан боғлайди.

Сўров қатнашчиларининг қарийб учдан бири, яъни 30 фоизи бир йил ичида ўз ҳаётида айирмачиликка юз тутганини айтган.

-Жамоат жойларида очиқ дискриминация ҳолатлари кўпаймоқда, -дейди Авад.

Мусулмонларнинг 44 фоизи ўзини сиёсий жиҳатдан мўтадил деб ҳисоблайди. 25 фоизи эса либерал. Фақат 11 фоизи консерватив эканини айтган.

Бундай натижа мусулмонларнинг тобора демократлар томон оғиб бораётганини кўрсатади. Ваҳоланки, Америкада ислом дини эргашувчилари азалдан, асосан, республикачи президентга овоз бериб келган.

Аввалроқ ўтказилган яна бир тадқиқотда АҚШ мусулмонларига қарши жиноятлар сони 2001-йил 11 сентябрдан бери кескин ошгани кузатилган эди.

Калифорния давлат университети тадқиқотчилари 20 штатдаги полиция маълумотлари асосида тайёрлаган ҳисоботдан маълум бўлишича, 2015 йилда мусулмонларга қарши 196 та жиноят содир этилган. Бу 2014 йилга қараганда 78 фоиз кўп. Арабларга нисбатан нафрат жиноятлари эса 219 фоизга ошган.

АҚШда жами негизида адоват бўлган жиноятлар беш фоизга кўпайган: 2014-йилда 4139 шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, бу рақам 2015-йилда 4347 га етган. Яҳудий ва гомосексуалларга қарши жиноятлар сони юқори бўлса-да, ўсиш суръати мусулмонларга қаратилган жиноятларчалик эмас.

Адоват ва экстремизм тадқиқотлари маркази директори Брайн Левиннинг айтшича, мусулмонларга қарши жиноятларнинг кўпайишига терроризмга оид хавотирлар, мутаассиблик ва сиёсий даъватлар сабаб бўлмоқда.

"Ҳозир мусулмонлар АҚШда энг кўп ёмон кўрилган гуруҳ. Буни тарғиб қилаётган ижтимоий-сиёсий ҳаракат ҳам бор", - дейди у.

Америкада мусулмонлар 3,5 миллион атрофида бўлиб, аҳолининг бир фоизини ташкил этади. Аммо диний нафратга асосланган барча жиноятларнинг 4,5 фоизи шу дин вакилларига қарши қаратилган.

2015-йилгача АҚШда диний адоватга асосланган жиноятларнинг камайиши кузатилаётган эди, аммо шу даврда ҳам мусулмонларга ҳужумлар сони ўсган.

20 штат орасида ислом дини вакилларига қарши жиноятчилик энг кўп Ню-Жерсида кузатилган. Штатда бундай жиноятлар 250 фоизга ошган. Техасда эса 129 фоиз. Ўз навбатида Калифорнияда 122 фоиз, Теннесида 67 фоиз ўсиш кузатилган.

Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳрида юз берган хуруж ортидан мусулмонларга ҳужумлар сони кескин ўсган. Теннесида ҳарбий базада отишма рўй бериши кетидан ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Жорий йилда ҳам мусулмонларга қарши жиноятлар ўсишда давом этмоқда. Сентябр ойигача Нью-Йорк шаҳрида 21 жиноят содир этилган. Ўтган йили шу давр ичида бундай ҳуқуқбузарликлар сони 10 та эди.

"Ҳар бир жойда нафрат жиноятлари сони ошгандек. Йил охиригача шундай бўладими, йўқми, ҳали кўрамиз", - дейди Левин.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг Президент Жорж Буш Вашингтондаги масжидда исломни тинчлик дини деб атаб, америкаликларни бағрикенгликка чақирган эди. Шундан сўнг мусулонларга ҳужумлар сони камайгани кузатилган эди.

2015 йил 7 декабрида эса республикачилардан президентликка номзод Доналд Трамп мусулмонларни мамлакатга киритмасликни таклиф қилгач, аксинча, бу дин вакилларига қарши жиноий ҳаракатлар 87 фоизга ошди, дейди сотсиолог Левин.

Тадқиқот хулосалари шу мавзуда ўтказилган бошқа илмий изланиш натижаларини тасдиқлайди. Аммо аслида муаммо кўлами бундан каттароқ бўлиши мумкин. Кўплаб таҳдид ва ҳужумлар ҳақида полицияга хабар берилмайди.

АҚШ Адлия вазирлиги озчилик гуруҳларга қарши жиноятга қўл урганлар кескин жазога тортилишини айтади. Аммо таҳлилчилар бундай ҳуқуқбузарликларнинг фақат кичик қисми нафрат жинояти сифатида судланишини айтади.

XS
SM
MD
LG