Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева 2 февраль куни янги - Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондини жамоатчиликка тақдим қилди.
Муқаддам президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори ўринбосари бўлган Мирзиёева, эндиликда, янги фонднинг Васийлик кенгаши раиси ўринбосаридир.
Аввал АОКА директори вазифасини бажарган Комилжон Алламжонов эса янги жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси.
2 февраль якшанба куни Тошкентда ўтган тақдимот маросимида сўзлаган Саида Мирзиёева мамлакатда сўз эркинлигига мустаҳкам асос яратилди, деди ва бунда отаси - президент Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни олқишлади.
"Сўз эркинлигига мустаҳкам асос ярата олдик. Бу Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг натижасидир. Ҳозир ўз ишининг профессионалларини бирлаштириш вақти келди", дея иқтибос келтирди Мирзиёевадан daryo.uz нашри.
Айни пайтда, С. Мирзиёева президентнинг қизи бўлиш осон эмаслиги ҳақида гапирди.
"Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият. Фаолиятим давомида кўп бора мени танқидий таққослаш ҳаракатларини кузатдим. Мен масъулиятни чуқур ҳис қилмоқдаман ва жамоатчиликка фойда келтириш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан", деб ваъда қилган Мирзиёева.
Ушбу маросимда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов ҳам сўзга чиқди.
"Вазирлик ва идораларнинг матбуотга бўлган муносабати тубдан ўзгариб, тан олиш керак, амалдорлар матбуот билан ҳисоблашиб иш кўрадиган бўлди. Энди ушбу жараён ва тизим мендан кейинги раҳбарлар томонидан тўғри ва сифатли давом эттирилиши жуда ҳам муҳим", деб тавсия қилган К. Алламжонов.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш фондининг икки раҳбари келгусида журналист ва блогерларни қўллаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон имижини янада яхшилашни ваъда қилмоқда.
Бунга қадар АОКА директори вазифасини бажарган Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари бўлган Саида Мирзиёевалар 29 январь куни ўз аризасига биноан агентликдан кетган эдилар.
Шу куни Дилшод Саиджонов агентлик директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
АОКА раҳбари ва ўринбосарининг бир кунда ишдан кетиши тор доираларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Айниқса, президент қизининг давлат ишидан нодавлат секторига ўтиши баъзи мустақил фикрловчи фаолларда ташвиш уйғотди.
Ўшандай фаоллардан бири, тошкентлик блогер Анвар Назир “Президент қизи’, “Жамоатчилик фонди” каби иборалар беихтиёр Гулнора Каримова ва унинг Форум фондини ёдга солишини айтди.
Комил Алламжонов 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
2019 йилнинг февралида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилди ва ҳукуматдан Президент администрациясига ўтказилди.
2018 йил октябрида Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинган.
2019 йилнинг 12 апрелида Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директорига ўринбосари этиб тайинланганди.